Апрель ойида ташкил этилиб, бор-йўғи 72 соат яшаган Суперлига лойиҳаси иккинчи ҳаётини бошлаши мумкин.

Фото: Twitter

Дастлаб Суперлигада 12 та жамоа бор эди: «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус», «Милан», «Интер», «Челси», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль». УЕФА ва ФИФА мустаҳкам ҳимоя қўрғонини эгаллади, мухлислар норозилик билдирди, Британия ҳукумати ва қироллик оиласи бу ишга аралашди. Шундан сўнг «Реал», «Барселона» ва «Ювентус»дан бошқа барча жамоалар халқ ғазабидан қўрқиб, мусобақадан чиққанини эълон қилди.

УЕФА айбдорларни кечирди ва уларга рамзий жарима белгилади: ҳар бир клубга 7 миллион фунт ва соврин учун бериладиган пулнинг 5 фоизи олиб қолинадиган бўлди. Қолган учта жамоага УЕФА қаттиқроқ жазо тайинламоқчи эди — Чемпионлар Лигасидан четлатиш. Ташкилот Мадрид судига мурожаат қилди, лекин улар апелляциясини рад қилди ва Суперлига асосчилари жазога тортилмаслигини айтди.

УЕФА Мадрид судининг Европа Суперлигаси клубларига тақиқлар қўймаслик талабини бажармади. Ташкилот Европа Иттифоқи судида ғалаба қозонишига ишонган.

Мадрид суди УЕФАдан Суперлига таъсисчиларига нисбатан қўйилган тақиқларни олиб ташлаганини оммавий эълон қилишини сўраган. Ундан ташқари Англия ва Италия федерацияларига клубларни жазолаш ҳуқуқи йўқлигини эслатиб ўтишни ҳам талаб қилган. Федерациялар Суперлигага қўшилган ва ундан сўнг бу ғоядан воз кечган жамоаларни жазолаш ҳақида ўйлаган эди.

УЕФА эса ҳеч қайси талабни бажармади. Ташкилот бу судда ютиб чиқишига ишонганди.

«Суперлига ғояси ўлган. Мухлислар уни ўлдиришди, у энди қайта тирилмайди», — деган УЕФА вакилларидан бири.

УЕФА Суперлига асосчиларига қарши бўлиб ўтган судда ютқазди

УЕФА бошқа жамоаларга белгилаган жаримасини ҳам қайтаришига тўғри келди.

Фото: Getty Images

Суд қарори «Барселона», «Реал» ва «Ювентус»ни руҳлантириб юборди: энди улар икки ҳисса куч билан Суперлига учун курашга киришди. Уларнинг мақсади УЕФА монополиясига чек қўйиш. Жамоалар биргаликдаги аризасини эълон қилди:

«Бизнинг қарзимиз — футбол олдида турган жиддий муаммоларни ҳал қилиш. УЕФА ўзини Европа мусобақаларини ўтказиш бўйича ягона ташкилот ва қонун чиқарувчи деб атади. Бу монополистик ва зиддиятли позиция футболга зарар етказиши мумкин. Европа футболидаги молиявий назорат адолатли эмас. Европа мусобақаларида иштирок этадиган клубларга бошқариш ҳуқуқи кафолатланиши керак.

Энди УЕФА томонидан бўладиган таҳдидлардан халос бўлганимиздан хурсандмиз. Мақсадимиз барча томонларнинг: мухлислар, футболчилар, мураббийлар, клублар, миллий ва халқаро лига ҳамда федерациялар қизиқишларини инобатга олган ҳолда Суперлига лойиҳасини ривожлантиришда давом этиш.

Таклифимизнинг баъзи элементларини қайта кўриб чиқиш кераклигини тушунамиз ва уларни мулоқот жараёнида амалга оширса бўлади. Европа Иттифоқи қонунларига бўйсунадиган лойиҳамиз муваффақиятига ҳали-ҳамон ишонамиз».

Суперлига ташкил этилишининг сабаби: УЕФА пулларни бўлишишни истамаслиги

УЕФА президенти Александер Чеферин футболга бўлган чуқур муҳаббати туфайли Суперлигага қарши курашмоқда деб ўйласангиз катта хато қиласиз. Барчаси молиявий оқимларни назорат қилиш билан боғлиқ: Суперлига таъсисчилари янги медиа музокаралари — ҳомийлик шартномалари бўйича вето ҳуқуқини талаб қилди. УЕФА 51% овозни ўзида сақлаб қолишни, қолган 49% овозни эса бўлишишни мақсад қилганди. Бу эса Флорентино Перес ва Андреа Анеллига ёқмади: улар УЕФА монополиясисиз клублар кўпроқ пул ишлаб топишига ишонарди.

«Чемпионлар Лигаси ҳуқуқи 1,5 миллиард туради, NFL’ники эса — 7 миллиард. Изланишлар шуни кўрсатадики, спортга қизиқадиган 2 миллиард инсоннинг 1,6 миллиарди футбол ишқибозлари ва фақатгина 150 миллион киши Америка футболини томоша қилади», — деганди Анелли икки йил аввал.

Перес ўз навбатида Суперлигасиз «Реал» янги юлдузларни сотиб ололмаслигини таъкидлади — жамоа бошқа грандлар сингари коронавирус пандемияси туфайли қаттиқ зарбага дуч келди. «Бу ёзда катта трансферлар бўлмайди. Топ-жамоалардан кичик клубларга пул тушмаса, бундан барча азият чекади. Суперлигасиз Мбаппе ва Ҳоланд трансферларини иложи йўқ. Бу фақат «Реал»га тегишли эмас», — айтиб ўтди Перес Суперлига тўхтатилганда. У ҳақ бўлиб чиқди: ёзда «Реал» ҳеч кимни харид қилмади. Ягона трансфер — Давид Алаба жамоага эркин агент сифатида ташриф буюрди.

Фото: Getty Images

Переснинг мантиғи оддий: у Суперлигада фақат яхшиликни кўряпти, «Реал» бойиб кетади ва пастроқ даражадаги жамоалардан футболчи сотиб олишни бошлайди. Натижада у жамоалар ҳам фойда кўради. Forbes’нинг изланишларига кўра супер турнир гранд жамоаларнинг молиявий муаммоларини ечишга қодир эди: агарда Суперлига ташкил этилганида 12 та таъсисчининг умумий қиймати 12,7 миллиард долларни ташкил этарди. «Барселона» шу ҳолатда «Нью-Йорк Никс» (NBA), «Нью-Йорк Янкис» (MLB) ва «Даллас Ковбойс» (NFL) жамоаларини ортда қолдириб дунёнинг энг бой клубига айланарди.

Яна бир муҳим лавҳа: Суперлига идеологияси футбол аввалги шиддатини йўқотиб, жамоатчилик назаридан қолишига ишонмайди. Ҳа, бугунги кундаги футболчилар Марадонадан ёмонроқ ўйин намойиш этмайди, лекин Марадонанинг Нетфликс, Instagram ва Disney+ каби рақобатчилари бўлмаган.

«Менинг беш нафар фарзандим бор, ҳеч бўлмаса улардан бири мен билан бирга 90 дақиқалик ўйинни томоша қилади деб ўйламайман. Бунинг устида ишлаш керак. Масалан, NBA’ни олайлик. Унда қисқа видеошарҳларни сотиб олиш мумкин, қандайдир хавфли вазият бўлганда сиз бундан дарҳол хабар топасиз. Охирги чоракни сотиб олиб томоша қилиш ҳам мумкин. Ҳозирги болаларнинг диққати бизникидек эмаслигини тушуниш лозим. Футбол ўзгаришлар чорраҳасида турибди. Биз кўп нарсаларни ўзгартиришимиз ва мухлисларга ажойиб мусобақа тақдим этишимиз керак. Ҳозир кўп ўйинлар мухлислар диққатини қозона олмайди деб ҳисоблайман. Биз аудиторияга бундай муносабатда бўлмаслигимиз лозим. Уларга томоша қилишга арзийдиган нарса беришимиз керак, йўқса уларни йўқотамиз», — дейди Анелли.

У ўзининг пуллари учун охиригача курашишга шубҳа қилмаса ҳам бўлади.