Жорий йилнинг 27 январь куни «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ (кейинчалик Ўзмиллийбанк) бош биносида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти К.Лимитовский билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар жорий ҳамкорлик ҳолатини муҳокама қилишди, ўзаро манфаатли шериклик муносабатларининг янги ўсиш нуқталари ҳамда инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишди. Хусусан, томонлар инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, транспорт тизими, туризм, кўприклар ва йўллар қуриш, тоғ-кон саноати ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришди.

Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикаси ва ОИИБга аъзо бошқа мамлакатларнинг етакчи молия институтлари билан кўп томонлама амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунлари бўйича «Ўзмиллийбанк» ва ОИИБ ўртасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 декабрдаги 780 сонли «Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки кредит линиясини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига асосан 200 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу келишувнинг асосий мақсади — давом этаётган коронавирус пандемияси оқибатида зарар кўрган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес субъектларига инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш, транспорт ва хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни, кредит ажратиш йўли билан, айланма маблағ билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш.

Имзоланган келишув биринчи навбатда, Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йиллар учун ривожланиш стратегиясини амалга оширишга хизмат қилади. Унинг устувор йўналишларидан бири — миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, шу жумладан, иқтисодиётни либераллаштириш бўйича ҳукумат ташаббусларини бажариш, соғлом рақобатни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини ва мамлакат аҳолиси фаровонлигини яхшилашга ва янги ишчи ўринларини яратишга асос бўлади.

Шунингдек, келишув Ўзбекистоннинг ОИИБга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларини янада кенгайтириш ва уларнинг ҳамкорлик истиқболларини ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) — Хитой ҳукумати ташаббусига кўра ташкил этилган халқаро молия ташкилоти. ОИИБнинг асосий мақсадлари — молиявий ҳамкорликни рағбатлантириш ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш. Ўз ичига 105 та аъзо давлатни қабул қилган. Шундан 50 таси минтақавий аъзолар.

Банкнинг йирик акциядорлари: Хитой — 32 фоиз, Ҳиндистон — 8,9 фоиз, Россия — 7 фоиз, Германия — 4,8 фоиз, Жанубий Корея — 4 фоиз, Австралия — 3,9 фоиз, Франция — 3,6 фоиз, Буюк Британия — 3,2 фоиз ва Ўзбекистон — 0,229 фоиз.

Реклама ҳуқуқи асосида.