29 август куни Венгрия халқи хотирасида унутилмас сана ҳисобланади. 1526 йилнинг шу кунида бўлиб ўтган муҳорабадан сўнг Венгрия Европанинг катта ва қудратли давлатидан, унча катта бўлмаган, ҳарбий ва сиёсий қудрати паст давлатга айланди. «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров усмонлиларнинг Болқонда эришган энг муҳим ғалабаларидан бири — Моҳач жанги ҳақида ҳикоя қилади.

Моҳач жангини Венгрия тарихидаги энг драматик ва муҳим воқеа деб айтиш мумкин. Қудратли султон Сулаймон олдида тиз чўкишдан бош тортган қирол Лайош II, улкан Усмонийлар салтанати билан тенг бўлмаган урушга киради. Тобора кучсизланиб бораётган Венгрия қироллиги Усмонийларга қарши туриш учун Европадан ўзига иттифоқдош топа олмайди ва султон Сулаймоннинг улкан қўшини билан ёлғиз курашишга мажбур бўлади. 1521 йилда бошланган уруш ҳаракатларининг ҳал қилувчи жанги Венгрия жанубидаги Моҳач текисликларида бўлиб ўтади. Шу ерда венгер қўшини турк армияси билан тўқнашади.

Жангдан олдинги вазият ҳақида

Дастлаб эътиборимизни XVI асрнинг иккинчи чорагида Европа ва Яқин Шарқдаги аҳволга қаратсак. Қитъанинг кучли давлатлари ҳисобланувчи Испания ва Франция Италиядаги можаролар билан банд эди — Аппенин яриморолинг бой ерларини рақибга жангсиз топшириш мумкин эмасди. Немис давлатлари эса деҳқонлар қўзғолони ҳамда диний ихтилофлар сабаб қарама-қаршиликлар ва курашлар ичида қолганди. Шарқий Европа ҳам нотинч бўлиб, тўхтовсиз қўзғолонлардан ташқари, минтақада Польша, Австрия ва Венгрия ўртасида кескин кураш кетаётганди.

Бу пайтда Яқин Шарқнинг асосий давлати бўлмиш Усмонийлар салтанати эса аксинча, ўз қудратининг чўққисига чиққанди. Султон Салим I (1512—1520 йиллар) ҳукмронлиги даврида турклар назорати остидаги ҳудуд икки баравар кўпайди. Султон шарқ ва жанубдаги улкан ҳудудлар — бутун Кичик Осиё, Ироқнинг катта қисми, Кавказорти, Фаластин, Ҳижоз, Миср ҳамда Месопотамияни ўз империяси таркибига киритди.

1520 йилда султон Салим I вафот этгач, Истанбул тахтига унинг 26 ёшли ўғли Сулаймон ўтирди. Ёш султонга қудратли ва замонавий армияга эга улкан давлат мерос қолди. Сулаймон иқтидорли сиёсатчи бўлиб, тахтга келиши билан дарҳол ғарбдаги қўшнилар: Австрия, Венгрия ва Молдова билан муносабатларга эътибор қаратди.

Венгрия қироллигидаги сиёсий аҳвол

1520 йил бошларига келиб Усмонийлар салтанатининг Европадаги чегараларида мустақил ва кучли давлат сифатида фақат Венгрия қироллиги қолади. Аммо XV аср охиригача Европанинг энг қудратли давлатларидан бўлган Венгрия қироллиги Усмонийлар билан бошланажак уруш арафасида таназзулга юз тутади.

Султон Сулаймон I (чапда) ва қирол Лайош II (ўнгда)

Фото: Google Images

Қирол Матяш Ҳуняди (1458—1490 йиллар) даврида Венгрияда бир қатор молиявий ва ҳарбий ислоҳотлар ўтказилади. Усмонийлар ҳужумига қарши туриш учун Польша ва Австрия билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилинади. Хорватия ва Чехия Венгрия қироллигига бўйсундирилади.

Бироқ Матяш вафотидан сўнг мамлакатда сиёсий аҳвол ёмонлашади. Матяш Ҳуняди ўзига қонуний меросхўр тайинламагани сабабли унинг тахтини Польша қироли Владислав (1490—1516 йиллар) эгаллайди. Зодагонларнинг қўллови орқали Уласло II номи билан тахтга ўтирган Владислав маҳаллий дворян ва зодагонларга кўплаб ерлар беришга мажбур бўлади ва бу қирол ҳокимиятини заифлаштиради. Бундан ташқари дворянларнинг тобора кучайиб борган зулмига қарши мамлакатда 1514 йилда қўзғолон кўтарилади.

Ёш қирол

Уласло II вафотидан сўнг 10 ёшли Лайош II мамлакат қироли деб эълон қилинади. 1522 йилгача давлатни унинг амакиси зодагонларга таянган ҳолда бошқаради ва айнан унинг даврида пойтахт Будага султон Сулаймон элчилари келади. Султоннинг ўлпон ҳақидаги талабига венгер зодагонлари такаббурлик билан рад жавобини беради ҳамда элчиларни қамоққа ташлайди. Бунга жавобан Султон Сулаймон 1521 йилда Венгрияга қарши юриш бошлади.

Беш йиллик уруш

1521 йилнинг ўзида «Венгрия калити» ҳисобланувчи Белград қамал қилинади. Ҳимоячиларнинг қаттиқ қаршилигига қарамасдан шаҳар усмонлилар қўлига ўтади ва туркларнинг кейинги ҳаракатлари учун таянч нуқтага айлантирилади. Венгер кучлари шаҳарни қайтариб олишга уриниб ҳам кўрмайди ва асосан мудофаа жанглари олиб боради.

Беш йил давомида асосан позицион урушлар бўлиб ўтади, султоннинг бошқа фронтлардаги ҳаракатлари сабаб Венгрияга қарши катта куч ташланмайди. Ниҳоят 1526 йилда султон Сулаймон Венгрияга ҳал қилувчи зарбани беришга қарор қилади ҳамда юз мингдан ортиқ қўшин ва 300 артиллерия қуроли билан Буда томон йўлга чиқади.

Моҳач жанги

Фото: Alchetron

Усмонийлар армиясининг йўлга чиққанидан хабар топган Лайош II қўшин йиғиш ишларини бошлайди. Бироқ венгер дворянларининг кўпчилиги унга келиб қўшилмайди. Қолаверса, қўшин йиғиш ишлари жуда секин олиб борилади ва турк қўшинлари мамлакат чегарасига етиб келгандагина қирол султонга қарши юришга отланади.

Турк қўшинининг йўналишини улар Болқон тоғларидан ўтмагунча аниқлаб бўлмасди. Шунинг учун Лайош II ўз кучларини учга бўлади. Уларнинг бирини Алп тоғларидан Трансилванияга ўтиш жойларини қўриқлаш учун юборади. Иккинчиси эса Кристоф Франкопан бошчилигида кичик хорват кучлари эди. Асосий армияга қиролнинг ўзи қўмондонлик қилади. Қўшин венгер отлиқларидан ташқари немис, испан ва чех ёлланма аскарларидан иборат эди. Туркларнинг пойтахт томон ҳаракатланаётганини эшитган Лайош II уларни Моҳач ботқоқ-текисликларида кутиб олишга қарор қилади.

Қиролнинг нима учун улкан турк қўшини очиқ жангга киришга қарор қилгани ҳозиргача номаълум. Эҳтимол қирол турк отлиқ аскарларининг (сипоҳлар) ботқоқликда қийин ҳаракатланишини кўзлаб шундай қарорга келган бўлиши мумкин. Бироқ Усмонийлар қўшини ўз тарихида ҳеч қачон отлиқларга суянмаган, турклар ғалабаларининг асосий омили яничарлар(махсус пиёда аскарлар) ва замонавий артиллерия қуроллари эди.

Моҳач текислиги

Ёзнинг охирида икки қўшин Венгрия жанубидаги Моҳач текислигида учрашади. Венгер қироли қўл остида ўттиз мингга яқин аскар ва 53 дона артиллерия қуроли бор эди. Султон Сулаймоннинг таслим бўлиш ҳақидаги таклифига Лайош II қатъий рад жавобини беради.

Моҳач майдонининг жанубида кичик тепалик бўлиб, усмонли қўшини шу ерга жойлашади. Тепалик туркларга венгерларнинг ҳаракатларини кўришга халал беради ва Румелия қўшини тепаликдан ўтиб қароргоҳ тиклашга юборилади. Бутун усмонли қўшини билан жангда ғалаба имконияти йўқлигини англаган Лайош II уни қисмларга бўлиб енгишга қарор қилади ва Румелия қўшинига ҳужум қилишни буюради.

Моҳач жанги

Фото: Турк миниатюраси

Турклар ҳали чодирларни тикмасданоқ венгер енгил қуролланган отлиқлари (венгер қўшинларининг асосий кучи) ҳужумга шошилади. Воқеаларнинг бундай ривожини умуман кутмаган усмонли аскарлари орқага қараб қоча бошлайди. Бу муваффақиятдан кейин анча дадиллашган венгер кучлари олдинги интилади. Бироқ Румелия қўшини ҳужумга учраганини эшитган султон дарҳол яничар ва сипоҳий қисмларини жанг майдонига ташлайди.

Усмонийлар артиллериясининг моҳирона бошқарилиши ва яничарларнинг душман марказини тор-мор қилиши жанг тақдирини ҳал қилади. Турк қўшинларининг бутун кучлари жангга кирганини кўрган венгер отлиқлари жанг майдонини ташлаб қочиб кетади, фақатгина ёлланма аскарлар охиригача қаршилик кўрсатади. Аммо қуршовга олингач улар ҳам усмонлиларга таслим бўлади.

Қирол Лайош II эса қочаётган пайтида Дунай дарёсига сакрайди ва чўкиб кетиб, ҳалок бўлади. Деярли барча венгер генерал ва етакчилари асир олинади ёки ўлдирилади. Венгер қўшинининг умумий талафоти 14 мингдан зиёд бўлгани деб айтилади. Турклар эса 1000—2000 киши атрофида талафот кўради.

Жанг натижаси

Моҳач майдонидаги ғалабадан бир неча кун ўтгач усмонлилар қўшини Будага кириб келади. Гарчи 1541 йилга келибгина Буда тўлиқ турклар қўлига ўтган бўлса-да, Моҳач жангидан сўнг Венгрия қироллиги ягона ҳудуд сифатида тугади. Унинг ғарбий, кейинроқ шимолий қисмлари Австрия назоратига ўтади. Марказий ва жанубий ҳудудлар эса Усмонли империяси томонидан эгалланади.

Австрия ва Усмонийларнинг Венгрия устидан ҳукмронлик учун доимий курашлари натижасида венгер ҳудуди талон-торож бўлади, қишлоқларда одам сони камайиб кетади, улкан солиқлар натижасида аҳоли қашшоқлашади.

Венгрия қироллигининг бўлиб олиниши

Фото: Pinterest

Кўпгина венгерлар Моҳач жангини мамлакат тарихидаги ҳал қилувчи бурилиш деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича айнан шу жанг мустақил ва қудратли Европа давлатининг тугашига сабаб бўлган. Ҳозирда ҳам венгерлар орасида бирон омадсизлик юз берса «Моҳачда бундан ҳам кўпроқ йўқотилган» ибораси мавжуд.

Усмонли салтанати учун эса Моҳачдаги ғалаба Болқонда мутлақ ҳукмронлик қилиш имконини берди. Эндиликда яриморолда туркларга қарши тура олувчи давлат қолмаганди ва усмонлиларнинг кейинги нишони Марказий Европа — Венага қаратилади.