1963 йил 22 ноябрь куни АҚШнинг амалдаги президенти Жон Кеннеди Техас штати пойтахти Даллас шаҳрида ўз кортежида аҳоли билан учрашиш учун кетаётган эди. Унга штат губернатори, рафиқаси ва полиция ҳамроҳлик қилаётган бўлиб, президент Lincoln Continental кабриолетида халқ олдидан ўтаётганди. Кутилмаганда ўқ овозлари эшитилади… Президент оғир жароҳатлар билан касалхонага олиб кетилади. Бутун Америка халқи бу суиқасддан шок ҳолатига тушади. Мамлакат президент ўз кортежида, полиция ҳамроҳлигида шундоққина одамлар олдида қотил нишонига айланганди.

Жон Кеннеди қандай президент эди?

Жон Кеннеди АҚШнинг 35-президенти бўлиб, у бу лавозимга 1961 йили демократлар партиясидан сайланади. Иккинчи жаҳон уруши фахрийси бўлган Кеннеди ҳокимият тепасига келгач бир қатор ижтимоий ислоҳотлар ўтказади. Солиқлар камайтирилиб, ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтирилади.

Кеннеди президентлигининг асосий воқеалари сифатида СССР билан коинотни эгаллаш пойгасини бошлаш, Берлин ва Кариб инқирози ҳамда АҚШдаги ирқий камситишларни йўқотиш учун жиддий қадамлар ташлаш кўрсатиб ўтилади.

Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар ва қора танли фуқаролар ҳуқуқларини ошириш тўғрисидаги қонун ўта консерватив кучларда Кеннедига қарши кайфиятни кучайтиради. Кеннедининг рақиблари уни АҚШни йўқ қиладиган «коммунист» дея атайди. Аммо халқ Кеннедини қўллаб-қувватлаётган эди. 1963 йил март ойида ўтказилган сўровномада 74% америкаликлар Кеннедининг иккинчи марта сайланишига овоз беради.

Жон Кеннеди

Фото: Time

Кеннеди ўта либерал етакчи эди. Гарчи у Совуқ урушнинг чўққиси ҳисобланувчи Кариб инқирози ташкилотчиларидан бири бўлса-да, тинчлик учун курашишга тайёр эканини кўп бора таъкидлайди. 1963 йил 10 июндаги маърузасида Кеннеди СССР билан муносабатларни яхшилаш ҳақида тўхталиб, ўзининг машҳур нутқини сўзлайди.

Бизнинг умумий жиҳатимиз шундаки, барчамиз шу сайёра аҳолисимиз. Бир ҳаводан нафас оламиз. Фарзандларимиз келажаги учун яшаймиз. Ва биз ҳаммамиз бир кун келиб ўламиз.

Жон Кеннеди

Кеннедига айнан қайси сабаб туфайли суиқасд уюштирилгани унинг қотиллари аслида кимлар эканлиги тўла аниқ бўлмаганлиги сабабли мавҳум. Айтиш мумкинки, Кеннедининг баъзи қарорлари(хусусан, пўлат соҳасидаги қонун) президент ва саноат монополлари орасида келишмовчилик келтириб чиқарганди.

Далласга ташриф

Жон Кеннедининг Техасга боришидан уч асосий мақсад бор эди: демократларнинг президентлик кампанияси учун кўпроқ маблағ йиғиш, 1964 йилги бўлажак сайловлар учун ҳаракатни бошлаш ва олдинги сайловда аранг ғалабага эришган Техасда (ҳатто Далласда мағлуб бўлган) сиёсий ташвиқот ўтказиш. Шунингдек, Кеннеди унга қарши кураш олиб бораётган Техас Демократлар партиясининг бир қанча етакчи аъзолари билан ўртадаги ихтилофларни йўқотишни ҳам ният қилади.

Сафарда президентга аёли Жаклин Кеннеди ва вице-президент Линдон Жонсон ҳамроҳлик қилади. 21 ноябрь куни Техасга етиб келган Кеннеди штатга икки кунлик ташрифини бошлайди. Кўпчилик Техасда Кеннедига қарши кайфият кучлилигини айтса-да, президент Сан-Антонио, Ҳюстон ва Форт-Уэртдаги учрашувларда аҳоли томонидан илиқ кутиб олинади.

22 ноябрь тонгида Далласнинг Лав Филд аэропортига қўнган Жон ва Жаклин Кеннеди

Фото: The Day

Қотиллик

Эртаси куни эрталаб президент ва биринчи хоним Форт-Уэртдан Далласнинг Лав Филд аэропортига қисқа парвоз қилади. Бу ерда уларни Техас губернатори Жон Конналли ва унинг аёли Нелли Конналли кутиб олади. Улар президент ва губернатор оиласи учун махсус келтирилган Lincoln Continental кабриолет лимузинида навбатдаги аҳоли билан учрашиш жойи — Даллас савдо маркази томон йўл олади.

Кортеж Даллас шаҳрининг чеккасидаги Дили Плаза парки бўйлаб ҳаракатлана бошлайди. Президентни кўп сонли полиция, қўриқчилар ва аҳоли вакиллари кузатаётган эди. Lincoln’нинг орқа ўриндиғида президент ва биринчи хоним, ўрта ўриндиқда эса губернатор ва унинг рафиқаси ўтиради.

Президент кортежи кўп қаватли мактаб китоб омбори ёнидан ўта бошлайди. Табассум қилган президент кабриолетда одамларга қўл силкитиб кетарди. Соат 12:30 ларда снайпернинг ўқ овози янграйди…

Кеннедига уч марта ўқ узилади. Биринчи ўқ унинг бўйнини тешиб ўтиб, олдинда ўтирган губернатор Конноллининг тиззасини ҳам яралайди. Иккинчи ўқ президентнинг орқа мия соҳасига йўналтирилади. Президент Жон Кеннеди рафиқаси ва Америка халқи кўз ўнгида суиқасд қурбонига айланади. Ҳаваскорлар камерасига тушиб қолган ушбу кадр бутун дунёни ларзага солади.

Қотиллик юз беришидан бир неча дақиқа олдин олинган расм

Фото: History

Президент ва губернаторни дарҳол Паркленд касалхонасига олиб боришади. Бироқ уринишларга қарамай президент ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмайди. Соат 13:00 президент Кеннедининг вафот этгани расман эълон қилинади. Губернатор Коннолли эса омон қолади.

Ўша куни зудлик билан Вашингтонга қайтган вице-президент Линдон Жонсон самолётнинг ўзидаёқ АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари олдида президентлик қасамёдини қабул қилади.

Қотилнинг ҳам қотиллик қурбонига айланиши

Қотилликдан кейинги бир соат ичида АҚШ ва дунё Кеннеди ўлимидан хабар топгач, қотилни излаш драммаси бошланади. Қотил деб собиқ АҚШ денгиз пиёда аскари, бир неча йил СССРда яшаган ва китоб омборида бир ойдан бери ишлаб келаётган Ли Ҳарви Освалд гумон қилинади. Ўқ гилзалари китоб омборининг олтинчи қаватидан топилади. Қаватнинг бошқа еридан эса милтиқ ҳам топилиб, қурол Освалдга тегишли эканлиги аниқланади.

Полиция дарҳол Освалдга қидирув эълон қилади. Освалдни йўлда кўриб қолган полициячи Типпит уни қўлга олишга ҳаракат қилади. Аммо Освалд уни отиб ўлдиради. 13:50 да Освалд Техас театрида ёнида қўлга олинади.

Полиция Освалдни қисқа сўроқ қилади, у ўзига қўйилган айбловларни рад этади. Шундан сўнг расмийлар Освалдни Даллас полиция ертўласидан округ қамоқхонасига ўтказишга қарор қилади. 24 ноябрь куни президент қотилининг кўчирилишини кузатиш учун кўплаб оломон ва журналистлар етиб келади. Освалднинг олиб чиқилиши жонли эфирда намойиш қилинади.

Освалд полиция маҳкамасидан олиб чиқилган пайтда, Далласдаги тунги клуб эгаси, уюшган жиноятчилик билан алоқаларга эга бўлган Жек Руби оломон орасидан чиқиб унга қарата ўқ узади. Бу воқеани бутун Америка ва жаҳон халқи жонли эфирда кузатиб туради. Роби сўроқ пайтида бу ҳаракатни Кеннеди ўлимидан қаттиқ ҳаяжонда экани сабаб содир этганини иддао қилади. Суд уни ўлим жазосига маҳкум этган.

Ли Ҳарви Освалднинг ўлдирилиши

Фото: WFАА

Освалд икки кун олдин президент Кеннеди вафот этган Паркленд касалхонасига олиб келинади ва шу ерда у ҳам ҳаёт била видолашади. Шу тариқа президент ўлимининг ягона гумонланувчиси йўқотилади (ёки йўқ қилинади).

Деярли ҳеч ким ишонмаган Уоррен ҳисоботи

АҚШда кўпчилик Кеннедининг ўлимида СССР ва Кубанинг қўли борлигини тахмин қилади. Бунга асосий сабаб Освалднинг Москвада яшагани ва қотилликдан бироз олдин АҚШга қайтиб келгани эди.

Қотилликни тергов қилиш учун Конгресс қарори билан янги президент Линдон Жонсон томонидан комиссия тузилади. Комиссия унга бошчилик қилган Олий суд раиси судья Эрл Уоррен исми сабаб «Уоррен комиссияси» номини олади. Уоррен комиссияси 1964 йил 24 сентябрда президент Кеннеди қотиллиги бўйича 888 бетлик якуний ҳисоботни Линдон Жонсонга топширади. Ҳисобот орадан уч кун ўтгач матбуотда эълон қилинади.

Ҳисоботда президент қотили Освалд мутлақ бир ўзи ҳаракат қилган деган хулосага келинади. Освалд қотили Роби ҳам ёлғиз ҳаракат қилган дея айтилади. АҚШ қонунчилигига кўра, ўлган одамга нисбатан жиноий иш очиб бўлмайди. Шундай бўлса-да Освалд президентнинг ягона қотили деб топилади ва сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинади.

АҚШда ҳам, бошқа дунё давлатларида деярли ҳеч ким бу ҳисоботга ишонмайди. Чунки АҚШдек давлат президентига қарши фақат бир киши фитна уюштириши имконсиз эди. Кейинчалик бу суиқасд ҳақида турли назариялар пайдо бўлади. Уларда гумондор сифатида Кеннеди билан муносабатлари ёмон бўлган Америка монополистлари, шунингдек, Кеннеди билан зиддиятда бўлган Техас губернатори Коннолли ва ҳатто президентлик сайловида партия етакчилигини Кеннедига бой берган вице-президент Линдон Жонсон ҳам кўрсатилади.

Кеннеди хотираси

Америка аҳолиси Жон Кеннедини АҚШнинг энг буюк ўн президентидан бири деб ҳисоблайди. АҚШдаги кўплаб кўча ва биноларга Кеннеди номи берилган. Шунингдек Нью-Йоркдаги халқаро аэропортлардан бири ҳам Жон Кеннеди номи билан аталади.

Кеннеди ва унинг ўлими ҳақида бир неча фильмлар олинган. Унинг тасвири 50 сентлик тангаларга туширилган. Ҳарвард университетининг факультетларидан бирига ҳам Кеннеди номи берилган.

Кеннедининг кейинчалик икки тарафдан келган ўқдан жароҳат олгани ҳақида фактлар пайдо бўлади, аммо бугунги кунга қадар Кеннедига суиқасдни айнан кимлар уюштиргани номаълумлигича қолмоқда. Суиқасднинг ягона гумондори ёхуд аъзоси Ли Ҳарви Освалд эса ҳеч қандай маълумотларни очиқламасдан ҳаёт билан видолашди.

Муаллиф:Муҳаммадқодир Собиров