Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ИИББ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Б. дори воситаларини қиммат нархларда муомалага киритиш орқали ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, бошқа бир фуқарога Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган 20 дона «Ремдесивир» дори воситасини ҳар бирини 900 минг сўмдан, Украина давлатида ишлаб чиқарилган 20 қути «Сереброкурин» дори воситасини ҳар бир қутисини 410 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 9900 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. хорижда ишлаб 130 дона «Ковифор» дори воситасини ҳар бир донасини 650 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 84,5 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.
Худди шундай, фуқаро Р.Ш. ва Ф.А. олдиндан тил бириктириб, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 21 дона «Ремдесивир» дори воситасини ҳар бир донасини 850 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 17,8 миллион сўмга сотган вақтида Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Юнусободда 100 дона қалбаки «Ремдесивир» дорисини 4700 АҚШ долларига сотаётган шахслар қўлга олингани, Яккасаройда ноқонуний равишда 76,8 миллион сўмга «Ремдесивир» дорисини сотаётган шахслар қўлга олингани ҳамда Оҳангаронда пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини 160 миллион сўмга сотаётган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди.