Ўрта Осиёдаги йирик саноат корхонаси саналган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Мис эритиш заводи 1963 йилда ишга тушган бўлиб, рангли ва нодир металлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги ягона заводдир. Мазкур завод бугунги кунда мис катоди, сулфат кислотаси, мис купороси, молибден куйиндиси, перренат аммоний, эмалланган мис симлари, селен, теллур, палладий, аффинажланган олтин, аффинажланган кумуш ҳамда суюлтирилган кислород каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Ҳозирга қадар корхонада қатор модернизациялаш ишлари амалга оширилиб, металлни эритиш ва ундан маҳсулот олиш жараёнига замонавий технологиялар жорий қилиб келинмоқда. Хусусан, қатор цехларда маънан ва жисмонан эскирган ускуналар янгисига алмаштирилди. Металлургия цехида янги Ванюков печи қурилди, ҳаво тақсимлаш цехида кислород блоки алмаштирилди , янги сулфат кислота цехи барпо этилди.
Завод директори Бахтиёр Ваққосовнинг сўзларига кўра, мис эритиш технологияси йилдан йилга ривожланиб, янги технологияларнинг амалиётга татбиқ этилиш жараёни жадал давом этмоқда.
«Мис ишлаб чиқариш жараёнида турли хил зарарли газлар ажралиб чиқади, биз улардан сулфат кислотасини оламиз. Қанча кўп сулфат кислотаси ишлаб чиқарилса, атроф-муҳитга заҳарли газларнинг тарқалиши шунча камаяди. Ана шу мақсадда 2015 йилда Германия технологияси асосида янги сулфат кислотаси цехини ишга туширдик. Натижада 2020 йилгача сулфат кислотаси ишлаб чиқариш унумдорлиги икки баробарга ошиб, 688 179 тоннага етди. Ҳозирда Мис эритиш заводи мамлакатимизнинг сулфат кислотасига бўлган эҳтиёжининг 80 фоиздан ортиғини таъминлаб келмоқда», – дейди Бахтиёр Ваққосов.
Қайд этиш жоиз, саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ортгани сари ундан ажралиб чиқадиган газ миқдори ҳам мос равишда кўпайиб боради. Натижада уларнинг атроф-муҳитга бўлган таъсирини камайтириш масаласи кун тартибига чиқади. Мис эритиш заводида ҳам бу борада қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Масалан, 2020 йилда заводнинг газларни чанглардан тозалайдиган электрофильтрлари жорий таъмирланди. Жорий йилда ҳам бу жараён давом этяпти.
Завод директорининг таъкидлашича, ҳозирда атмосферага ажралиб чиқаётган газларни камайтиришга қаратилган йирик лойиҳаларнинг дастлабки босқичи бошлаб юборилган. Лойиҳа доирасида 2021-2023 йилларда Мис эритиш заводида олтингугурт оксидини қайта ишлаб, сулфат кислота ишлаб чиқариш ҳажмини 800 минг тоннагача етказиш кўзда тутилган.
ОКМКда ишлаб чиқарилаётган сулфат кислотаси нафақат ички бозорга етказиб бериляпти, балки хорижга, жумладан, кўшни Қозоғистонга ҳам экспорт қилинмоқда. Сабаби жаҳон бозорида мазкур хом ашёга бўлган эҳтиёж тобора ортиб боряпти. Хусусан, 2019 йилда 664 минг 402 тонна, 2020 йилда 688 минг 179 тонна сулфат кислотаси ишлаб чиқарилиб, режа 102,5%га бажарилган. Шунга мос равишда 2020 йилда 100 минг тоннагача сулфат кислотаси экспорт қилинган. Жорий 2021 йилда эса сулфат кислотаси экспортини 130-140 минг тоннага етказиш кўзда тутилмоқда.
Давлат рахбари томонидан қўлланиб келинаётган "Ёшлик 1 конини ўзлаштириш" инвестиция лойихаси доирасида янги икки босқичли Мис эритиш заводи лойиҳаси амалга оширилиб, 2024 йилда унинг 1-босқичи, 2028 йилда эса 2-чи босқичи ишга туширилади. Мазкур завод ишга тушгач ишлаб чиқариш қувватлари бир неча баробарга ортади, хом ашёлардан комплекс фойдаланиш имконияти кенгаяди.
Бундан ташқари, лойиҳа рангли ва қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ва атроф-муҳитга чиқарилаётган технологик газлар, техноген чиқиндиларни бартараф қилишга йўналтирилган. Йирик лойиҳа доирасида янги замонавий металлургия агрегатлари, мис электролизи цехи, сулфат кислотаси цехи, ҳаво тақсимлаш цехи, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси барпо этилади.
Бу каби лойиҳаларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар тўлиқ ишга тушгач атроф-муҳит учун зарарсиз, халқаро стандартларга жавоб берадиган улкан мажмуа юзага келади.
«Биз металлурглар жамоаси нафақат Мис эритиш заводи, комбинатнинг барча корхоналари келажакда янги технологиялар асосида самарали фаолият олиб боришига ишонамиз ва албатта, бунга эришамиз. Асосий мақсадимиз ҳам шу», – дея қўшимча қилди завод директори.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йилдан йилга ўсиб бораётган ишлаб чиқариш кўрсаткичлари уни мунтазам замон талабига мослаб боришни тақозо этади. Бу ерда модернизациялаш ишлари якунлангач унинг мамлакат иқтиқодиётига қўшаётган ҳиссаси янада ошиши шубҳасиз.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)