Ўзбекистонда 12 ёшдан катта болалар ҳам коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланишга рухсат берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Таъкидланишича, коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг 12-15 ёшдаги болаларда ўтказилган клиник синовларининг натижалари мазкур вакцинанинг юқори даражада самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатган.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 12 ёшдан юқори болаларни ва ўсмирларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш тавсия этилди. Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, юртимизда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш имконияти мавжуд», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь куни Ўзбекистонга 1,2 миллион доза Pfizer/BioNTech вакцинаси олиб келинган эди.

Маълумот учун, мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланди. Эмлаш ихтиёрий ва бепул, вакцина олишдан бош тортганларга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Июнь охиридан бошлаб эса Тошкентда 18 ёшдан ошганлар коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланганди.