Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Қирғизистон пойтахти Бишкекда Чуй вилояти фермерлари ҳукумат биноси ёнида намойиш ўтказди, улар сув ресурсларининг тақсимланиши юзасидан норозилик билдирмоқда, деб ёзади «Gazeta.uz».

Фото: Kaktus Media

Kloop нашрининг ёзишича, акцияда 300 дан ортиқ қишлоқ аҳолиси қатнашган, улар далаларда экинлар нобуд бўлаётганини айтиб, ҳукуматдан қурғоқчиликка эътибор қаратишни сўраган.

«Суғорма сувлар билан далалар тартибга солинсин. Агар сув бўлмаса, ҳосилдан айриламиз. Арпа, буғдой қуриб қолди. Уларни экиш учун кредит олгандик. Энди нима қилишимиз керак?» — деди деҳқонлар ғазаб билан.

Намойишчилар яқин етти-ўн кун ичида суғорилмаса, экинлар тўлиқ қуриб кетишини таъкидлади. Бу нафақат ҳосилни йўқотиш билан, балки Бишкекда ем-хашак билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Ўтган ҳафтанинг охирида деҳқонлар шунга ўхшаш баёнот билан чиқишган, аммо далаларга сув етказиб берилмаган.

Бундан ташқари, митинг иштирокчилари мамлакат расмийлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга сув юбораётганидан норозилик билдирди, деб ёзади нашр.

Электр энергиясини сувга айирбошлаш 

Қирғизистоннинг «Электр тармоқлари» компанияси 1 июндан бошлаб Ўзбекистонга ва Қозоғистонга сув оқизиб юборилаётганини тасдиқлади. Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистон билан 1,65 миллиард кВт/соат электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишув шартларини бажаришни бошлаган. Келишувга кўра, Қирғизистонга Қозоғистон томони 900 миллион кВт/соат, Ўзбекистон томони эса 750 миллион кВт/соат электр энергиясини етказиб беради. Бунинг эвазига Қирғизистон 2023 йилга қадар ёз ойларида икки мамлакатга сув юборади.

Компаниянинг маълум қилишича, электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги битимлар 2021 йилнинг март ойида имзоланган, битим «Тўқтағул сув омборининг сув ресурсларини сақлаб қолиш, аҳолини ва мамлакат иқтисодиётини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ва 2021—2022 йил куз-қиш мавсумини муваффақиятли ўтказишни мақсад қилган».

Келишувларга биноан, Қирғизистон июнь ойининг охирига қадар Қозоғистонга Тўқтағул сув омборидан 77 миллион кубометр сув юбориши ва 70 миллион кВт/соат электр энергияси қабул қилиб олиши керак. Бу ҳақда май ойи охирида Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ва Қирғизистон вазирликлари вакилларининг учрашувида муҳокама қилинган.

Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазирининг ўринбосари Серик Кожаниёзовнинг айтишича, мамлакат Қирғизистонга 300 миллион кВт/соат электр етказиб берган. Қирғизистон томони бунинг ҳақини 1 июндан қайтаришни бошлаши ва 31 августгача тўлиқ тўлаши керак, шунингдек, июнь–август ойларида қўшимча равишда 330 миллион кубометр сув юбориши керак.

«Ўзбекистон Қирғизистонга 250 миллион кВт/соат электр энергияси етказиб берди, уни июнь–август ойларида қайтариб олади, ва шу билан бирга, 275 миллион кубометр сув ҳам олади», — деб қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Шундай қилиб, Тўқтағул сув омборидан чиқарилган умумий сув миқдори Қозоғистонга 660 миллион кубометрни ва Ўзбекистонга 275 миллион кубометрни ташкил этади — бу жами 935 миллион кубометр бўлади.

Бундан ташқари, Қирғизистон билан электр энергияси алмашинуви доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон Тўқтағул сув омборидан чиқариладиган сув транзити бўйича Тожикистон билан ҳам келишиб олган. Агар зарурат туғилса, мамлакатлар Тожикистон билан Баҳри Тожик сув омборидан қўшимча сув чиқариш имкониятлари тўғрисида келишиб олиши мумкин.

Тўқтағул сув омбори.

Тўқтағул сув омбори.
Фото: tazabek.kg

Депутатлар ҳам келишувдан норози

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Улуғбек Марипов 17 июнь куни парламентнинг аграр сиёсат, сув ресурслари, экология ва ҳудудларни ривожлантириш қўмитаси йиғилишида суғориш суви билан боғлиқ вазият унинг шахсий назорати остида эканини айтди.

«Мен фермерларни тушунаман ва жуда афсусдаман. Улар Америкадан уруғ олиб келганди. Аммо биз ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Фермерларнинг ўрнида бўлганимда, мен ҳам намойишга борган бўлардим», — деди у.

«Gazeta.uz» қайд этишича, депутат Кенжабек Боқоев Қирғизистон сув омборларидан сув чиқаришни тўхтатиш керак, деган фикрда. Унинг сўзларига кўра, сув тақчил бўлган даврга қарамай, Қирғизистон Республикаси сувни қўшни мамлакатларга юборишда давом этмоқда.

Улуғбек Марипов бундан буён Қирғизистон электр энергиясини фақат нақд пулга сотиб олишини таъкидлади.

«Электр энергиясини импорт қилиш орқали биз Тўқтағулда 600 миллион кубометр сувни тежаб қолдик. Бироқ электрни нақд пулга сотиб олиш керак, деган фикрга қўшиламан. Ўзи мен айрибошлашга қарши бўлгандим. Аммо собиқ вазир Турдубаев бунга кўндирганди. Биласизми, қўшниларда ҳам сув танқислиги мавжуд», — дея қўшимча қилди ҳукумат раҳбари.

Депутат Замирбек Эсенамановнинг айтишича, Қозоғистон ва Ўзбекистонга электр энергиясини ёзда қайтариш бўйича келишувлар туфайли Қирғизистон сув омборларида тўпланган сувни йўқотмоқда.

Унинг сўзларига кўра, қўшни давлатлардан келтирилган электр энергиясини 1 октябрдан қайтаришга келишиш керак эди.

«Шартнома нотўғри тузилган. Ёзда электр энергиясини қайтаришнинг ҳожати йўқ. Ҳозир электр энергияси ишлаб чиқарилиши туфайли сувни йўқотяпмиз. Биз сув омборларини тўлдиришимиз керак. Электр энергиясини октябрдан қайтариш тўғрисида қўшни давлатлар билан музокаралар олиб бориш лозим», — деди халқ депутати.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Улукғэк Марипов фермерларга мавсум давомида сувсизликдан етказилган зарарни қоплаш режалаштирилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси зарарни ҳисоблаб чиқади.

«Мен илгари экилган донни йиғиб олиш мумкин бўлган майдонларни шахсан бориб кўрдим. Умуман олганда, аҳвол ёмон. Шунингдек, озиқ-овқат билан боғлиқ муаммо ҳам мавжуд. Шунинг учун одамлар чорва молларини сотишни бошлади. Уларнинг нархи ҳам тушиб кетди. Шунинг учун биз чорва молларини экспорт қилишга қўйилган тақиқни бекор қилмоқчимиз. Одамлар ем-хашак маҳсулотларини сотиш ва сотиб олишга улгуриши керак. Шунингдек, молларни ҳам сақлаб қолишимиз керак», — деди у.

Ўзбекистон билан шартнома

15 март куни Ўзбекистон энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев «Gazeta.uz»га берган интервьюсида Қирғизистон билан имзоланган электр энергиясини ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги келишув тафсилотлари билан ўртоқлашди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ўз эҳтиёжларини қоплаш мақсадида қишда ГЭСларнинг ишлаши учун кўпроқ сув чиқара бошлаган. Бу, ўз навбатида, ёзда, Ўзбекистон сувга муҳтож бўлганида, сув омборларида сув сатҳининг пасайишига олиб келди.

«Ёзда биз сувга муҳтож бўламиз, аммо уларнинг сув омборида сув йўқ. Улар қишда электр энергиясига эҳтиёж сезади. Биз келишиб олдик: электр энергиясининг маълум қисми ортиб қолганида уни Қирғизистонга етказиб берамиз, ёзда уч ой ичида улар бизга қайтариб беради. Демак, гидроэлектр станциялари ишлаганда Норин ва Сирдарёга сув қуйилади. Бу Фарғона водийси, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари қишлоқ хўжалигига катта таъсир кўрсатади. Бу биз топган энг осон ва тезкор усул», — деди вазир ўринбосари.

Мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқироз ҳақида хабар берилганда Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистон билан шартнома имзолади.

Ўзбекистон ҳам сув ресурслари тақчиллигига дуч келмоқда. Февраль ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги йиғилишда 2021 йилги суғориш мавсуми учун сув таъминоти 25 фоизга пастроқ бўлиши ҳақида хабар берилган эди. 1 октябргача сувни тежайдиган технологиялар учун полиэтилен ва полипропиленга импорт божи бекор қилинди. Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Сув хўжалиги вазирлиги раҳбари ва ҳокимлар зиммасига 10 миллиард кубометр сувни тежаш вазифаси юклатилган.

Самарқанддаги ва Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги бир қатор маҳаллаларда сув вақтинча жадвал асосида етказиб берилмоқда. Бу ичимлик суви таъминотининг чеклангани, ерости сувлари захираларининг етишмаслиги, шунингдек, сув истеъмол қилиш ҳажмининг ошиши билан боғлиқ.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маданият
Демет Ўздемир янги лойиҳада суратга тушади, Иброҳим Челиккол эски уйига кўчиб ўтди. Турк киноси янгиликлари
Спорт
Бразилия етакчи, Франция — 2, Аргентина 5-ўринда. The Guardian ЖЧ—2022 фаворитлари рўйхатини эълон қилди
Спорт
Криштиану Роналду ЖЧ—2022 вақтида Португалия терма жамоаси базасини тарк этмоқчи бўлган