«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — етти йилдан буён Россияда ишлаётган йигит.
Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.
Тўғри, ҳеч қаерда пул топиш осон эмас, аммо...
2008 йилда мактабни тамомлаб, туманимиздаги коллежга ўқишга кирдим. Ўқиш мобайнида пул топиш учун ўзимни турли йўналишларда синаб кўрганман. Ҳатто савдогарлик ҳам қилганман.Коллежни битирганимдан кейин икки йил Тошкентда ҳам ишлаб келдим. Аммо ҳеч ишим юришавермади. Топган пулим бирор нарса харид қилишга етмасди. Охири бошқа муҳожирлар каби мен ҳам Россияга ишга кетишга мажбур бўлдим.
Тўғри, ҳеч қаерда пул топиш осонмас, лекин Россияда ўзимизга нисбатан кўпроқ ва яхшироқ пул топиш мумкин эди. Шундай қилиб, 2013 йил Ростов-Дон шаҳрига келдим.
Рус тилини билмаслигим доим панд берарди
Дастлаб ишни ёғоч ўймакорлиги ва дурадгорликдан бошладим. Бу ҳунарлар менга бегона бўлгани учун бошида жуда қийналдим. Рус тилида гаплашолмаслигим кўп панд берди.Орадан бир йил ўтиб, рус тилини яхши ўргандим. Иш билан бирга интернетда маиший техника сотишни бошладим. Савдода электроникага қизиқишим, яхши билишим роса асқатди.
Ўз устимда тинимсиз ишлардим. Баъзан товарим сотилмай қолиб кетар, реклама қилиб, яна уларни сотишга ҳаракат қилардим. Хуллас, бир муддат шу тарзда ишлаб, маблағ йиғдим. 2016 йил декабрда Ўзбекистонга келдим, уйландим ва яна Россияга қайтдим.
«Нима учун яна кетдингиз? Шу ишларингизни Ўзбекистонда ҳам қилсангиз бўларди-ку», дейишингиз мумкин. Тўғри, ўзимизда қолиб, ишласам бўларди, аммо бу ерда кўп ишлар қилдим. Ҳатто тадбиркорлик ҳам.
Энди бирор юмушни этагидан тутган пайтим кимдир оёғимдан чаларди ва ҳаракатларим салбий оқибатлар билан тугарди. Шунча ҳаракатларингизни бир кунда пучга чиқаришлари ҳафсалангизни пир қилади. Қанча хоҳламанг, кимдир ишингизга қаршилик қилиб турса, сиз қайтиб у ишга уринмайсиз.
Россияда бизнесимни йўлга қўйдим
Ҳозирги кунда Ростов-Донда қариндошларим билан қонуний ишлаймиз. Ишимизда ҳар ой маош тўланмайди. Белгиланган вазифа қанча тез ва сифатли тугатилса, шунча тез пул берилади.Шунингдек, онлайн бизнесимни ҳам юритаман. Ҳозирда бир ойлик даромадим тахминан 1400-1500 доллар атрофида.
Айлангани эмас, ишлагани келганмиз
Мусофирликнинг нони ширин, азоби яширин бўлади дейишади. Баъзан уйга чарчаб келганимиздан овқат емай ухлаб қоламиз. Айтилган вазифани битириб бериш учун гоҳида 23:00-00:00 гача ишлашимизга тўғри келади.Россияда ҳам худди Ўзбекистондаги каби турли байрамлар, сайллар кўп ўтказилади. Аммо шерикларим билан ҳеч қаерга бормай, ишлаймиз. Чунки биз айлангани эмас, ишлагани келганмиз. Қоидага кўра байрам ёки дам олиш кунлари эмас, фақат иш тугаган пайтдагина тин олишимиз мумкин. Мен ўша пайтлари ҳам дам олмай, шахсий бизнесим устида ишлардим.
Яшаш жойимиз Ростов-Дон шаҳрининг марказида жойлашган. Турар жой ўз ҳисобимиздан. Ҳовлида беш кишимиз, биз билан уйнинг эгаси ҳам истиқомат қилади. Уйда барча шароитлар яратилган, иссиқ сув, газ ва электр узлуксиз берилади.
Ўзбекларга паст назар билан қарашади
Бу ерда ҳамюртларимиз кўп. Аксарияти қурилиш, том ёпиш, ошхона ва савдо шохобчаларида ишлайди. Тўғрисини айтсам, ўзбекларга русларнинг ҳаммаси ҳам яхши кўз билан қарайвермайди. Ҳар хил одам бор, кимдир яхши кўради, кимдир ёмон. Мен буни тўғри қабул қиламан.Россияда ишлаб, Тошкентдан ҳам уй сотиб олдим
Оилада тўнғич фарзандман. Синглим турмушга чиққан. Укам институтда ўқийди. Оилалиман, икки нафар ўғлим бор.Муҳожирликда кечирган етти йиллик умрим давомида Қашқадарёдан ва Тошкентдан ҳовли ва машина сотиб олдим. Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш учун бир мунча маблағ йиғдим.
Айни пайтдаги ниятим бизнес ғояларимни амалга ошириш ва ишларимни кенгайтириш.
П/С: Мақола чоп этилгунга қадар суҳбатдошимиз Ўзбекистонга қайтиб келди. Шу сабабли унинг айни пайтдаги режалари ҳақида сўрадик.
Ўзбекистонга қайтиш ниятим йўқ эди, аммо...
Очиғи, Ўзбекистонга қайтиш ниятим йўқ эди. Аммо дўстларимдан ҳозир тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитларни, қулайликларни эшитиб қайтиб келдим. Айни пайтда Қашқадарёдаман.Мақсадим — яна бир бор тадбиркорликда ўзимни синаб кўриш. Айни пайтда янги фирма очиб, қандолат маҳсулотларини тайёрлаб сотишни режалаштиряпман.
Тўғри, ўзимизда Россиядагидек 1000-1500 доллар топишим қийинроқ. Майлига, ҳарқалай оиламдан узоқда бўлмайман.
Умид қиламанки, энди ҳаммаси яхши бўлади ва мен Россияга яна қайтиб кетишга мажбур бўлмайман.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
Мавзуга доир:
- «Ўқимаганимда эди, ҳаёт шу экан деб юраверардим». 9 йилдан бери Россияда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир ҳикояси
- «Кореяда ишлаб, кунига 100-200 доллар топаман деб ўйлаётганлар адашади». Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир йигит ҳикояси
- «Россияга қарзларимдан қутулиш учун қочиб келганман». Наманганлик муҳожир йигит билан суҳбат
Лойиҳада иштирок этишни истаган муҳожир юртдошларимиз Telegram’даги @daryomuxbiri’га мурожаат қилишлари мумкин.