Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Ангела Меркель ва федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ушбу мамлакат ғарбида рўй берган ҳалокатли тошқинлар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан таъзия йўллади.

Фото: Reuters

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Германия халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Эслатиб ўтамиз, Германияда бир неча кун давомида кучли ёмғир ёғгани сабабли сув тошқинлари юз берди. Шимолий Рейн — Вестфалия ва Рейнланд-Пфальц ўлкаларида дарёлар ўзанидан чиқиб, шаҳарларни сув остида қолдирди, ҳудудлар электрдан узилиб қолди.

Полиция маълумотларига кўра, табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 156 кишига етди. Шимолий Рейн — Вестфалия федерал ўлкасида камида 45, Рейнланд-Пфальцда эса 110 киши ҳалок бўлган.

Сув тошқинидан қўшни Нидерландия ва Бельгия ҳам жабрланди.