Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси ўзбекистонлик журналистлар учун Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида жойлашган «Қоратов» уран конига пресс-тур ташкил қилди. Кон «Росатом» давлат корпорацияси таркибига кирувчи Uranium One компанияси ҳамда «Казатомпром» МАКнинг тенг улуши асосида ташкил қилинган «Қоратов» ҚК МЧШнинг тўлиқ мулки ҳисобланади. Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари уран қазиб олиш жараёни билан тўлиқ танишди.
Кон Туркистон шаҳри марказидан икки юз километр узоқликда — Сузоқ туманида жойлашган.
Уран конида биронта кончини учратиш амри маҳол. Бу ерда ҳеч нарса қазилмайди, майдаланмайди, кўпчилик конларда бўладиган экскаваторлар ҳам йўқ. Чиқинди ёки ўралар ҳам кўзга кўринмайди.
Кенг майдонда кўзга ташланадиган ягона нарса бу — ердан чиқиб турадиган бир метр баландликдаги қора қувурлар.
Аввалида руда аниқланган жойда қудуқ қазилади. Қудуққа қувур ўрнатилади, улар орқали, тахминан, ярим километр чуқурликка сулфат кислотаси юборилади. У уранни эритади, юзага келган суюқлик эса насос орқали сўриб олинади. Бу ерда қанча сулфат кислота юборилган бўлса, шунча миқдори насос билан юзага олиб чиқилади. Исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Шунинг учун ҳам уранни ер остидан ишқорлаш усулида қазиб олиш — энг самарали технология ҳисобланади. Чунки бу усул экологик жиҳатдан қулай, хавфсиз, йўқотишлар минимал даражада.
Уран қудуқлардан қазиб олингач, қувурлар орқали қайта ишлаш ускуналарига бориб тушади. Уранни маҳсулот ҳолатига келтирадиган барча кимёвий ва физикавий жараёнлар кондаги махсус корпусда жойлашган йирик цистерналарда рўй беради. Бу ерда деярли 95 фоиз иш автоматлаштирилгани боис ишчилар фақат кузатувчи вазифасини бажаради.
Қайта ишлаш заводида уран ион алмашинадиган қатрон, яъни сорбент ёрдамида ажратиб олинади. Сорбент қоришмада ўз ионларини уран ионларига алмашиш хусусиятига эга материал. Уран чўкмаси фильтрлаш орқали қуритилади, сариқ рангли кукун ҳолатидаги жисм, уран оксиди буюртмачиларга юборилади.
Маълумот учун, «Қоратов» конида уранни саноат йўли билан қазиб олиш 2009 йилда бошланган. Коннинг ишлаб чиқариш қуввати 3200 тонна уран ҳажмига тўғри келади.
Бу ерда қарийб 500 киши меҳнат қилади. Ишчилар тўлиқ икки ҳафта меҳнат қилади, қолган икки ҳафтада эса дам олади. Кон ҳудудида ишчиларнинг ишдан кейинги вақтини мазмунли ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, катта бассейн, спортзал, футбол ва баскетбол майдонлари кончилар ихтиёрида. Шунингдек, улар ҳар йили анъанавий тиббий кўрикдан ўтказилади. Конда жорий этилган қатъий хавфсизлик назорати туфайли ишчиларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган касалликлар аниқланмаяпти.
Шунингдек, «Қоратов» саноат майдончаси яқинида жойлашган қишлоқ аҳолиси турмуш сифатини оширишга ҳам бееътибор эмас. Жумладан, уруш қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш, даромади паст оилалар, ёлғиз оналарни озиқ-овқат маҳсулотлари, қиш даврида кўмир билан таъминлаш ҳамда кўчаларни ёритиш каби ишларни амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)