АҚШ собиқ президенти Барак Обама Вашингтондаги Капитолий тепалигида бўлиб ўтган воқеаларга бағишланган баёнот билан чиқди, деб ёзади «РБК». Унинг сўзларига кўра, амалдаги президентнинг иғвогарлиги остида юз берган Конгресс биносига ҳужум АҚШ тарихига «буюк шармандалик» сифатида киради.

Фото: EPA

«Қонуний сайловлар натижалари ҳақида асоссиз ёлғон гапиришдан тўхтамаган амалдаги президентнинг иғвогарлиги оқибатида юзага келган Капитолийдаги бугунги шафқатсизликни тарих бизнинг миллат учун буюк шармандалик ва уят палласи сифатида ҳали эслатади», — деб ёзди Обама Twitter’да.

АҚШ собиқ президенти ҳодисани шу билан бирга кутилмаган деб ҳисобламаслигини ҳам таъкидлади. «Сўнгги икки ойдан буён Республикачилар сиёсий партияси ва унга иттифоқдош бўлган матбуот жуда кўпчилик ҳолларда тингловчиларга ва ўқувчиларга ҳақиқатни айтишни истамай келаётган эди, бу сайловларнинг баҳсли бўлмагани ва сайланган президент Байден 20 январь куни лавозимига киришиши ҳақидаги ҳақиқатдир», — деди у. Республикачиларга яқин матбуот ўз ўқувчиларига тасвирлаб берган манзарани Обама «фентези жанридаги ҳикоя» ва воқеликдан узоқ бўлган тасвир деб атади.

Обаманинг фикрича, республикачилар юзага келган шароитларда биринчи қадамни ўзлари ташлаши ва «ўт олган алангани ўчириши» керак. У Республикачилар партиясининг Трампнинг сиёсатига қарши чиққан тарафдорларини қўллаб-қувватлади.

Вашингтондаги ҳодисани қоралаб АҚШнинг бошқа собиқ президентлари ҳам чиқиш қилди. Билл Клинтон Капитолийнинг Трамп тарафдорлари томонидан ишғол қилиниши бир вақтнинг ўзида бутун мамлакат ва конституцияга нисбатан ҳам ҳужум бўлганини айтди. «Бу ҳужум атайлаб дезинформация тарқатувчи, бизнинг сиёсий тизимимизга ишончсизлик уруғини сочувчи ва америкаликларни бир-бирига қарши гиж-гижловчи тўрт йиллик заҳарли сиёсат оқибатида келиб чиқди», — деб ҳисоблайди Клинтон. У Конституцияда кўзда тутилган тарзда ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилишини якунлашни талаб қилди.

Собиқ президент кичик Жорж Буш Капитолийдаги воқеаларни кузатиб турганида «кўзларига ишонмагани»ни айтди. «Сайлов натижалари юзасидан бундай тортишув бизнинг мамлакат эмас, банан республикасига (Банан республикаси —  сиёсий беқарорлик билан бирга чекланган қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига боғлиқлик ҳукм сурган Лотин Америкаси мамлакатларини тавсифлаш учун қўлланилган атама) хос», — дейилади унинг баёнотида. «Мени баъзи сиёсий етакчилар сайловдан кейин ўзини қанчалик телбаларча тутиши, шунингдек, бугун бизнинг институтларимиз, анъаналаримиз ва ҳуқуқ-тартибот органларимизга нисбатан намоён қилинган ҳурматсизлик ларзага келтирди», — дея қўшиб қўйди у.

Бундан ташқари, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Вашингтондаги президент сайлови натижаларига қарши норозиликларни қоралади. «АҚШ доим бутун дунёдаги демократия тарафдори бўлган, шунинг учун бу мамлакатда ҳокимиятнинг топширилиши тинч ва қонуний йўл билан кечиши жуда муҳимдир», — деди Жонсон. У норозилик акцияларини «шармандалик саҳналари» деб атади.

6 январь куни Дональд Трампнинг тарафдорлари соқчилар занжирини ёриб ўтиб, Вашингтондаги АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди. Улар президент сайловлари натижаларини тасдиқлашга бағишланган конгресс мажлисини тўхтатиб қўйди. Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилинди, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилмоқда.