Шанхай автосалонида IM Airo номли янги электромобил тақдим этилди. Хитойда яратилган ушбу машинани бошқа моделлар билан чалкаштириб юбориш имконсиз, деб ёзади CARakoom.

Фото: CARakoom

IM — бу Хитойнинг Zhiji компаниясининг янги бренди. Zhiji эса SAIC Zhangjian Hi-Tech ва Alibaba Group’нинг қўшма корхонаси ҳисобланади. Airo дизайни устида Британиянинг Heatherwick Studio дизайнерлик компанияси иш олиб борган.

IM Airo концепт-кари ҳавони тозаловчи ноодатий технологияга эга. Бутун бошли электромобиль улкан ҳаво тозалагич каби ишлайди. Бу ноль миқдорда зарарли газларни чиқарадиган оддий автомобиль эмас, балки у ҳавонинг ифлосланишига қарши курашда ҳам ёрдам беради. Унга ўрнатилган улкан HEPA-фильтри атроф-муҳитдаги зарарли газларни сўриб олиб, уларни тозалайди.

Фото: CARakoom

Электромобиль атроф-муҳит билан яхши «келишибгина» қолмай, у тўлиқ автоном ҳисобланади. Шунингдек, унга шишали кенг эшиклар ва буриладиган ўриндиқ ўрнатилган. Руль чамбараги ва бошқарув органлари сақланиб қолган.

Фото: CARakoom

Heatherwick Studio асосчиси Томас Хезервик Airo моделини «тушлик, иш, ўйин ва ухлаш учун қўшимча маконга эга кўп функцияли хона» деб атаган. Дизайнернинг веб-сайтида маълум қилинишича, капсула автомобилни ишлаб чиқариш ишлари 2023 йилга мўлжалланган.

Аввалроқ АҚШда номаълум фирма қуёшдан қувватланадиган электрокроссоверни ишлаб чиқариши тўғрисида хабар берилганди.