Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси маълумотларига кўра Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Венгрия коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини рўйхатдан ўтказди, дея хабар қилмоқда «Интерфакс»

Фото: EPA

«‘Спутник V’ вакцинаси Бирлашган Араб Амирликларида Россияда 33 мингдан ортиқ одам иштирокидаги 3-босқич клиник синовлари натижаларига кўра тезлаштирилган процедура доирасида рўйхатдан ўтказилди», – деб хабар қилди жамғарма.

Ҳозирда БААда клиник синовларнинг учинчи босқичи мамлакат Соғлиқни сақлаш ва профилактика вазирлиги ва Абу-Даби Соғлиқни сақлаш бошқармаси назорати остида 1000 нафар кўнгилли иштирокида давом этмоқда.

Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев БАА Россиянинг Яқин Шарқдаги асосий шерикларидан бири эканлигини айтди.

«‘Спутник V’ни Бирлашган Араб Амирликларининг миллий вакциналар портфелига киритиш тўғрисидаги қарор аҳолини ҳимоя қилишда муҳим қадамдир», – деди у.

Шу билан бирга, Россиянинг «Спутник V» вакцинаси Венгрияда ҳам рўйхатдан ўтказилди. Кирилл Дмитриевнинг таъкидлашича, Венгрия Европа Иттифоқи мамлакатлари ичида биринчи бўлиб ушбу вакцинани рўйхатдан ўтказди.

«Венгрия ‘Спутник V’ вакцинасининг барча афзалликларини қадрлаган ва ундан фойдаланишга рухсат берган биринчи Европа Иттифоқи мамлакати бўлди», – деди Дмитриев.

Бундан аввал Венгрия COVID-19’га қарши Россия вакцинасини сотиб олмасликка қарор қилгани тўғрисида хабар тарқалганди.

Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РТИФ) Венгриянинг Россия вакцинасидан воз кечиши ҳақидаги хабарни «сохта янгиликларнинг яна бир мисоли» деб атади. Жамғармада айтилишича, Москва 2021 йил январь—март ойларида Будапештни етарли даражадаги вакцина билан таъминлашга тайёрлигини ва ҳозирда Венгрия назорат органларидан рухсат олиш учун иш олиб бораётганини билдирган.

28 декабрь куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сиярто мамлакатга Россиянинг 6000 дозадан ибора вакцина партияси келганини маълум қилган.

Маълумот учун, «Спутник V» вакцинаси Россиядан ташқари Беларусь, Аргентина, Боливия, Сербия, Жазоир, Фаластин, Венесуэла, Парагвай ва Туркманистонда рўйхатдан ўтган.

Аввалроқ Қозоғистон ўз фуқароларини 1 февралдан «Спутник V» вакцинаси билан эмлашни бошлаши ҳамда Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.