Ҳаётида икки қўрқув – сўзга масъулият ва учувчилик билан ёнма-ён яшаган, бироқ жамики шон-шараф, шуҳратни адабиётдан топган Антуан де Сент-Экзюпери сўз майдонида айтарини айта олган ёзувчилардандир. «Дарё» ёзувчининг ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида ҳикоя қилади.

Болакай Тони

Фото: Google Images

Умри долғали замонларга тўғри келиб, қон кечиб, уруш гирдобида яшаганига қарамай, асарларида ёруғлик – ҳаётга муҳаббат, зулмга нафрат, воқеликка донишманд кўзи билан қараш бўртиб тургани учунам уни кўпчилик ўқийди. 1900 йилнинг 29 июнида Франциянинг Лион шаҳрида дворянлар оиласида туғилган болакайнинг кун келиб «аллақандай» касб – учувчиликни эгаллаши, камига ёзувчи бўлишини кўпчилик ақлига сиғдиролмасди. Негаки, оқсуяк, зодагонларга бундай касб «ярашмас», ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатиши талаб этиларди. Аммо тақдир ёзуғи одам тузган режага қарармиди – Антуан ҳам болаликдан ердан кўра осмонда кезишни хушлайдиган хаёлпараст, дунёни табиат ранги билан кўриб, фарқлайдиганлардан эди. Ўша пайтлари жамият тутумига хос узундан узун исмлар қўйилиши урф бўлгани учун Экзюперига ҳам Антуан Мари Жан-Батист Роже де Сент-Экзюпери шарифи берилади. Лекин шунча исмни айтиб тугатиш малоллигидан оила аъзолари шунчаки «Тони» деб чақириб қўя қолишади.

Тўрт яшарлигида отаси тўсатдан мияга қон қуйилишидан вафот этади-ю, оиланинг тўкин-сочин кунлари андак барҳам топади. Эл қатори яшаш, оддий инсонлардек кун кечиришни бошдан ўтказиб, баъзан қорин тўйдиришга бир тишлам нон топилмайдиган замонлар келади. Жўжабирдай полапонларини қандай тўйдиришни билмай, жони ҳалак бўлган она опаси Мари Триконинг Белкур майдонидаги хонадонига юкиниб боради. Топган-тутганни ўртага қўйиб, хола-жиянлар баҳамжиҳат яшайди. Тони эса очин-тўқин кунлари кичик акаси Француага суяниб яшайди. Аммо бу ҳам узоқ даво этмайди.

Бева қолган она энди болаларининг таълими, эртанги куни ҳақида қайғуриб, жиддий ҳаракатга тушади. Уларнинг кўнглида адабиёт ва санъатга муҳаббат уйғотиб, мутолаага рағбатлантиради. Меҳрдан эт олиб ўсган Антуан улғайгани сари онасига қаттиқроқ боғланар, қайгадир жўнаса ҳам худди романлардагидек соғинч мактуби ёзарди. Адабиёт қаторида кичкина Тони техника, темир-терсакка астойдил қизиқар, танлов вақти келганида қай бирини танлашни билмай иккиланган пайтлари ҳам бўлганди.

Лиондаги насронийлар мактабида бошланғич диний таълимни ўқигач, Швейцариядаги католик пансионатида ҳам таҳсилни давом эттиради. Аммо диний йўналишини қўйиб, 1917 йили Париждаги Нафис санъатлар мактабида меъморлик факультетига ҳужжат топширади, бакалавр дипломини олади. Кейин нафис санъатни ҳам бир четга йиғиштириб, ҳарбий-денгизчилар лицейига кетмоқчи, толейини ҳарбийликда синамоқчи бўлади. Омади чопмай, саралаш конкурсидан ўтолмайди. 1917 йилнинг ёзида қадрдон маслаҳатгўйи, жондан азиз акаси Француа ревмокардитдан вафот этгач, Антуан узоқ вақтгача ўзига келолмай, дамдўз, ичимдан топ йигитга айланади.

Кенгликлардаги завқ

Фото: Getty Images

Орадан 5 йил ўтиб, ўртоқлари қатори уни ҳам ҳарбий хизматга чақиришади. 12 ёшида биринчи марта учувчи Габриэль Вроблевский билан осмонга кўтарилгани, ўша лаҳзадаги ҳайрат ва қувонч бутун умр ёдига муҳрлангани сабабми ёки бошқа, ҳарбий комиссариатга бориб, тиккасига ўзини учувчилар курсига, сўнг Страсбурдаги қирувчилар авиациясига ёзишларини сўрайди. Аввалига унга учишга рухсат берилмайди. Бундай қарордан шашти сўниш ўрнига Антуан самолётларнинг техник кўрикларига аралашиб, учиш майдончаларида ўралашиб юраверади. Вақт ўтиб, учувчилар имтиҳонини «беш»га топшириб, ҳужжатга ҳам эга чиқади. Учиш йўналишини Марокашга ўзгартиргач, ҳарбий самолётларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритади.

Истрдаги офицерлар мактаби ҳам малака ошириш ва тажриба тўплашда сабоқхона бўлади. Кичик лейтенант даражаси берилгач, Антуан шиддат ва шаҳд билан Париж яқинидаги Ле Буржеда – 34-авиацион полкда хизматни давом эттиради. 1923 йили илк авиаҳалокатга учраган Экзюперининг бош мия суяги шикастланади. Саломатлиги тиклангунча Парижга қайтиб, қоғоз қоралаш, сафар хотираларини китоб қилишга чоғланади-ю, минг уринмасин, бундан ҳеч қандай натижа чиқмайди.

Кунлар шу зайл ўтаркан, ҳаёти бундай давом этмаслиги, кўнгил кемтиклигини тўлдириш фурсати етганини фаҳмлайверади. Парвоз завқини ҳеч бир машғулот босолмаслигини сезиб, «Аэропоштал» авиакомпаниясида механик бўлиб иш бошлайди. 1926 йилнинг баҳоридан почта етказувчи самолётнинг учувчисига айланади. Асосий ишини бажариш асноси ёзишни ҳам унутмайди. Илк асари «Жанубий почта» номи билан чоп этилади. Ўша йили Кап-Жубидаги аэродромда бошлиқ бўлиб иш бошлайди.

1929 йил ҳам ўзгаришларга бой ўтади. Яна қадрдон «Аэропоштал»га қайтиб, уфқларни кезиш вақти етади. Бир жойдан иккинчи жойга почта-жўнатмаларни етказаркан, само кенгликларидаги завқ, хаёл ва ёзилажак асарлар режасини ҳеч нарсага алмаштирмаслигини ҳамкасбларига бот-бот сўзлаб берарди. Бироқ орадан икки йил ўтиб, 1931 йили компания касодга учрагач, Экзюпери Европага қайтишга мажбур бўлади.

Ортга қайтгач, нима иш қилишни, яна янгитдан саргузаштлар бошлаш-бошламаслигини андак ўйлайди-ю, почта авиалиниясини ташкиллаштириш пайига тушади, кейин ниятидан қайтиб, ҳарбий самолётлар машғулотида қатнаша бошлайди.

Қиссага айланган ҳалокат

Фото: Google Images

Ёзувчи таржимаи ҳолида ўта хавфли воқеалар, таваккалга қурилган танловлар жуда кўп учрайди. Аммо ҳар бир ҳалокат ва талафотдан омон чиқиб, кўрган-кечирганларини асарлари қатига жойлайверади. Самолётлар тезлигини текшириш лойиҳасида ўзига шахсий учоқ сотиб олиб, Париждан Сайгонга қараб отланади. Саҳро устидан учаётиб, тўсатдан ҳалокатга учрайди. Тасодифми ёки тақдир сабаб соғ қолиб, саҳройилар хонадонида қўним топади. Яна бир қўрқинчли ҳалокат Нью-Йоркдан Оловли Ерга қараб учаётганда юз беради. Елкалари, чаноқ суяги синиб, бир неча кун беҳуш ётади.

Асрнинг 30 йиллари журналистика оламига қадам қўйишга улгурган Антуан «Пари Суар» газетасидан мухбирлик ишини топади. Саёҳатларини йўл очерки шаклида ёзиб, қалам ҳақи олади. Кейин «Энтрансижен» нашрига ўтиб, Испаниядаги фуқаролар урушида қатнашади. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда ҳам тоқатсизлиги, зулмга қарши ҳамиша курашини исботлаш учун биринчилар қаторида урушга жўнайди.

1930 йил Сент-Экзюперига омадли келади. Анд тоғларида фалокатга учраган дўсти, машҳур учувчи Анри Гиёме омон қолади. Сент-Экзюпери беш кун мобайнида тоғлар узра хавф-хатар билан олишиб, парвоз қилади, Гиёме эса ҳамиша ўзини-ўзи енгиб, пастга, одамлар томон интилади. У қайсарлик билан ўзига-ўзи: «Агар тўхтаб қолсам, аблаҳ бўлайин!»– дея таъкидлаганича пастга энади. Гиёме шу тариқа ҳалокатдан қутулиб чиқади ва омон қолади. Дўстини илк бора Сент-Экзюпери қарши олади ва Гиёменинг ана шу сўзларини «Одамлар сайёраси» асарида келтиради: «Худо ҳаққи, менинг ўрнимда ҳайвон ҳам бунга чидаш беролмасди». Йигит дегани ана шундай довюрак ва иродали бўлиши керак, деб ҳисоблаган ёзувчи.

Ижодий парвоз

Фото: Getty Images

Ижод учувчилик қатори кўкка тобора баландлайверади. 1914 йили коллежда ўқиётган пайтлари қоғоз қоралашни бошлаган ҳаваскор йиллар ўтиб ҳақиқий ёзувчига – бутун дунё ҳайратда қоладиган ижодкорга айланади. «Учувчи» асари билан майдонга кириб, «Кичкина шаҳзода» орқали юракларни забт этади. Китобларида воқеликни учувчи нигоҳи, дунёқараши ва осмон кенгликлари кўмагида тушунтиришга уринади. Қаричига сиғган фалсафасини самода топган ҳузурига қўшиб ифодалайди. Экзюпери-учувчисиз Экзюпери-ёзувчига айлана олмаслигини йиллар исботлаб беради.

1931 йил ёзувчининг иккинчи романи «Тунги парвоз» нашрдан чиқади. Роман «Фемина» адабий мукофоти билан тақдирланади. Ушбу роман Сент-Экзюперига шон-шуҳрат дарвозасини очиб беради. Лекин Сент-Экзюпери шуҳратга ўч эмас, унга интилмасди.

«Ҳарбий учувчи» романи автобиографик асардир. Иккинчи жаҳон уруши таассуротлари асосида ёзилган бу китоб Францияда қатъий тақиқланади, аммо Америкада мисли кўрилмаган даражада сотилиб, қўлма-қўл ўқилади. Ҳатто, бир нашриёт болаларга қатор ҳикоялар ёзиб беришини сўраб ёзувчига шартнома таклиф этади. Бир-икки йил ичида «Кичкина шаҳзода» шундай шартномалар меваси бўлиб туғилади. 1948 йили эса (вафотидан кейин) энг охирги асари – «Қалъа» босилиб чиқади.

Жавобсиз муҳаббат

Антуаннинг илк севги ҳикоялари ўзига тўқ хонадоннинг эрка қизи Луиза Вилморн билан бошланади. Тантиқ қизгинанинг талабларига анча камбағаллашиб қолган йигитчанинг ҳадеганда дош беролмаслиги, авиаҳалокатларга учраб, бор пулини дори-давога сарфлаши энди-энди куртак ёзаётган муҳаббатнинг очилмасидан сўлишига сабаб бўлади. Биринчи муҳаббат алами узоқ йиллар босилмай, умр бўйи ўзига муносиб жуфт топишига ҳалал бераверади. Вақт ўтиб, Буэнос-Айресда марҳум ёзувчи Гомес Кариллонинг беваси Консуело Сунсин билан танишади. 1931 йили севишганлар эл-юрт олдида дастурхон ёзиб, никоҳ қуришади. Бироқ тўйдан кейин муносабатлар совуқлашиб, негадир илиқлашмас, рафиқасининг оғир феъли, такаббурона қилиқлари, манманлиги Антуаннинг тинкасини қуритарди. Ҳар қандай инжиқлиги-ю, эркаликларига чидашга, барига кўз юмиб яшашга мажбур бўлади.

Сўнгги парвоз

Фото: Google Photos

Сент-Экзюпери ерда яшай олмай, самодан ўзига ўлим излаган деган афсона пайдо бўлган эди. Ҳақиқатан, панада иш битиришни, таниш-билишчиликни хуш кўрмайдиган ёзувчи кутилмаганда нима қилиб бўлса ҳам ҳаракатдаги армияга ишга ўтишга интилади. У бирдан ўзининг графлик насли, унвонини эслаб қолади. Америка генерали Икерсни чинакамига таъқиб қилишга ўтади, ҳатто бутун ҳафтани уни кутиб, қабулхонасида ўтказади. Жанговар постда жон бериш хаёли уни фазога қайтишга бор кучи билан жалб этганмикин, деган фикр ҳам пайдо бўлади беихтиёр кишида. Ахир у сўнгги мактубларидан бирида шундай ёзган-да: «Нақ тўрт марта ҳалок бўлаёздим, энди менга барибир».

1944 йилнинг 31 июлида кўкка кўтарилган самолёт ва унинг учувчиси ортига қайтмайди ва рўйхатларга «дом-дараксиз йўқолди» деб ёзиб қўйилади. На самолёт қолдиқлари, на ёзувчи жасади узоқ йиллар топилмай, ўлими сирлилигича қолади. Орадан 40 йил ўтиб, 1988 йили Марсель яқинидан рафиқасининг исми ўйиб ёзилган билакузук топилади. 2000 йили ҳам яна бир бора ҳалокатга учраган самолёт қолдиқлари қидирилади, аммо натижа чиқмайди. 8 йилдан кейин ёзувчининг ҳалокати сабаблари ҳақида дастлабки маълумотлар равшанлашади. Унга немис қирувчиси ҳужум қилгани, душман унинг самолёти кабинасида бўлгани тахмин қилинади.

Ўзидан бир қанча китоблар, жаҳон адабиётини бойитган асарлар қолдирган, мардлик, жасорат тимсолига айланган Сент-Экзюпери бугун ҳақиқий шедеврлар қаторида туради. Гарчи қисқа умр кўриб, жасади қаердалиги ҳалигача номаълум бўлса-да, қаҳрамонларча яшаб ўтгани таҳсинга лойиқ. Бугун Лиондаги аэропорт ёзувчи номи билан аталади.

Чарос Низомиддинова тайёрлади