Дунё ва ўзбек спортига оид 18 июль кунининг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

Уч нафар легионер «Навбаҳор» кўригидан ўта олмади. Наманганликлар Суперлигада юзага келган танаффус вақтида бир нечта хорижлик футболчиларни кўрикдан ўтказмоқда. «Навбаҳор» матбуот хизмати бразилиялик ҳимоячи Портела де Аквино Сауло, сербиялик Желко Димитров ва россиялик Павел Игнатовичга жавоб берилганини маълум қилди. Айни пайтда «лочинлар» йиғинида сербиялик ҳимоячи Боян Сигер ва бразилиялик ҳужумчи Коста Тенорио Гутинер бўлиб турибди.

Фото: «Навбаҳор»

Шунингдек, «Навбаҳор»да сербиялик мутахассис Александр Галич иш бошлади. Галич «Навбаҳор» мураббийлар штабидан жой олди. Аввалроқ мутахассис Самвел Бабаян билан бирга Тошкентнинг «Локомотив» ва Хитойнинг «Чанчун Ятай» клубларида ишлаганди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Самвел Бабаян «Навбаҳор»да маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлаганди.

Рифат Акромхўжаев «Локомотив»га қайтди. Аввалроқ «Сурхон»дан истеъфога чиқарилган Акромхўжаев «темир йўлчилар» клубида таҳлилчи-селекционер мураббий сифатида ишлайди. Мутахассис ўз вақтида Тошкент клуби ёш жамоаларига мураббийлик қилган.

Фото: «Локомотив»

Россиянинг Сочи шаҳрида шахмат бўйича FIDE Жаҳон Кубоги давом этмоқда. 1/64 финалда беш нафар ўзбекистонлик спортчи қатнашди. Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик гроссмейстер Аравиндх Читамбарамни 1,5:0,5 ҳисобида енгиб, кейинги босқичга йўл олди. Абдусатторов 1/32 финалда асли россиялик бўлган Нидерландия гроссмейстери Аниш Гири билан тўқнаш келади. Жаҳонгир Воҳидов ва Жавоҳир Синдоров рақиблари билан иккала партияда ҳам дуранг ўйнагани учун тай-брекда дона сурди. Унда Жаҳонгир Воҳидов номдор Лениер Перез Домингес устидан сенсацион ғалаба қайд этган бўлса, Жавоҳир Синдоров форс миллатига мансуб Франция фуқароси Алиризо Фирузжа устидан шов-шувли ғалабага эришди.

Фото: Шахмат федерацияси

Шу тариқа уч нафар Ўзбекистон вакили 1/32 финалга йўл олди. Шамсиддин Воҳидов россиялик шахмат юлдузи Сергей Карякинга ҳар икки партияда ҳам ютқазиб қўйди. Нодирбек Ёқуббоев эса чехиялик номдор гроссмейстер Давид Наварага 0,5:1,5 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди.

Жаҳон

ФИФА футболда айрим янги қоидаларни синовдан ўтказмоқда. Ёш футболчилар ўртасида Нидерландияда бўлиб ўтаётган «ПСВ», «АЗ», «Брюгге» ва «Лейпциг» U-19 жамоалари иштирокидаги мусобақада қуйидаги қоидалар бўйича учрашувлар ўтказилмоқда:

  • Тўпни ён чизиқдан оёқ орқали ўйинга киритиш;
  • Жарима зарбаларини шерикка узатмасдан, якка ҳолда ўйинга киритиш;
  • Чекланмаган миқдорда захира алмаштиришдан фойдаланиш;
  • Сариқ карточкадан кейин 5 дақиқалик четлатиш;
  • 30 дақиқалик тоза вақтдан икки бўлим (яъни тўхталиш бўлганда вақт тўхтатиб турилади).

Goal нашрининг хабар қилишича, мазкур синовлар ФИФАнинг ташаббуси билан ўтказилмоқда. Мусобақа якунидан кейин ташкилот натижаларни таҳлил қилади ва уни расмий ўйинларга татбиқ қилиш устида ишлайди.

Месси Instagram’да ҳам Роналдудан ўзиб кетди. Аргентина тема жамоаси ҳужумчиси Лионель Мессининг Америка Кубоги билан тушган сурати Instagram ижтимоий тармоғида 20 миллиондан ортиқ «лайк» йиғди. ESPN’нинг эътибор қаратишича бу спортга оид суратлар орасида рекорд ҳисобланади. Бундан аввалги энг яхши натижа Криштиану Роналдуга тегишли бўлиб, ҳужумчининг Марадона хотирасига атаб қўйган сурати 19 миллиондан ортиқ «лайк» йиққанди.

Фото: Instagram

Қайд этиш керак, Роналду Instagram’да энг кўп фойдаланувчига эга шахс ҳисобланади. Айни вақтда Криштиану 315 миллиондан зиёд обуначига эга, Месси эса бу 233 миллионга тенг.

Трансфер янгиликлари

«Ливерпуль» дарвозабон Алиссон Беккер билан амалдаги шартномани 2026 йилнинг ёзига қадар узайтирмоқчи. Фабрицио Романонинг хабар қилишича, музокаралар ҳал қилувчи босқичда турибди ва томонлар келишувга яқин. Бразилиялик футболчининг инглиз клуби билан ҳозирги шартномасини 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.

Сон Ҳён Мин «Тоттенҳэм» билан янги келишув имзолайди. Николо Скирага кўра, Жанубий Корея терма жамоасининг 29 ёшли футболчиси «шпорлар» билан амалдаги шартномасини 2025 йилнинг ёзига қадар узайтиради. Янги битимга кўра Соннинг йиллик маоши 12 миллион еврога етади.

Фото: Twitter

«Манчестер Сити» Ҳарри Кейн билан шахсий шартнома борасида келишиб олди. 27 ёшли футболчи «шаҳарликлар» билан 2026 йилга қадар мўлжалланган шартнома борасида келишувга эришди. Бироқ «Тоттенҳэм» форвард билан осонликча хайрлашмоқчи эмас ва унинг учун 160—170 миллион евро талаб қилиши кутилмоқда, дея хабар қилади Николо Скира.

Теннис

Уимблдон—2021 финалчиси Маттео Берреттини Токиода ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этмайдиган бўлди. Бунга италиялик теннисчининг Лондондаги баҳсда олган жароҳати сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Аввалроқ Берреттини Уимблдон финалида Новак Жоковичга мағлуб бўлганди. Шу тариқа АТP рейтингининг кучли ўнлигидан ўрин олган бешинчи теннисчи Олимпиада иштирок эта олмайдиган бўлди. Аввалроқ Рафаэль Надаль, Доминик Тим, Рожер Федерер ва Денис Шаповалов Токиога бормаслиги маълум бўлганди.