ХХ аср тарихида муносиб ном қолдирган етакчи, ирқий камситишларнинг ашаддий душмани Мартин Лютер Кинг 1929 йилнинг 15 январида Америкада руҳоний оилада дунёга келган. «Дарё» машҳур етакчи туғилган сана муносабати билан унинг энг шов-шувли, ўтмишда «посангиси оғир нутқлар» қаторида турадиган «Умидим шулдирки...» (I ҳаве а дреам) мурожаатини тақдим этади.
Мартин Лютер Кинг бу нутқни 1963 йил 28 августда қора танлилар иш ўринлари ва озодлик истаб Вашингтонга юриш қилган вақтда Линколн ҳайкалининг пойида сўзлаган. Бу Америкада 1955—1968 йилларда давом этган фуқаро ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатидаги энг муҳим палла эди.
Бугун биз сояйи давлатида йиғилган буюк америкалик бундан юз йилча бурун Негрларни озод қилиш тўғрисидаги прокламацияни имзолаган эди. Бу муҳим фармонга адолатсизликнинг куйдирувчи тафтида жизғанак бўлган миллионлаб қора қуллар улуғвор умид майоғи сифатида қарадилар. Уни шодлик тонги, узоқ давом этган асирлик кечасининг интиҳоси деб қабул қилдилар.
Аммо орадан юз йил ўтган бўлса-да, ғоят нохуш бир ҳолатни тан олишимиз керак: негр ҳамон озод эмас. Афсуски, бугун бир аср ўтиб ҳам, негрнинг ҳаёти ҳамон сегрегация (ирқий камситиш шаклларидан бири — таржимон) кишанлари ва дискриминация занжирлари билан зимистонга айлантирилмоқда. Орадан юз йил ўтган бўлса-да, ҳамон негр фаровон ҳаёт уммонининг ўртасидаги қашшоқлик оролида кун кўрмоқда. Юз йилдан буён негр Америка жамиятининг пана-пастқам хилватларида эзилмоқда ва ўз ерида сиғинди мақомида яшамоқда. Бугун биз бу ерга айнан шунинг учун, вазиятнинг нақадар аянчли эканини таъкидлаш учун келдик.
Биз давлатимиз пойтахтига рамзий маънода чек бўйича нақд пул олишга келдик дейишимиз мумкин. Бир пайтлар республикамизнинг тамал тошини қўйганлар Мустақиллик декларацияси ва конституциядаги гўзал сўзларни ёзишар экан, бу билан ҳар бир америкаликка мерос бўлиб қоладиган ўзига хос векселни имзолашган эди. Ушбу вексел билан ҳамма одамларга яшаш, озод яшаш ҳуқуқи, фаровон турмуш кафолатланган эди.
Бугун шу нарса аниқ бўлдики, Америка ўзининг рангли фуқароларига ушбу вексел бўйича тўловни амалга оширишга қодир эмас экан. Қиёмат қарзини қайтариш ўрнига Америка негрларнинг қўлига сохта чек тутқазди, буни эса «маблағ етишмайди» белгиси билан қайтардилар. Аммо биз адолат банки касод бўлганига ишонмаймиз. Улкан имкониятлар хазинасига эга давлатимизда маблағ етишмаслигига ишонмаймиз. Шунинг учун ушбу чек бўйича ҳаққимизни олгани келдик, бу чек бўйича бизга эркинлик ганжи ва одиллик кафолати берилиши керак. Биз бу ерга, бу муқаддас жойга яна Америкага бугунги куннинг қатъий талабини эслатиш учун ҳам келдик.
Ҳозир кўнгилга таскин берадиган чоралар билан ёки тадрижий қарорлар шаклидаги тинчлантирувчи дорини ичиш билан қаноатланиб қоладиган пайт эмас. Сегрегациянинг зим-зиё водийсидан ирқий адолатнинг чароғон йўлига чиқиш вақти келди. Ҳамма имкониятлар эшигини очиш мавриди келди. Бизнинг миллатимизни ирқий адолатсизликнинг билқиллама қумлоқларидан биродарликнинг мустаҳкам қоясига олиб чиқиш фурсати етди.
Негрларнинг қатъиятини етарлича баҳоламаслик ва ушбу фурсатнинг жуда ҳам муҳимлигини эътиборга олмасликнинг оқибати давлатимиз учун ғоят хавфли бўлиши мумкин. Эркинлик ва тенгликнинг руҳлантирувчи кузи келмагунча негрларнинг ҳақли норозилигининг жазирама ёзи тугамайди. 1963 йил интиҳо эмас, ибтидодир. «Негр бир қизишиб кетди-да, энди совийди» деб ўйлаётганлар қаттиқ адашади, чунки бизнинг миллат бундан буён эскича яшай олмайди. Негрга унинг фуқаролик ҳуқуқлари берилмагунча, Америка тинчлик-хотиржамлик нималигини билмайди. Адолатли ёруғ кун келмагунча инқилобий бўронлар давлатимиз асосларини зириллатаверади.
Адолат саройининг табаррук остонасида турган халқимга айтадиган яна бир гапим бор. Ўзимизнинг ҳаққоний ўрнимизни эгаллаш жараёнида бизни ножўя ҳаракатларда айблашларига замин яратиб бермаслигимиз керак. Келинг, озодликка бўлган ташналигимизни алам ва нафрат косасидан сув ичиб қондирмайлик.
Биз ўз курашимизни ҳамиша ўз қадримизни билган ва тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда олиб боришимиз керак. Эзгу мақсадни кўзлаган норозилигимиз зўравонликка айланиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур.
Биз жисмоний кучга руҳий куч билан жавоб бериб, улуғвор юксакликка эришишга ҳаракат қилишимиз лозим. Негрлар жамиятида ҳукм сураётган фавқулодда жанговарлик барча оқ одамларда бизга нисбатан шубҳа, ишончсизлик уйғотмаслиги керак, чунки бизнинг оқ биродарларимизнинг кўпчилиги уларнинг тақдири бизнинг тақдиримиз билан чамбарчас боғлиқлигини, уларнинг эркинлиги бизнинг эркинлигимиз билан муқаррар равишда боғлиқлигини англаб етишган, уларнинг бугун шу ерда ҳозир бўлгани шундан далолат беради. Биз ёлғиз ўзимиз мақсадга эриша олмаймиз. Ҳаракатни бошлар эканмиз, нима бўлганда ҳам олға интилишга қасамёд қилишимиз керак.
Биз ортга қайта олмаймиз. Фуқаролик ҳуқуқларининг фидойи ҳимоячиларидан «Сиз қачон тинчийсиз?» деб сўровчилар бор. Узоқ сафар туфайли йўл азобини тортган биродарларимиз ҳордиқ чиқариш учун йўл бўйидаги мотеллар ва шаҳар меҳмонхоналаридан қўноқ олмагунча биз ҳеч қачон тинчимаймиз. Негрнинг бир жойдан бошқа жойга кўчишининг асосий тури кичик геттодан (гетто — ирқий, миллий ёки диний жиҳатдан паст тутилган аҳоли гуруҳи учун ажратилган квартал, маҳалла) катта геттога кўчиш бўлиб қолаверар экан, биз тинчимаймиз. Миссисипидаги негр овоз бера олмас экан, Нью-Йоркдаги негр эса овоз беришда маъни йўқ деб ҳисоблашда давом этар экан, биз тинчимаймиз. Йўқ, адолат ариғи, одиллик дарёси тўлиб оқмас экан, биз ҳеч қачон тинчимаймиз, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Кўпчилигингиз бу ерга оғир кўргилик ва азоб-уқубатларни бошдан кечириб келганингизни ҳеч қачон унутмайман. Баъзиларингиз турманинг танг-у тор камераларидан тўғри шу ерга келгансиз. Баъзиларингиз озодликка интилишингиз туфайли бошингизга полициянинг қаҳр-у ғазаби ва таъқиб тошлари ёғилган жойлардан келгансиз. Сиз ҳақ йўлида узоқ вақт дард чеккан одамларсиз. Ноҳақ чекилган азоб-уқубатнинг ажри борлигига ишонган ҳолда ишлашда давом этинг.
Миссисипига қайтинг, Алабамага қайтинг, Луизианага қайтинг, шимолий шаҳарларимиздаги геттолар ва хароб маҳаллаларга қайтинг, билингки, бу вазият қандай бўлмасин, ўзгариши мумкин ва, албатта, ўзгаради. Келинг, умидсизлик гирдобида қийналмайлик.
Қулоқ солинг, дўстларим, шунча қийинчилик ва кўнгилсизликларга қарамай, менинг бир умидим бор. Бу Америка орзусига чуқур сингиб кетган умиддир.
Умидим шулдирки, миллатимиз қаддини тик тутадиган ва унинг «Ҳамма одамлар тенг ҳуқуқли қилиб яратилган» деган ақидаси рўёбга чиқадиган кун келади.
Умидим шулдирки, кун келиб Жоржиянинг қирмизи заминида собиқ қулларнинг болалари билан собиқ қулдорларнинг болалари биродарлардай бир дастурхон атрофида ўтира оладиган бўладилар.
Умидим шулдирки, кун келиб ҳатто адолатсизлик ва жабр-зулмдан тинкаси қуриган Миссисипидек саҳройи штат ҳам адолат ва озодлик чечаклари гуллаб-яшнаган воҳага айланади.
Умидим шулдирки, кун келиб менинг тўрт болам уларга терисининг рангига қараб эмас, бор фазилат-у қусурларига қараб баҳо бериладиган мамлакатда яшайдиган бўлади.
Умидим шулдирки, кун келиб ҳозирги губернатор: «Штатнинг ички ишларига аралашманглар, Конгресс қабул қилган қонунларнинг бизга дахли йўқ, уларни тан олмаймиз», — дея иддао қилаётган Алабама штатида вазият ўзгариб, жажжи-жажжи қора болакайлар ва қизчалар жажжи-жажжи оқ болакай ва қизчалар билан худди ака-ука ва опа-сингиллардай қўл ушлашиб юрадиган бўладилар.
Умидим шулдирки, кун келиб барча пастликлар кўтарилади, ҳамма тепалик ва тоғлар пасаяди, қир-адирлар текисликка айланади, қияликлар текисликка дўнади. Яратганнинг буюклиги кўз ўнгимизда намоён бўлиб, барча бандалар биргаликда бунинг гувоҳи бўладилар.
Биз шундан умидвормиз. Жанубга мен шундай ишонч билан қайтаман. Шу ишонч билан биз чорасизлик тоғидан умид тошини кесиб ола оламиз. Шу ишонч билан биз халқимизнинг ғала-ғовур овозини биродарликнинг ажойиб симфониясига айлантира оламиз. Шу ишонч билан биз биргаликда меҳнат қила оламиз, биргаликда ибодат қила оламиз, бирга кураша оламиз, турмага бирга кета оламиз, бир кунмас-бир кун озод бўлишимизни билган ҳолда озодликни биргаликда ҳимоя қила оламиз.
Бу кун барча одамлар ушбу сўзларга янгича маъно бахш этиб куйлай оладиган кун бўлади: «Эй она диёрим, озод, ҳур замин, мен сени мадҳ этгум. Аждодларим хоки ётган муқаддас тупроқ, сайёҳлар мангу интиладиган замин, барча тоғларингда озодлик таронаси таралсин!».
Америка буюк мамлакат бўлиши учун айтганларим рўёбга чиқиши шарт.
Ню-Ҳемпширнинг ажойиб тепаликлари узра озодлик қўшиғи янграсин!
Нью-Йоркнинг азим тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!
Пенсильваниянинг пурвиқор Аллеган тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!
Колорадонинг қор босган қояли тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!
Калифорниянинг эгри-бугри чўққилари узра озодлик қўшиғи янграсин!
Теннесидаги Лукаут тоғи узра озодлик қўшиғи янграсин!
Миссисипидаги ҳар бир адир ва тепалик узра озодлик қўшиғи янграсин!
Ҳар бир тоғ бағрида озодлик қўшиғи янграсин!
Озодлик қўшиғи янграшига, унинг ҳар бир қишлоқ ва овулда, ҳар бир штат ва ҳар бир шаҳарда янграшига имкон берсак, ҳамма одамлар, қоралар ва оқлар, яҳудийлар ва мажусийлар, протестантлар ва католиклар бир-бирларининг қўлларидан тутиб, негрларнинг қадимги маънавий гимнини куйлай оладиган кун келишини тезлаштира оламиз: «Ниҳоят биз озодмиз! Ниҳоят биз озодмиз! Қодир эгамга минг қатла шукур, ниҳоят биз озодмиз!».
Ҳасан Карвонли таржимаси
Изоҳ (0)