Актриса ҳамда бошловчи Нигора Каримбоева Yashin TV YouTube каналига берган интервьюсида ўйламай гапирган бир оғиз гапи учун «Олтин ҳумо» тақдирлаш маросими бошловчилиги унга насиб қилмагани ҳақида сўзлаб берди.

Бир томондан кулгим, бир томондан йиғлагим келади. Чунки мени Матёқуб ака ‘Олтин ҳумo’га бошловчи сифатида таклиф қилдилар. ‘Бошловчи сифатида ўзбек тилида эмас, рус тилида олиб боргин, Нигора, чунки бошқа давлатлардан меҳмонларимиз бор, улар русийзабон’, — дедилар.

Хўп, дедим. Сценарий беришди, мен уни русчага таржима қилдим, тайёрландим. Бир кун олдин репетицияга чақиришди. Бордим, ҳеч ким йўқ. Режиссёр ўтирибди, Матёқуб ака ва бошқа ходимлар бор, бошловчилар йўқ. Мен билан Рихситилла, Дилноза Кубаева чиқиши керак. Келдим, матнимни ўқиб бердим. Эртаси куни эрталаб соат 10:00 га чақиришди. Келдим, соат 10:00 да яна ҳеч ким йўқ. Жаҳлим чиқди.

‘Нега булар бунақа, соат 10 га дейилди, келмайдими, менинг ишларим бор’, — дедим. Матёқуб ака ‘Матнингни ўқиб, кейин кетавер’, дедилар. Соат 11 ҳам бўлди, келишди биттадан, Рихситилла келди, Дилноза келди. Лола опам Элтоева ҳаммадан биринчи келдилар.

‘Лола опа, тавба қилдим, қачон шу нарсадан қутуламан?’, — дедим. ‘Нима бўлди, Нигора?’, — дедилар. ‘Нимага мен айтилган вақтга келаман, бу касаллик. Мана ўтирибман, ҳатто сиз кеч қолдингиз’, — дедим.

‘Ҳа, кеч қолдим, театрда ишим бор эди’, — дедилар. ‘Бу касаллик менга умуман ёқмайди, кейинги сафар ҳамма жойга кечикиб келаман’, —  дедим.

Шундоқ оғзимдан чиқди ва фаришталар шу гапимни олиб кетишди. Ўртада съёмкам бор эди, унга бориб келдим. Кейин соат 16:00 да салонга қайтдим, ўзимга қараб, сочларимни тўғрилатгани. Соат 18:00 да концерт. 17:30 да машинамга ўтирдим. Салоним Педагогика институти тарафда, яъни Панорамагача 5 дақиқалик йўл. Машинага ўтирдим, тирбандлик, ҳаракат тақа-тақ тўхтади. Телефон қилишяпти, ‘Нигора қаердасиз’, деб. Силжиб-силжиб, мана Humo’нинг олдига келдим, Телевидение олдига келдим, деб айтяпман. Соат 17:55. Нима қилишимни билмайман. Қалтираб, матним қўлимда, кўйлакларим тайёр, йўлда туфлигимни кийдим, тақинчоқларимни тақдим. Панораманинг олдига келганимда, соат 18:03 эди. Машинамни дуч келган жойга қўйдим-да, киришим билан қўнғироқ қилишди: ‘Нигора, биз бошладик’, – дейишди.

‘Мен чиқиб, қўшилиб олай’, — дедим. ‘Панорамада саҳнанинг орқасидан чиқиш йўқ, фақат саҳнадан чиқиш мумкин экан. Қўшилиб кета олмайсиз’, — дейишди.

Энди тасаввур қилинг, менинг шунча меҳнатим, таржималарим, тайёрланиб келганим... Нима қилишни билмадим, машинамга ўтириб йиғладим, увуллаб йиғладим.

Нигора Каримбоева, актриса ва бошловчи

Шунингдек, актриса интервью давомида Zo‘r TV телеканалида унинг дилини оғритишгани боис тўрт ойдан сўнг у ердан кетгани ҳақида ҳам гапирди.

«Телеканал жамоаси ҳақида гапиришни истамайман. Ўша телеканал олдидан ўтсам йиғлагим келади. Билмадим, нега унақа бўлди. Мен билан ҳеч ким шунақа қилмаган. Ҳаттоки кетганимдан кейин ўша каналдаги бошқа кўрсатувларга меҳмон сифатида ҳам таклиф қилишди. Лекин ўша жойга боргим келмади. Гапирсам, чуқурлашиб кетаман, шунинг учун гапирмайман», — дейди Нигора Каримбоева.