Ўзбекистондаги «Менинг юртим» (MY5) телеканали муаллифлик ҳуқуқларини бузгани учун жаримага тортилди, дея хабар қилмоқда Интеллектуал мулк агентлиги.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 11 август куни Интеллектуал мулк агентлигига «Ўзбекистон кино ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси» аъзоларининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати келиб тушди.

Мурожаатда MY5 телеканали томонидан «Ўзбекистон кино ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси»нинг ўз аъзоларига тегишли бўлган кинофильмлар уларнинг рухсатисиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатилгани таъкидланган.

Мазкур маъмурий иш материаллари Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан кўриб чиқилиб, «Менинг юртим» телеканалининг мансабдор шахсига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси (муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) билан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

Бундан аввал Шерали Жўраевнинг қўшиғини рухсатсиз куйлаган СанЖай маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳамда «Шайтанат» сериали видеопарчаларидан зиғир оши учун реклама сифатида фойдаланиб, муаллифлик ҳуқуқини бузган фуқаро жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.