Бир куни Фарғонадан қўнғироқ бўлди: «Риштонда 107 ёшни тўлдирган табаррук онахон бор. Тўнғич қизлари 80 га, кенжа ўғил 71 га кирган, энг катта невара нафақага чиққан, юздан зиёд чеваралари бор... Ёзмайсизми?» деб. Дарров рози бўлдим (107 га кириш осонми?!) ва дафтар-ручкани қўлтиқлаб, айтилган манзилга отландим.

107 ёшга кирган Тўхтабуви Исомиддинова

Фото: «Дарё»

Риштон тумани Боғистон–1 маҳалла фуқаролар йиғинида бизни онахоннинг кенжа ўғли – 71 яшар Аҳмаджон ака Исомиддинов кутиб олди. Боғистонликлар боғдорчиликда қўли гул бўлади. Ҳар йили тонналаб гилос, ўрик етиштириб, хориж бозорларига жўнатишади. Аҳмаджон аканинг хонадонида ҳам манзара жуда чиройли: турли-туман мевали дарахтлар, кўкат-у гуллар сероб. Фақат суғориш учун ҳар доим ҳам сув бўлмаслиги чатоқ экан.

Муродимизни эшитиб, Аҳмаджон ака Тўхтабуви ётган хонага бошлаб кирди. Юздан ошиб, ҳар ким ҳам етолмайдиган табаррук ёшни тўлдирган онахоннинг анча тетик, бардамлиги бир кўрганни ҳайратлантирмай қўймайди. Менам таажжубимни яширолмадим. Олдимдаги ҳамроҳларим ҳам сўз тополмай қолишди. Оғиздаги ҳамма тиш тушиб, қарилик жамики ҳунар-нағмасини кўрсатганига қарамай, Тўхтабуви 80-90 яшар кампирлардан-да тийрак, жонсарак. Уйга ким келиб, ким кетаётгани, йўқлов-чорловлар – ҳаммасидан хабардор бўлиб турарканлар.

Аммо қарилик қарилигини қилиб, хотира хийла пасайган, эшитиш, кўришда ҳам муаммолар энди-энди юзага қалқиётган, эт устихонга тобора ёпишиб, баданга ҳар хил яра-чақа тошаётган экан.

– Қулоқлаштириш сиёсатидан онамиз билан отамиз ҳам четда қолишмаган. Тўда қишлоғидаги бобомиздан мерос жамики мол-мулк, дов-дастак мусодара қилинади. 1939 йили 28 га кирган отамиз Комилжон Исомиддиновга «Ё отиласан, ё бош олиб кет!» деган талабни қўйишган. Шу йили бир иложини топиб, Тожикистон орқали Сурхондарёга ўтиб кетишга, беомон сургундан амаллаб қочишга улгуради. Сал ўтиб онамиз ҳам бола-бақрани бағрига босиб, отамиз ортидан кетади, – дея саволларимизга Аҳмаджон ака батафсил жавоб бераверди. – Отамиз рўзғорни бутлаш, қаҳатчилигу йўқчиликдан эсон-омон чиқиш учунам «Оқ олтин» номли колхоздан бери келмай ишлайверган. Олти қиз, икки ўғилни колхозда кетмончилик, гуруҳ бошлиғи, кейин раис бўлиб вояга етказган. Онамиз ҳам 60 йил ўша колхозда кетмон чопади, пахта экади, пилла, қурт тутиб, эгатларга сув тарайди – ер нимани сўраса, барини ўринлатаверади. Отамиз билан қиз-ўғилларни ўзлари билан бирга келган қон-қариндош, етим-есирга никоҳлатиб-узатиб, яшайверадилар.

1914 йили Риштоннинг Тўда қишлоғида туғилган Тўхтабуви Исомиддинова шу ёшга етгунча жуда кўп қийинчилик, синовларни бошдан ўтказган, ҳатто Сурхондарёга кетаётганда ҳам қўлида бирор ҳужжат, туғилган манзили қайд этилган парча қоғоз ҳам бўлмаган экан. Фуқаролик паспорти ҳам замон анча тинчигач, сувлар оқиб, излар босилгач олинган экан. Ҳозир онахоннинг тўнғич фарзанди 80 ни, энг кенжаси эса 71 ёшни қаршилаган. Саккиз фарзанд ва тўнғич невара Тўхтабуви бошчилигида – нафақада.

Тўхтабуви Исомиддиновага берилган паспорт

Фото: «Дарё»

Туғилиб ўсган жойингдан узоқда яшаш барибир қийин. Яқинларингни соғинганингда кўролмаслик икки карра оғир. Узоқ йиллар туғишганлардан айро яшаган онахон турмуш ўртоғи қазо қилгач, 2001 йили фарзандлари билан Фарғонага қайтишади. Тўхтабуви бир ўзи 2018 йилгача Фарғона шаҳри Ҳ.Сулаймонов кўчасидаги уйида вилоят ҳокимлиги ажратган шифокор ва ҳамшира назоратида яшаб, 103 ёшни қаршилагач, кенжа ўғилнинг Риштондаги ҳовлисига кўчиб келади.

– Аям жуда серҳаракат, тиним билмас аёллардан бўлган – дейди Тўхтабувининг кенжа келини Онахон ая. – Сурхондарёдан қайтгач, биз билан келиб яшанг, деб роса ялиндик. Unamaдилар. «Ҳовлингизда тош кўп! Бормайман!» деб Фарғонадаги уйларидан бери чиқмадилар. Олти қайнопам шаҳарда тургани учунам келолмадилар, шекилли. Тўрт йил аввал бир амаллаб кўндириб, иложини топиб, олиб келдик. Ҳозир икки келиним ҳам қайнонамнинг хизматида. Одам қаригач, яна тиши чиқади, сочи худди ёшликдагидек қораяди, дейишарди. Аямнинг ҳали тишлари чиқмади, лекин мана, сочлари қайтадан – худди атайин бўягандек қора бўлиб чиқяпти.

Тўхтабуви аянинг кенжа ўғли Аҳмаджон Исомиддинов ва турмуш ўртоғи Онахон ая Исомиддинова

Фото: «Дарё»

107 ёшида ҳам бардамлигини йўқотмаган Тўхтабуви қўшиғу, ёшликда ўрганган шеърларни айтишни хуш кўрарканлар:

Олма пишганда келинг,

Тагига тушганда келинг,

Ўрим-ўрим сочларим

Белга тушганда келинг.

Кўпга орзу бўлгувчи ёшга етган, 60 невара, юздан зиёд чевара, 35 эвара, дувараларга, агар бари бир ерга йиғилса, ҳайҳотдек ҳовлига сиғмайдиган авлодларига бош бўлиб ўтирган Тўхтабувининг узундан узун дуоларини олиб, тилакларини эшитиб, ортга қайтдик. Бизни ҳам шу ёшга етказсин!

Чарос Низомиддинова