Дунё бўйлаб пандемия вақтида ёпилган мактаблардаги юз миллионлаб болалар таълимда орқада қолмоқда. The Guardian нашри тўрт мамлакатдаги ўқувчиларнинг имкон қадар билим олиш, ортда қолган таълимини тўлдиришга уринаётгани ҳақида материал тайёрлади. «Дарё» ушбу мақолани ўзбек тилига таржима қилди.
Бугун юз миллионлаб болалар пандемия пайтида ёпилган мактаблар сабаб ортда қолмоқда. Биз 4 мамлакатдаги ўқувчиларнинг таълимдан ортда қолмасликка интилаётганига гувоҳ бўлдик.
Филиппин
Мактаблар ёпилгани учун болалар саломатлиги ёмонлашдиЎқувчилар охирги марта синфхонага қадам қўйганига 18 ой бўлди. UNICEF маълумотларига кўра, Филиппин коронавирус касаллиги бошланганидан бери болаларга нисбатан карантин чекловлари қатъий ўрнатилган, мактаблари умуман очилмаган 5 та йирик давлатдан биридир.
Оилалар муттасил тартиб-қоидалардан чарчаб кетмоқда. Маниланинг шундоқ биқинидаги қўшни Когеодаги гавжум даҳада яшайдиган Дорина Монсантонинг 6 фарзандидан 4 нафари мактабда ўқийди.
Болалар онлайн дарслар орқали фанларни ўзлаштиришга уринмоқда. Энг бошида Монсантонинг раҳбари берган мобил телефон қизлари – 15 яшар Гизелле Мари ва 12 яшар Жулианна ўртасида бўлишилганди. Улар навбати билан дарс машғулотларини кузатишар, аммо иккиси ҳам бир вақтда тизимга киришга тўғри келса, ўртада баҳс қўзғарди. 8 нафар қариндош ва яна 2 яшар тўполончи, шумтака болакай яшайдиган мўъжаз, ихчам хонадон дарс тайёрлаш учун унчаям мос эмас.
Телефон сингач, қизлар Монсантоникини ишлатишига тўғри келган. Агар она ишга кетгудек бўлса, қизларда дарс тайёрлаш бўйича бошқа восита қолмасди. Уйда бўлганида ҳам аҳвол ўзгармасди – қўшнилар ҳам интернетга уланишга уринаверганидан алоқа сифати ёмонлашарди.
Баҳолари аллақачон пасайган Гизел Мери яна 18 ой давомида ўзлаштиришдан ортда қолишидан Монсанто жуда ташвишланяпти. «Уларда ўқиб-ўрганишга иштиёқ қолмаяпти. Ўрганишни хоҳлаган тақдирларида ҳам нимани ўқиётганларини тушунишмаса, ҳаммаси бефойда. Уларга ўқитувчи керак. Мен эса ожизман. Чунки улар ҳозир ўрганаётган билимларни мен ўрганмаганман», – дейди у.
Филиппиндаги болалар ҳуқуқлари ҳимоячилари узоқ давом этган мактаблар ёпилиши нафақат таълимда, яна ўғил-қизларнинг саломатлиги, одоб-ахлоқи, хавфсизлиги борасида инқирозни чуқурлаштиради.
Камида 1,1 миллион ўқувчи ўтган ўқув йили давомида пандемия зарбаси, масофавий таълим сабаб мактабга қамраб олинмади. Таълим тизимидан кимки узилса, болалар ўртасидаги никоҳ ва зўравонликларнинг турли кўринишлари ошиш хавфи юқори, дейди хайрия ташкилотлари. Ўтган йили Филиппин адлия бўлими ҳисоботида болаларнинг жинсий эксплуатацияси қатъий карантиннинг дастлабки бир неча ойида 264 фоизга ошганини келтиради.
«Жиддий ва фаол курашсиз жуда кўп бола (ўқишни ташлаб юборганлар) таълимга ҳечам қайтмайди», – дейди Болалар юридик ҳуқуқлари ва тараққиёт маркази ижрочи директори Ровена Легаспи. «Бу болалар-у оилалар учун ҳам индивидуал, ҳам ижтимоий даражадаги йўқотишдир».
Карантиннинг энг юқори чўққисида – қатъий чекловлар ичида яшаётган Маниланинг ва яна қўшни вилоятдагиларнинг болалари июлгача парклар-у ўйингоҳларда ўйнаши мутлақо тақиқланган. Айни кунларда пойтахт ҳудудида дельта штамми тез тарқалаётгани учун энг қаттиқ локдаун қайтадан жорий этилмоқда.
Полиция ва қишлоқ нозирлари (barangay tanods) ўта оғир қоидаларни ўрнатиб, ҳатто уйидан ташқарида юрган болаларни қамоққа олиб, жуда шафқатсиз, инсон шаънини таҳқирлайдиган жазоларни қўллаган. Уй-жойсиз, иш изламаса куни ўтмайдиган, кўчада юрмасликдан бошқа чораси йўқ болаларга айниқса, жабр.
Уйда қолган болалар ҳам руҳий саломатлик бобида барқарор ҳолатда эмас. «Бир ярим йил уйга қамалишни шунчаки тасаввур қилинг-а!», – дейди Educo Philippines болалар ҳуқуқлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилоти аъзоси Шиена Бейз.
Бейзнинг айтишича, ҳукумат доимий тартиб ўрнатилган, касалликка чалиниш хавфи паст, болалар керакли асбоб-анжом, қурилмалар билан етарлича таъминланмаган ҳудудларда мактабларни қайтадан очиш зарур.
Ҳукумат айни дамда касалланиш кам ҳудудларда юзма-юз машғулотларни тиклаш учун тахминан 120 та мактабда тажриба синовларини ўтказмоқда.
Болалар хайрия ташкилотлари эса бугунги инқироз келажак авлод тақдирига салбий таъсир этишидан хавотирда. «Ўқишимни тамомлолмадим. Лекин болаларимнинг келажаги меникидан яхшироқ бўлишини хоҳлайман», – дейди Монсанто.
Ҳиндистон
Қашшоқ талабалар рақамли таълим бўшлиғига дуч келишмоқдаМумбайнинг бир четидаги Бандранинг Наргис Дутт Нагар харобаларида яшайдиган 12 ёшли Сонали Кейт 3-синфини тўлиғича пишир-куйдир, уй тозалаш билан ўтказди. У ҳар куни эрталаб 7 да туриб, 19 квадрат метр чиқадиган ҳовлисини супуради, укалари бошқа болалар билан крикет ўйнаётганда, танг-тор йўлакда ўтириб, кеча қолиб кетган идиш-товоқларни ювади.
Мумбайда жойлашган Маҳараштра ҳукумати COVID-19 нинг учинчи тўлқинидан қўрқиб, ушбу чоракда ўқишни тиклашни кечиктирди. Энди Сонали маҳаллий хайрия жамғармаси совға қилган смартфонни онлайн машғулотлар пайти ишлатади. Аммо у ўқишга қайтишни ўйласа, асабийлашади. «Ҳаммаси нотаниш», – дейди у ўқув материаллари ҳақида. «Тарих, география, математика – деярли барча фан бўйича бўшман. Бошқа машғулотлардан анча узоқлашиб кетдим».
2017 йилдан бери Маҳараштра ҳукумати шаҳар бўйлаб бепул Wi-Fi нуқталарини ташкил этди, бироқ Соналининг қишлоқдошлари бу имкониятдан ёки темир йўл бекатларида таклиф этиладиган хизматлардан фойдалана олмайди.
2020 йил августида Мумбайнинг қашшоқ масканларидаги болаларни ўқитадиган 1100 мунисипал мактабдаги 250 минг ўқувчи ўртасида сўровнома ўтказилганда, ҳар уч нафардан бири онлайн дарсларга қатнашолмаслиги маълум бўлган. Сўровномада иштирок этганларнинг 76 фоизида смартфон, 43 фоизининг интернетга боғланиш имкони йўқлиги аниқланган.
Ҳиндистоннинг у-бу ҳудудларидаги айрим мактаблар қайтадан секин-аста очилмоқда, бироқ Мумбайдаги минглаб қашшоқ, оз сонли жамоадан чиққан ўқувчилар ойлаб ўқишга қатнамагани ёки интернет, қурилмаларга киришда қийналгани учун таълимда бўшлиққа дуч келмоқда.
2020 йил февралида Пратам хайрия ташкилоти нашр этган йиллик таълим ҳисоботи рақамли ўқитиш технологиясини Ҳиндистон учун «таъсирли эмас» деб топди. Бор-йўғи 62 фоиз хўжаликда смартфон бор, холос. Ҳисоботда келтирилишича, Ҳиндистоннинг ўта қашшоқ ўқувчилари мактабларнинг узоқ вақт ёпилишидан оғир аҳволга тушиши, кенг миқёсда билим олишдан маҳрум бўлиши, шунингдек, барча давлат мактабларида бепул бериладиган тушликдан бебаҳра қолиб, оч қолишлари мумкин.
Ҳиндистоннинг камида бешта штати, пойтахт Деҳлидаги мактабларни ҳам қўшганда хавфсизлик чораларини кучайтирдилар: босқичма-босқич тушлик танаффуси, дарсга ихтиёрий қатнашиш, синфхоналарда чекланган ўринлар кабилар жорий этилди.
Шунга қарамай, ҳамма ўқувчиям бу ҳудудлардаги мактабга қайтмади. Пойтахтдагилар 9–12 оралиғидаги машғулотларни танлаб, қатнаша оладилар. Катта жанубий штат Тамил Надуда ҳам шунга ўхшаш модель амалда.
Наргис Дутт Нагар харобасидаги Соналининг қўшниси, 14 яшар Алмана Шайх икки укаси мактабни ташлаб кетишгач, оилада ягона ўқувчи бўлиб қолди. «Телефон учун маълумотлар пакетини сотиб олиш қийин», дейди 10-синф ўқувчиси. Рикша ҳайдаб, рўзғор тебратадиган отаси ҳозир уйда ўтириб, наркотикка ўрганиб қолган. Ака-укалари эса гаражда маош олмайдиган шогирд бўлиб ишлайдилар. Онасининг маоши зарур эҳтиёжларни қондиришга учма-уч етади. «Қўлимда хайрия ташкилотлари берган телефон бўлсаям, баъзан етишмовчилик сабаб ҳафталаб дарслардан қоламан», дейди Алмана.
Рақамли ўқув йилининг натижалари ҳам номаълум – на Алмана, на Сонали имтиҳон топшириб, кейинги ўқув йилига ўтганлари маълум қилинган бўлса-да, якуний балл ёки баҳоларини кўрмадилар.
Зимбабве
Ота-оналар ошаётган мактаб тўловларини тўлашга уринмоқдаларСентябрнинг кишининг тинкасини қуритадиган иссиғида бир гуруҳ болалар Зимбабвенинг энг кўҳна шаҳарчаси Мбаренинг кир-чанг кўчаларида пластик копток устида муштлашиб, жиққалашишмоқда.
9 ёшли Танака Маунганидзе рақибларини алдаб ўтиб, қўлбола дарвозага гол уради. Натижага ҳисса қўшганидан ўртоқлари қувончдан ирғишлайди.
Қоп-қора футболка, кул ранг спорт кийимидаги Танака жамоа юлдузи. Ўйнаётган болаларга бош бўлиб, ўткинчиларнинг ҳайратини оширади.
Шу йил мартида COVID-19 нинг Зимбабведа даҳшатли, қаттол учинчи тўлқини бошлангач, мактаб яна ёпилади-ю, ўйин уларнинг кундалик ҳаётига айланиб қолади. Пандемия эълон қилинганидан бери мактаблар 12 ойга тақа-тақ ёпилди.
Униcеф берган маълумотларга кўра, коронавирус Зимбабведа 4,6 миллион боланинг ўқишига таъсир қилган. Футбол Танака ва дўстларини шаҳарча маркази – Ҳараредаги гиёҳвандлик ва жиноятчиликдан асраб қолди.
Ўйингоҳдан хийла олисда ўтирган, кийим-кечак сотувчиси, 42 ёшли Виржиния Читакуня мактабнинг қайта очилишига ҳозирдан тайёрланиб, ўғилларининг пойабзалини қуритяпти.
Ҳукумат ота-оналарга мактаб қайта очилади, деб бир ҳафтадан камроқ муддатни айтган, бироқ ўқув харажатларининг ошгани – болаларни мактабга қайта жўнатмаслик деганидир.
«Мактабларнинг қайта очилишига умуман тайёр эмасдим. Йиғиб-териб қўйганларим ҳам 3 ўқувчи боламнинг тўловига етмаслиги аниқ. Мактаб директорига учраб, ялиниб-ёлвориб тўлов режасини мен учун қайта кўриб беришини илтимос қилишдан бўлак чорам қолмаяпти», – дейди Читакуня.
Омад кулган кунлари беш боланинг онаси 10 долларча пул топа олади. Гарчи бирининг тўловига етса-да, оилани таъминлашга умуман етмайди.
«Бу ерда ҳечам пул етмайди бизга. Болаларим мактабга қайтиши кераклигига ишонаман. Нима бўлса ҳам уларни мактабига жўнатишим шарт. Бўлмаса, уйда қолиш келажакларини барбод қилади. Тўловлар оширилган бўлса ҳам, бу чоракдан ўтиб олишим керак», дейди у.
Мбаредаги ота-оналарнинг кўпи бу ўқув йилида болаларини қайта мактабга жўнатолмаса-да, ўқишнинг бошланиши қашшоқликдан ўлар ҳолатга келаётган шаҳарчада фарзандларини гиёҳванд моддалардан асрашига ишонадилар.
Қашшоқликдан ташқари, метамфетамин номли оқ, шаффоф психотроп дорилар жуда кўп оила учун ҳақиқий хавф, мамлакатда руҳий хасталар сонини оширишда «кўмакчи».
Мактаблар ёпилганининг узоққа чўзилгани минглаб ўсмир қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолишига олиб келди. Ҳукуматнинг айтишича, уларнинг кўпи барвақт турмушга чиқиб ҳам кетган.
Читакунянинг 9 яшар ўғли Келвиннинг айтишича, болакай 6 сентябрдан мактаб очилишини астойдил кутган. Болалар билан кўчада шаталоқ отиб, футбол ўйнашни яхши кўрса-да, китобларидан сира ажралмайди.
«Онамнинг хусусий дарсларга беришга қурби етмайди. Шунинг учун китобларни ўзим уйда ўқияпман. Келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчиман. Бунинг учун жуда қаттиқ ўқишим, ҳаракат қилишимга тўғри келади», – дейди у жилмайиб.
Ота-оналар фарзандлари учун муносиб таълим бўлишига уринаётган бир пайтда, бошқа тарафдан ўқитувчилар ишга қайтишдан аввал маошлари оширилишини талаб этишмоқда.
«Талабалар таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш арафасида. Чунки ҳукумат ўқитувчиларнинг яшаш харажатини тўла қоплаб беришга тайёр эмас», – дейди Қишлоқ ўқитувчилари уюшмаси президенти Оберт Масарауре.
Карантин пайти хусусий таълимга қурби етганлар учраган бўлса-да, интернет нархининг ошиши туфайли масофавий таълим сифати тушиб кетди. Жуда кўп болалар, масалан, Мбаредагилардек мактаблар қайта очилиб, дарслар яна бошланганда тенгдошларидан анча орқада қолгани сезилади.
Болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат муддатни бир ойга чўзди. Аммо Танака билан дўстларини футбол майдонидан синфхонага киритиш учун ота-оналари мактаб тўловларини тўлашга астойдил тер тўкишлари керак бўлади.
Буркина Фасо
Радио дарслар жонга ора кирганда...Буркина Фасонинг Марказий Норд туманида яшайдиган 14 яшар Марям ўтган йили кўкламда ғарбий Африкани чангалига олган COVID-19 пайдо бўлгунча мактабга боришдан чинакамига ҳузурланарди. Қизнинг мактаби ёпилди, ўзи эса бундан кейин нима бўлиши, ўқиши аро йўлда қолиб кетмаслигига қизиқади. Буркина Фасода маҳаллий уй-жойсиз болалар сони ошиб бораётгани ҳам ёмон. Марям эса ярим қурғоқчил Саҳелда, энг қашшоқ ва ўта муҳтож инсонлар орасида яшайди.
Ҳартугул, радио орқали эшиттирилаётган масофавий таълим дастурлари орқали ўқишини давом эттиряпти. Уагадугудаги ҳукумат мамлакат бўйлаб кўпроқ болани қамраб олиш мақсадида радио-дарслар кўламини кенгайтиришни режалаштиряпти. «Улар жуда яхши одамлар. Ўқишдаги даражасизни сақлаб қолишга рухсат берганлари ҳаммасидан яхши», – дейди Марям. Қизгинанинг севимли фани – математика.
Мамлакат 1 октябрдан кўплаб мактабларни қайтадан очишга ҳозирланяпти. Марям эса радио машғулотлар мактабига барвақтроқ қайтишига кўмаклашишига умид боғламоқда. «Шу дастур шарофати билан октябрдан мактабимизга қайтамиз деб ўйлаяпмиз», – дейди у.
Муаллим Арманднинг айтишича, радио дарслар Марямга ўхшаган қизларнинг – жиҳодчилар зўравонлигига учраганларнинг ҳаётини асраб қолди, таълимдан буткул узилишга йўл қўймади. «Бу жуда яхши имконият», – дейди у. «Ушбу дастур сабаб кўча болалари ҳам (чекловлар пайти) ниманидир ўрганди».
Айрим ҳудудлар ҳалигача мудофаачилар назорати остида. Жуда кўп талабалар у ерда таълимнинг бирор шаклисиз қолиб кетмоқда.
Радио дастурлари орқали ташкил этилган машғулотлар ўтган йилдан олдин бутун Буркина Фасони қамраб олганди: мамлакатнинг радио-машғулот билан боғлиқ қизиқ, бой тарихи бор. Бунинг учун 1970 йиллардаги «қишлоқ радиоси»га – деҳқонлар қишлоқ хўжалигига оид энг сўнгги янгилик ва методларни ҳаво тўлқинлари орқали билиб олган даврга қайтиш керак.
Ушбу дастур пандемия давомида сезиларли равишда кенг томир отди ва бугун таълим вазирлигининг 11 миллион фунт стерлинг режасининг бир бўлагига айланиб, «таълим бардавомлиги»ни таъминлашга хизмат қилмоқда. Лойиҳа қучоқ очиб кутиб олинди. Бу фақатгина COVID-19 нинг ташвиш-хавотирини аритишга эмас, балки зўравонлик ва қўпорувчиликлар сабаб охирги 6 йилда мунтазам ёпилиб келаётган мактаблар ўрнини тўлдириш учун ҳам кенг жорий этилмоқда.
UNICEF ’нинг таълим бўйича мутахассиси Дабла Тоур машғулот-дарсларни тарқатиш орқали вазирликка яқиндан кўмак бермоқда ва бунинг давом этиши ўта муҳимлигини айтади. «Янги ўқув йилининг бошланиши – бу яна синфхоналарга қайтиш демак. Бошқа томондан, айни пайтда мактабга қатнамайдиган жуда кўп ўқувчи бор... ва улар шу ҳолича қолса керак. Мамлакатнинг бошқа ҳудудлар билан хавфсизлик ҳолатини кузатганимда, рақамлар ўша ҳудудларда ўсиб бориши мумкинлигини фаҳмладим.
Пандемиядан олдин ҳам Буркина Фасонинг айрим қисмлари ҳарбий гуруҳларнинг мактаб, ўқувчи ва ўқитувчиларга қайта ва қайта ҳужуми сабаб болаларни мактабга қайтариш, таълимга жалб этиш билан курашиб келарди. Таълим вазирлигининг хабар беришича, 2020 йилнинг январь–февралида 330,000 дан ортиқ ўқувчи мактабни тарк этган. Сонлар ўшандан бери камайиш ўрнига муттасил ошиб бормоқда. Май ойининг охирида 2244 мактабнинг ёпилиши 300,000 ўқувчи ва қарийб 12,500 ўқувчи тақдирига таъсир қилди.
Ушбу тартибсизликлар сценарийсига қарши радио-машғулотлар бўлиши «шарт», дейди Иссуфу Уэдраого. «Болаларни асранг» халқаро хайрия ташкилотида ишлайдиган бир мутахассис Буркина Фасонинг таълим вазирига ўринбосар этиб тайинланиб, болаларни ўқишга жалб этиш бўйича маслаҳат беради.
Масофавий таълим юзма-юз ўқитишнинг ўрнини боса олмайди, албатта, дейди у. «Энг яхшиси, таълим олишга қурби етмайдиган инсонлар яшаётган ҳудудларда бунинг муқобил вариантини қўллаймиз. Худди COVID-19 чекловлари пайтидагидек», дея режасини билдиради у. «Айрим ҳудудларимиз қуролли гуруҳлар назорати остида қолмоқда. Ўша ерларда мактаблар бутунлай ёпилган, ўқитувчилар ишсиз. Кўплаб талабалар таълимнинг бирор шаклисиз қолмоқда».
Уэдраого дастурнинг камчиликларини тан олиб, ўта қашшоқ оилалар, Буркина Фасонинг 1,3 миллион бошпанасиз аҳолиси орасида шахсий радиоси йўқлар талай. Мамлакатдаги энг кўп ёпилган мактаблар асов, бўйсунмас Саҳел ҳудудига тўғри келади. «Болаларни асранг» халқаро хайрия ташкилоти қўллаб-қувватлайдиган жамоат бирлашмалари оилалар орасида радиоларни тақсимлаб, уларга мактабдан ташқари энг яхши таълим олиш йўллари бўйича маслаҳат бермоқда.
Тоури ва Уэдраогонинг мукаммал бўлмаган тизимни таъкидлашига қарамай, ҳечдан кўра машғулотларнинг борлиги ҳам яхши: мактаблар дарвозаси қайта очилгунча «ўрганиш одати» бардавом бўлиб туради. Бу борада Марям билан Арманднинг тажрибаси бор. Бироқ иккисининг кўзи келажакка қаттиқ тикилган. «Ушбу янги ўқув йилида болалар худди аввалгидек ўз мактабига қайтишини умид қилиб қоламан», – дейди Арманд.
Изоҳ (0)