Самарқанд вилоятида йўловчи талашиб, жанжаллашган такси ҳайдовчиларига 5 суткадан қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суд судьяси Жонибек Раупов хабар берди.
Маълум бўлишича, судланувчилар — Зафар Бўриев, Тоҳир Раҳмонов, Хумoюнхон Каримов, Абдуқаҳҳор Абдуллаев ва Отабек Каримов 2021 йил 22 январь куни соат, тахминан, 09:30 да Самарқанд шаҳрининг Даҳбед ва Рўдакий кўчалари кесишган чорраҳа яқинида йўловчи талашган ва жанжал чиқариб, жамоат тартибини бузган.
Суд ҳукми билан судланувчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбли деб топилиб, ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шерзод Халиловнинг маълум қилишича, 22 январь куни содир бўлган жанжалда автобус ҳайдовчилари ва кондукторлар иштирок этмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ автобус ва такси ҳайдовчилари ўртасида келиб чиққан жанжал ҳақида хабар берилиб, воқеадан сўнг автобусга белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи олиб ҳаракатланган ҳайдовчига нисбатан маъмурий тартибда чора кўрилгани, вилоят Транспорт бошқармаси ходимлари ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказгани ҳақида хабар берилганди.