АҚШ президенти Жо Байден ва рафиқаси Жилл яна бир уй ҳайвони — Виллоу лақабли икки яшар мушукни асраб олди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Фото: Twitter

«Виллоу Оқ уйга севимли ўйинчоқлари ва ширинликлари билан жойлашмоқда. Бу ерда у кашф қиладиган жойлар кўп», — дея биринчи хонимнинг матбуот котиби Майкл Ла Розадан иқтибос келтирган агентлик. Нашр маълумотларига кўра, Виллоу яшил кўзли кул ранг мушук бўлиб, унинг лақаби Жилл Байденнинг она шаҳри Виллоу Гроув шарафига қўйилган.

Илгари мушук Пенсильваниядаги фермада яшаган. У 2020 йилги президентлик сайловолди кампанияси вақтида саҳнага сакраб чиқиб, биринчи хонимнинг нутқини бўлиб қўйган пайтда Жиллда кучли таассурот қолдирган.

Жилл Байден Виллоунинг суратларини Twitter’га жойлаштирди. «Танишинг, Виллоу!», — дея суратларни изоҳлаган Америка президентининг рафиқаси.

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Оқ уйда 2009 йилдан бери мушук боқилмаган. Ўша пайтда Жорж Бушнинг президентлиги даврида қароргоҳда Ҳиндистон мушуги яшаган.

Виллоу Байденларнинг учинчи уй ҳайвонига айланди. Президент ва биринчи хонимнинг Чемп ва Мейжор лақабли овчарка итлари бор. Чемп Оқ уйда яшайди, Мейжор эса икки кишини тишлаб олганидан кейин Байденнинг Уилмингтондаги шахсий уйига юборилган.