Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент туманидаги сойда чўмилгани учун «самосуд» қилинаётган аёл акс этган видеоёзувлар тарқалди. Ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тулаганов маълумот берди. Маълум бўлишича, видеодаги ҳолат бўйича маълумот Паркент тумани ИИБ Навбатчилик қисмида 20 июль куни рўйхатга олинган.
Унга кўра, Паркент тумани «Невич» маҳалласида яшовчи фуқаро М.М. (1984 йилда туғилган аёл) маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизилсой сойида чўмилаётган фуқаро Д.Г. (1987 йилда туғилган аёл)ни ёнига бориб, бу сувдан истеъмол қилишларини айтган. М.М фуқаро Д.Г. билан жанжаллашиб, унинг кийимларини зўрлик билан ечиб ташлаган, уриб-тепиб жароҳат етказган.
Ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) ва 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Жараёнда қонун устуворлиги ва қилмишга яраша жазонинг муқаррарлиги таъминланиб, бу ҳақда батафсил маълумот берилади», — дейилади вилоят ИИББ матбуот котиби изоҳида.
Изоҳ (0)