McDonald’s номини мамлакатида бу компания дўконлари бўлмаса ҳам дунёдаги деярли барча инсонлар эшитган бўлиши мумкин. 1940 йил 15 май куни биринчи ресторани очилган ушбу гигант корпорация пайдо бўлиши ва унинг бу қадар машҳурликка эришиш йўли ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.

McDonald’s ҳақида  

McDonald’s Corporation – умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритадиган фаст-фуд ресторанларининг энг йирик тармоғи ҳисобланади. McDonald’s даромади бўйича ҳам дунёдаги энг йирик компаниялардан биридир. Компания томонидан ҳар куни 100 дан ортиқ мамлакатда ўртача 69 миллион мижозга хизмат кўрсатилади. McDonald’s гамбургер, чизбургер ва қовурилган картошка(фри)лари билан машҳур бўлса-да, улар мижозларга қовурилган жўжа, нонушта егуликлари, алкоголсиз ичимликлар ва турли ширинликларни ҳам таклиф қилади. Сўнгги йилларда истеъмолчиларнинг нотабиий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан салбий реакцияси кучайди. Бунга жавобан компания ўз таомномасига салат, балиқ, коктейл ва меваларни ҳам қўшди. 2018 йил ҳисоботларига кўра McDonald’s 1,7 миллион ишчи билан дунёдаги иккинчи йирик хусусий иш берувчидир. McDonald’s бренди 2020 йилги кўрсаткичларга кўра дунёнинг энг яхши товар белгилари рейтингида 9-ўринни эгаллади.

McDonald’s’нинг дўконларидан бири, 1948 йил.

Фото: «Телеграф»

Компаниянинг пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихи

Компания 1940 йилда ака-ука Ричард ва Маврик Макдоналд(МcDonald)лар томонидан ташкил этилган. Биринчи ресторан 1940 йил 15 май куни Калифорния штатининг Сан-Бернардино шаҳрида очилган. 1948 йилда ушбу компания дунёда биринчи марта «тезкор тамадди қилиш» тушунчасини амалиётга киритди. 1954 йилда иллинойслик тадбиркор Рей Крок ака-ука Макдоналдлардан ушбу франшиза доирасида махсус агент сифатида ҳаракат қилиш ҳуқуқини сотиб олди, ҳамда 1955 йилда Иллинойс штатидаги Дез-Пленс шаҳарчасида McDonald’s ресторанини(ҳозирда корпорация музейига айлантирилган) очди. Шу йили Рей Крок компания номини McDonald’s System, Inc. кўринишида рўйхатдан ўтказди. 1959 йилга келиб Крок томонидан очилган ресторанларнинг сони юздан ошди, 1960 йилда эса у компания номини McDonald’s Corporationга ўзгартирди. Рей 1961 йилда Макдоналдлардан 2,7 миллион доллар эвазига компанияга бўлган барча ҳуқуқларни сотиб олди. Айнан шу йили озиқ-овқат саноати учун кадрлар тайёрлаш (аввало McDonald’s тизимида ишловчи кадрларни етказиб бериш)ни мақсад қилган биринчи ўқув муассаса — Гамбургерология университети очилди. Бугунги кунда дунёда жами 8 та шундай университет фаолият юритмоқда. Улар Чикаго (АҚШ), Токио (Япония), Сан-Паулу (Бразилия), Лондон (Буюк Британия), Мюнхен (Германия), Шанхай (Хитой), Сидней (Австралия) ва Москвада (Россия) шаҳарларида жойлашган.

1960 йиллар бошларидан компаниянинг рекламага катта эътибор қаратиши ўз натижасини бермай қолмади, ушбу доимий рекламалар натижасида McDonald’s энг таниқли брендлардан бирига айланди. 1962 йилда «М» ҳарфини ташкил этувчи иккита олтин арка компаниянинг логотипи сифатида танилди.

1962 йилги логотип

Фото: «Pngitem.com»

1963 йил сотилган гамбургерлар сони миллиардга етди ва шу йилдан бошлаб компания ресторанларга болаларни жалб қилишга эътибор қарата бошлади, бунда қизил сочли Роналд Макдоналд масхарабозидан фойдаланилди. 1968 йилда Big Mac бозорга чиқарилди ва 1000-ресторан очилди. 1970 йилдан McDonald’s Американинг барча штатларида хизмат кўрсатишни бошлади. McDonald’s мижозлар қизиқишларини инобатга олган ҳолда 1973 йилдан ресторанларда нонушта қилиш имкониятини йўлга қўйди. Орадан етти йил ўтиб McDonald’s тайёр нонушталар бозорининг тўртдан бир қисмига эгалик қилди. 1975 йилдан бошлаб мижозлар автомобиллардан тушмасдан таом буюртма қилиш ва уни қабул қилиб олиш имкониятига эга бўлди. Ушбу хизматнинг йўлга қўйилиши натижа бермай қолмади, вақт ўтиши билан ушбу хизмат тури McDonald’s Corporation даромадларининг ярмидан кўпини ташкил эта бошлади. 1979 йилда McDonald’s ёш болалар орасида ўз аудиториясини кенгайтириш мақсадида инновацион хизмат «Happy Meal»(Бахтли таом) — болалар учун ўйинчоқ билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш хизматини йўлга қўйди.

Роналд Макдоналд

Фото: Getty Images

Янги ресторанларнинг очилиши эскиларининг даромадини камайтирди. Натижада ҳар бир тадбиркорлик субъектида бўлганидек McDonald’s раҳбарияти томонидан ҳам даромадни кўпайтириш мақсадида бир нечта маркетинг бўйича лойиҳалар амалга оширилди, аммо уларнинг барчаси ҳам муваффақиятли бўлмади. Бунга менюда янги таомларнинг пайдо бўлиши (пицца, макарон ва паст калорияли сендвичлар) ёки ёнилғи қуйиш шохобчалари ва савдо марказларида мини-ресторанларнинг очилишини мисол қилиш мумкин. 1996 йилда нисбатан муваффақиятли лойиҳа — Walt Disney компанияси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

1990 йиллар охири ва 2000 йиллар бошларида McDonald’s Британиянинг Аroma Cafe (1999), Американинг Chipotle Mexican Grill (1998),  Donatos Pizza (1999) ва Boston Market (2000) кафелар тармоғини сотиб олиш орқали ўз фаолиятини кенгайтиришга ҳаракат қилди. Бироқ ушбу харидлар ҳам керакли натижани бермади ва бироз вақт ўтиб ушбу компаниялар сотиб юборилди.

2016 йилда ресторан фаолияти ҳақида «Асосчи»(The Founder) фильм-драмаси намойиш этилди.

2019 йил 5 мартда McDonald’s корпорацияси сунъий интеллект соҳасидаги технологиялар билан шуғулланувчи Исроилнинг Dynamic Yield компанияси IT-стартапини сотиб олгани тўғрисида эълон қилди. Битим корпорация тарихида сўнгги 20 йил ичидаги имзоланган энг йирик шартнома саналади, тасдиқланмаган маълумотларга кўра унинг миқдори 300 миллион долларни ташкил қилади.

Бургер урушлари

Бу атама биринчи марта 1970 йиллар охирида Burger King’нинг Америкада ўз бозорини кенгайтириш ва йирик рақобатчиси McDonald’sнинг гамбургер бозоридаги улушини тортиб олиш учун уринишларига нисбатан қўлланилди. Кейинчалик бу урушга Wendy’s ва бошқа етакчи фаст-фуд компаниялари ҳам қўшилди. Бунда компаниялар нархларни пасайтириш, рақобатчиларга қарши агрессив реклама лойиҳалари тайёрлаш каби усуллардан фойдаланди. Ушбу курашда катта ютуқларга эриша олмаган McDonald’s бошқа мамлакатларда ўз улушини кенгайтиришга ҳаракат қила бошлади. 1980 йиллар ўрталарига келиб, доимий реклама харажатлари барча асосий уруш қатнашчиларига қимматга туша бошлади. Натижда йирик фаст-фуд компанияларида ходимлар сонининг мунтазам қисқариши кузатила бошланди. 1987 йилда Burger King Майами ва Флоридадаги ресторан ва штаб-квартираларининг юздан зиёд ходимларини ишдан бўшатди.

Фото: Google Images

Бу пайтда Wendy’s ташкил топганидан(1969 йил) бери биринчи марта операцион йўқотиш (ОП ўзи нима? батафсил) ҳақида эълон қилди. McDonald’sнинг эса аксинча операцион даромади, йиллик фойдаси ва бозордаги улуши ўсди. Hardee’s каби кичик тармоқлар қиммат реклама кампанияларидан қочиш ва кичикроқ, географик жиҳатдан чекланган жойларда қолиш орқали молиявий аҳволни ушлаб қолишга ҳаракат қилди.

New York Times’нинг ёзишича, 2000 йиллар охири ва 2010 йиллар бошларидаги иқтисодий инқироз «Бургер урушлари»нинг тўхташига олиб келди. Оғир иқтисодий аҳвол туфайли истеъмолчилар турли имтиёзлар ва арзон маҳсулотлар қидиришга мажбур бўлди. Бу эса фаст-фуд ресторанлари орасида рақобатнинг яна кучайишига олиб келди. Мазкур рақобат доирасида турли оргинал маҳсулотларнинг кўчирма нусхаларини яратиб, арзон нархларда сотиш авж олди. Ушбу сохталаштириш фаолиятларидан McDonald’s ҳам зарар кўрмасдан қолмади. USA Today газетасида 2014 йил март ойида чоп этилган мақолага кўра McDonald’s маҳсулотлари савдосининг пасайишига Big Mac ва McRib сендвичларининг сохталаштирилиши сабаб бўлган.

KFC билан давом этаётган кураш

2019 йилда қовурилган жўжа ва товуқ маҳсулотлари савдосида етакчи бўлган KFC компаниясининг бозордаги улушларини эгаллашга қаратилган «жўжа урушлари» бошланди. Ўз улушини бургерлари билан ҳимоя қилаётган McDonald’s 2021 йил февралида икки йил олдин Попеес ва KFC томонидан бошланган ушбу урушга қўшилди. Урушга McDonald’sнинг бевосита қўшилиши KFC маҳсулотлари сифати ва сотувлар миқдорининг ошишига олиб келди. «YUM brands» (KFC) раҳбари Дэвид Гибснинг анализларга асосланиб таъкидлашича, KFC’нинг янги товуқ сендвичлари аввалги версияларига қараганда икки баробар кўп сотиляпти.

Мос равишда McDonald’s томонидан 2021 йил февраль ойининг бошларидан сотувга қўйилган товуқли сендвичлар ҳам кўплаб мижозларни ўзига жалб қилмоқда. Kalinowski Equity Research компаниясининг ҳар чоракда ўтказадиган таҳлилларига кўра McDonald’s дўконлари кунига ўртача 262 та товуқ сендвич сотмоқда.

Фото: Pinterest

McDonald’s Ўзбекистонда пайдо бўлиши мумкинми?

Ўзбекистон Республикасининг собиқ Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниевнинг 2017 йил 27 сентябрдаги Халқаро пресс клуб сессиясида сўзлаган нутқига кўра 2017 йилдаёқ АҚШнинг McDonald’s корпорацияси Ўзбекистон бозорига кириб келишга қизиқиш билдирган. Бу билан боғлиқ хабарлар ва тахминлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги 5611-сонли «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 майда қабул қилинган 365-сонли «Чорвоқ эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши натижасида анча оммалашди. Бироқ ҳозирга қадар McDonald’s’нинг Ўзбекистонга кириб келиши борасида аниқ бир ҳаракат кўзга ташлангани йўқ.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади.