ХХ асрнинг иккинчи ярми инсоният тарихидаги энг мураккаб, бутун дунё фақатгина икки қутбга бўлинган қалтис давр ҳисобланади. Капиталистик мафкура ҳукмронлик қилувчи АҚШ ва ғарбий Европа давлатлари коммунистик СССР, Хитой ва шарқий Европа давлатлари билан ҳар соҳада рақобат олиб боради. Тарихда «Совуқ уруш» деб номланган бу қарама-қаршиликнинг интиҳосини, яъни коммунистик мафкура таназзулини бошлаб берган «бахмал инқилоби» ҳақида «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров ҳикоя қилади.

Анча олдинроқ — «Прага баҳори»

Шарқий Европада биринчилардан бўлиб коммунистик партия ва СССР бошқарувига чек қўйган «бахмал инқилоби» ёки «юмшоқ инқилоб» Чехословакиядаги биринчи коммунизмга қарши ҳаракати эмасди. Мамлакатда инқилобдан 19 йил олдин (1968) ҳам қизил байроқ сабаб қон тўкилганди.

Ўшанда давлат раҳбарлигига СССР томонидан тайинланган Александр Дубчек давлатда либерал ислоҳотлар ўтказади. Жумладан, иқтисодий ҳамда маъмурий ислоҳотлар ўтказилиб, ОАВ ва фуқароларга сўз эркинлиги берилади.

Аммо Дубчекнинг бу ислоҳотлари СССР юқори доираларига ёқмайди. Совет раҳбарлари Чехословакиядаги жараёнларни коммунистик партия фаолиятига таҳдид сифатида кўради. Қолаверса, КГБ зобитлари ислоҳотлардан сўнг СССРнинг Чехословакиядаги таъсири камайишидан ҳам хавотирга тушади. Шундан кейин расмий Москва Чехословакиядаги назоратни йўқотмаслик учун мамлакатга қўшин киритишга қарор қилади. 1968 йил 21 августда Варшава шартномасига аъзо давлатларнинг ярим миллионлик қўшини Чехословакияга бостириб киради. Совет қўшинлари Прага кўчаларига кириб, талабалар намойишини бостиради.

«Прага баҳори». Совет танклари Прага кўчаларида

Фото: Эуротопиcс

Иттифоқчилар қўшинига қаршилик кўрсатган юзлаб инсонлар ўлдирилади. Александр Дубчек ҳокимиятдан олиниб, унинг ўрнига советпараст Густав Гусак тайинланади. Дубчек ислоҳотларининг баҳор фаслида амалга оширилган ва тезда тугатилгани учун бу воқеалар тарихда «Прага баҳори» номи билан қолади. Воқеа изсиз кетмади, чехларда СССР ва компартияга бўлган нафрат кучайиб борди.

Ян Оплетал ва халқаро талабалар куни

Ян Оплетал Прагадаги Карл университетининг талабаси бўлиб, Чехияда у фашистларга қарши кураш рамзига айланган.

Ян Оплетал

Фото: РусТеам

1939 йил Чехословакия республикаси ташкил топганининг бир йиллиги муносабати билан немисларга қарши ўтказилган норозилик намойишида ёш талаба Ян Оплетал ҳам қатнашади. Ушбу митинг шафқатсизларча бостирилиб, Оплетал ўқ узилиши натижасида қорнидан жароҳат олади ва касалхонада вафот этади.

15 ноябрда Ян Оплеталнинг дафн маросимида минглаб талабалар қатнашади ва бу Германияга қарши норозилик намойишининг иккинчи тўлқинига айланиб кетади. Бунга жавобан Чехиядаги барча коллеж ва университетлар ёпилади, 1 200 дан ортиқ талаба концлагерларга юборилади.

17 ноябрь куни Прагада намойишларда қатнашган тўққиз нафар талаба қатл этилади. Бу воқеа бутун дунёни ларзага солади. Қатл қилинган талабалар хотирасига 17 ноябрь Халқаро талабалар куни деб эълон қилинади. Чехиянинг ўзида эса бу сана Озодлик ва демократия учун кураш куни сифатида нишонланиб келинади.

Инқилобнинг бошланиши

Чех мухолифати 1985 йилда бошланган СССРдаги қайта қуриш режасидан сўнг мустақиллик учун дадил ҳаракатлар амалга оширишга қарор қилади. 17 ноябрь чех халқининг ҳақиқий кураш кунига айланади. 1989 йилнинг шу кунида Ян Оплетал вафотининг 50 йиллигини хотирлаш юриши уюштирилади. Талабалар Ян Оплетал ҳалок бўлган кун муносабати билан Прага маркази — Вацлав майдонига қадар хотира юриши ташкил қилмоқчи бўлади.

Фото: AFP

17 ноябрь тонгида 15 мингга яқин талабалар рухсат берилган намойиш учун Праганинг Альбертов туманида тўпланади. Улар Вишеград қўрғонида Оплетал тобутига гуллар қўйиш ва шамлар ёқиш маросимидан сўнг тарқала бошлайди. Бироқ минглаб талабалар юришни ҳукуматга қарши намойишга айлантириб, Вацлав майдони томон ҳаракатланади. Талабаларга шаҳар аҳолиси ҳам қўшилади.

Аммо полиция намойишчиларнинг Вацлав майдонига етиб боришга рухсат бермайди ва йўлларни тўсиб қўяди. Полициячилар кўпчиликни калтаклайди ҳамда 40 дақиқалардан сўнг барча тарқатиб юборилади.

«Буюк мақсадлар учун буюк ёлғонлар лозим»

17 ноябрдаги воқеалар ҳукуматнинг аҳоли билан мулоқот қилишни хоҳламаслигини кўрсатади. Халқ орасида полиция аралашуви натижасида инсонлар қурбон бўлди деган миш-мишлар тарқала бошлайди.

Намойишнинг эртаси куни талаба Мартин Шмиднинг (аслида давлат хавфсизлик хизмати ходими Людовик Зифчак) ҳалок бўлгани ҳақида ёлғон хабар тарқалади ва бу тезда катта резонансга сабаб бўлади. Ёлғон ўлим ҳақидаги хабардан сўнг Прага университети талабалари ҳукуматга қарши норозилик акцияларни бошлайди, бошқа олийгоҳлар ҳам уларга қўшилади. Прага театри ишчилари бошлаган иш ташлаш бутун мамлакат бўйлаб ёйилади.

19 ноябрь куни Чехияда барча мухолифат кучларни бирлаштирган «Фуқаролик форуми», Словакияда эса «Зўравонликка қарши кураш жамияти» тузилади. «Фуқаролик форуми»га атоқли чех сиёсий арбоби, либерал Вацлав Гавел раҳбарлик қилади.

Фото: «Ведемости»

Норозилик ва иш ташлашлар бутун республика бўйлаб давом этади. 25 ноябрь куни бўлиб ўтган Прагадаги митингда 800 минг киши иштирок этади.

Ғалаба ва бўлиниш

Ниҳоят 28 ноябрь куни коммунистик ҳукумат ҳокимиятни топширишни эълон қилади ва эртаси куни Чехословакия парламенти Конституциядан коммунистик партиянинг етакчи роли ҳақидаги моддани олиб ташлайди. Орадан роппа-роса бир ой ўтиб қайта ташкил этилган парламент Вацлав Гавелни президент, Александр Дубчекни эса парламент раиси этиб сайлайди. Шу тариқа тарихга «бахмал инқилоби» ёхуд «юмшоқ инқилоб» номи билан кирган чех инқилоби ҳеч қандай қон тўкишларсиз амалга ошади. Қаттиқ тўқнашувлар ва қон тўкишларсиз амалга оширилгани учун бу инқилоб юқоридаги номни олади. СССР бу воқеаларга ҳеч қандай тарзда аралашмаганлиги чех инқилоби ғалабасида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Совет давлатининг ўзи бу пайтда ички муаммолар гирдобига тушиб қолган эди.

1990 йил Чехословакийда бўлиб ўтган демократик сайловларда Вацлав Гавел ғалаба қозонади. У Чехословакиянинг иккига — Чехия ва Словакияга ажралишига ҳеч қандай қаршилик қилмайди ва буни демократик жараён сифатида кўради. 1993 йил 1 январдан Чехословакия расман икки мустақил Чехия ва Словакия давлатларига ажралади. Бўлиниш ҳам юмшоқ тарзда бўлиб, барчаси тинч ўтади.

Вацлав Гавел (ўртада)

Фото: «Ведемости»

Шундай қилиб чех ва словак халқларини коммунистик режим ва СССР бошқарувидан халос қилган «бахмал инқилоби» деярли ҳеч қандай зўравонликларсиз ўтказилгани сабаб тарихдаги энг машҳур инқилоблардан бирига айланди. Кўп ўтмай коммунистик мафкура қуёши бўлмиш СССРнинг ўзи ҳам парчаланиб кетади. Словакияга нисбатан Чехия давлати жуда тез тараққий этди ва катта иқтисодий ўсишга эришди. Бугунги кунда 17 ноябрь Чехияда озодлик ва демократия учун кураш куни сифатида нишонланиб келинади.

Муаллиф:Муҳаммадқодир Собиров