Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Юздаги доғлар аксарият аёл-қизларнинг энг катта муаммоларидан бири ҳисобланади. Кўплаб мутахассислар доғларни умуман йўқотиб бўлмаслигини, айримлари эса кетказиш учун кўп йиллар кераклигини айтишади. Хўш, қайси фикр тўғри? Доғлар бир умрлик ҳуснбузарми ёки вақтинчалик касаллик белгиси? Нега юзга доғ тушади? Уни даволашнинг қандай йўллари бор? Аслида, юзга доғ туширмаслик учун нималарга аҳамият бермоқ керак? Бу каби саволларга тажрибали косметолог Шаҳноза Гулямова батафсил жавоб берди.

Фото: Instagram / @kosmetolog_shahnoza

Фото: Instagram / @kosmetolog_shahnoza

Шаҳноза Гулямова 42 ёшда. Бирлашган Араб Амирлигида, Санкт-Петербург, Франция, Монако, Испания ва Италия давлатларида косметология бўйича таҳсил олган. 2014 йилдан буён Ўзбекистон ва Саудия Арабистонида ҳам фаолиятини олиб боряпти.

Нима сабабдан юзга доғ тушади?

Юзга доғ тушишига жуда кўп омиллар сабаб бўлади. Биринчидан, бу наслий ҳам бўлиши мумкин. Бошқа ҳолларда эса ҳомиладорлик даврида организм бир маромда ишламаслигидан, гормонал бузилишларда, ошқозон ичак касалликларида, жигар гепатит, гепатоз бўлганда, ҳатто пала-партиш овқатланиш натижасида ҳам юзга доғ тушади. Қолаверса, аёл-қизларимизнинг қуёш нурларидан сақланмаслиги ҳамда тажрибасиз косметолог ҳузурида нотўғри танланган юз парваришлари ҳам юзимизда ёқимсиз асоратини қолдиради.

Яна доғларни кўпайтирадиган энг катта сабаблардан бири — бу уйқусизлик. Соат 21:00 да ётиб, эрталаб 07:00 да уйғонадиган аёл-қизларга қараганда, кечаси бир-иккида ухлайдиган мижозларимиз кўпроқ доғларидан шикоят қилиб келади. Боиси ёшартириш, бахт гормони серотонин ва мелатонин ҳам вақтида ухлаб, вақтида турганда организмда яхшироқ ривожланади.

Бизнинг момоларимиз эрта ётиб, қуёш чиқмасдан уйғонишган. Шунинг учун юзларида на ажин, на доғ бўлган. Чунки уларда ҳамма нарса меъёрида бўлган.

Доғлари кўплигидан асабийлашаётган мижозларимизга доимо тўйиниб ухлашлари кераклигини маслаҳат бераман.

Фото: Instagram / @kosmetolog_shahnoza

Фото: Instagram / @kosmetolog_shahnoza

Даволаш усуллари ҳақида

Фаолиятимда мен ҳеч қачон тезда доғларни даволашга киришмайман. Чунки соғлом организмда доғ бўлмайди. Биринчи бўлиб мижозимга анамнез йиғиб келишини айтаман. Шунга қараб тўғри муолажа усулларини танлайман. Ҳамда муолажалар давомида мижозимизнинг ўзи ҳам бизга ёрдам бериши керак. Яъни анамнезда келиб чиққан камчиликларни, масалан, ўт-пуфак касал бўлса, гастроэнтерологга бориб, ошқозон-ичакларини даволаши лозим. Чунки ични даволамасдан, ташқи томондан доғларни йўқотиб бўлмайди.

Ҳозирда тиббиёт жуда ривожланиб кетган. Доғ кетказишда лазерлардан фойдаланамиз. Мезотерапия, лазертерапия қиламиз. Мижозимиз эса даволаш вақтида ҳар доимгидан кўпроқ юзларини қуёшдан ҳимоя қилишлари керак бўлади.

Фото: Google Images

Фото: Google Images

Доғларни бутунлай йўқотиш мумкинми?

Доғларни йўқотишнинг аниқ муддати белгиланмаган. Кимдадир уч ойда, кимдадир олти, қолганларида бир йил. Ҳар бир мижоз доғининг катта-кичиклигига қараб муолажа вақти чўзилаверади.

Аммо мен ҳузуримга келган мижозларга ҳеч қачон доғларни кетказишга кафолат бермайман. Доғлар хоҳ лазер ёки бошқа муолажалар, ҳатто операция орқали кесиб, олдириб ташласин, барибир юздан тўлиқ кетмайди. 10-15 фоиз сояси қолади.

Фото: Google Images

Фото: Google Images

Муолажаларнинг нархи қанча?

Процедуранинг нархи 300 минг сўмдан бошланади.

Албатта, бошқа косметология марказларида бу муолажанинг нархи салоннинг жойлашуви, ижара пулига қараб ўзгариши мумкин.

Бизда аниқ бир хил нарх йўқ. Чунки мижозларимизнинг шароитига қараб ишлаймиз. Масалан, моддий томондан қийналган, аммо юзидаги доғлари сабаб оилавий муносабатлари ёмонлашаётган аёлларимизга муолажани бепул қилиб берамиз.

Мақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган «Коsmed» косметологик марказига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Изоҳ
Асосий янгиликлар