Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг қандай меҳнат тури билан шуғулланиши, кунлик еб-ичиши, кийим-кечаклари учун маблағни қаердан олиши кўпчиликка қизиқ. Айримлар «Маҳкумлар фақат оғир ишларга жалб қилинади, еб-ичишининг ҳам тайини йўқ» деган гумонини ҳам яширмайди. «Дарё» мухбири шу каби қатор саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилоятининг Товоқсой қўрғонида жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясининг ишлаб чиқариш корхонасидан репортаж тайёрлади.

550 нафар маҳкум иш билан банд

Колониянинг ишлаб чиқариш корхонаси директори Муроджон Тожиевнинг маълум қилишича, мазкур муассасада жами 900 нафардан зиёд маҳкум бор. Улардан 550 нафари иш билан таъминланган.

«Корхонада уч сменада иш ташкил этилган бўлиб, пайвандлаш, тикувчилик, ўймакорлик, конверт тайёрлаш, ротанг стол ва стуллар тўқиш, пойабзал ва юмшоқ мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби ўнлаб цехлар мавжуд. Ҳар бир маҳкум қизиқиши, мутахассислиги ва қўлидан нима иш келишига қараб, турли цехларга жойлаштирилади. Баъзиларга устоз-шогирд анъанаси бўйича ҳунар сирлари ҳам ўргатилади.

Ишлаб чиқариш корхонаси директори Муроджон Тожиев

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотуви Республика «Ҳунарманд» уюшмаси, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида йўлга қўйилган. 2021 йилда жами 9 миллиард 230 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва барчаси харидорларга етказилган. Шундан 732 миллион сўми соф фойда», – дейди Тожиев.

«Давлат томонидан уч маҳал овқат ва уст-бош кийим берилади»

Конверт тайёрлаш цехидаги ишчилар учун кунига ўртача 100 дона конверт тайёрлаш мажбурияти юкланган. Бир дона конвертга 25 сўм ҳақ тўланади.

Конверт тайёрлаш цехи

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Оғир меҳнат қила олмайдиган, соғлиғида қандайдир муаммоси бор маҳкумлар мана шундай енгил иш билан шуғулланади. Улар саккиз соатлик иш вақти давомида ўртача 100 дона конверт тайёрлаши шарт.

Ушбу конвертлар шартнома асосида Ички ишлар вазирлигига қарашли турли идораларга етказиб берилади. Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳам шартномамиз бор», – дейди корхона директори.

Қайд этилишича, 1-қаватдаги тикувчилик цехида тикишни ўрганишни энди бошлаган маҳкумлар меҳнат қилади. Бу ерда уч сменада иш йўлга қўйилган. Бир сменада 60 киши ишлайди. Улар аскарлар учун дастрўмолча ва бошқа турли маҳсулотлар тикади. 2-қаватдаги тикувчилик цехида эса кийим-кечаклар тайёрланади.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Аслида, маҳкумлар давлат томонидан уч маҳал иссиқ овқат, уст-бош кийим ва ўзи учун зарур бўлган асосий жиҳозлар билан таъминланади. Корхонада ишлаб топган даромадини бошқа шахсий эҳтиёжлари учун ишлатади, яъни дўкондан маҳсулотлар сотиб олиши мумкин. Ортиб қолган пулини эса уйига юборади», – дея қўшимча қилди Муроджон Тожиев.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Унинг таъкидлашича, ҳар бир фуқаро-маҳкум иш куни якунида ишлаб чиқарган маҳсулотини цех бошлиғига махсус дафтарга имзо қўйиб, кейин топширади.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Цех бошлиғи тайёр маҳсулотларни юк хати орқали тайёр маҳсулотлар омборхонаси раҳбарига топширади. Бу нима учун керак? Маҳкум ой якунида иш ҳақи ёки бошқа ҳолатдан норози бўлса, шу дафтар орқали унинг қай даражада ҳақ ёки ноҳақлиги исботлаб берилади. Қисқаси, қонун ҳужжатлари асосида маошларини ўз вақтида тўлаб бериш йўлга қўйилган.

Маҳкумлар раҳбарият томонидан белгиланган кунлик режани бажармаса, уларга уч маротабагача огоҳлантириш берилади ва бу тартиб рўйхат асосида юритилади. Агар улар шунда ҳам дарс олмаса, жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин уларга хулоса берилади: салбий ёки ижобий», – дейди корхона директори.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«2022 йил бошидан шундай тартиб жорий қилиндики, маҳкум ўзи тайёрлаган маҳсулотни оила аъзоларига совға тариқасида бериши мумкин. Бу жараён қандай амалга оширилади? Маҳкумнинг ўзидан ариза олинади. Аризага асосан, бухгалтерия бўлими орқали ҳисоб рақамидан маҳсулот нархи қанча бўлса, ўша пул ечиб олинади ва маҳкумга квитанция берилади. Маҳкум квитанцияни уйидагиларга топширади ва улар ҳужжатни ҳисоб-китоб бўлимига бериб, ташқари омборхонадан маҳсулотни олиб кетади» – дея изоҳ беради масъул.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Иш вақтида маҳкумларнинг бир-бири билан ўзаро жанжаллашиш ҳолати ҳам кузатиладими, деган саволимизга бундай ҳолатлар кузатилиши, аммо доим ҳам эмаслиги айтилди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тушунтириш ва тарбиявий дақиқалар ўтказилиб, ҳар бир цехда кунлик назоратчи ходим фаолият юритиши таъкидланди.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Жазо муддатини ўташ учун келтирилган фуқаро-маҳкумлар қилмишидан пушаймон бўлиб, қайта жиноят содир этмаслигини англаб етиб, эртага жамиятга фойдаси тегадиган шахсга айланишини, бирор ҳунар ўрганиб, озодликка чиқишини истаймиз. Бунинг учун бу ерда уларга барча шароитлар яратилган» – дейди Тожиев.

Рэпортажнинг тўлиқ вариантини «Дарё»нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.

Миролим Исажонов, журналист

Илҳом Хурсаналиев, тасвирчи ва монтажчи