Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 5 та хонадонда ёнғин келиб чиқди, дея хабар бермоқда вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Фото: Фарғона вилояти ФВБ

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 30 июль куни соат 06:12 да Қўқон шаҳар Омонлик ва Байналмилал жангчилар кўчалари билан бирлашган бир-бирга яқин 5 та хонадонда ёнғин келиб чиққан.

Содир бўлган ёнғинга ёнғин-қутқарув экипажлари 06:17 да етиб бориб, 06:29 да ёнғин ўраб олиниб, 08:47 да тўлиқ ўчирилган.

Содир бўлган ёнғинда фуқароларнинг жабрланиши ва ҳалок бўлиш ҳолатлари мавжуд эмас. Ҳозирда тегишли мутахассислар томонидан ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Бундан аввал Самарқандда 5 та хонадонда ёнғин юз бергани, Юнусободдаги иккита хонадонда ёнғин содир бўлгани ҳамда Намангандаги ҳовлида ёнғин чиқиб, учта қўшнининг уйига ҳам зарар етгани ҳақида хабар берилганди.