Халқ таълими вазирлиги оталиққа бириктирилган умумтаълим мактабларига 2020 йил давомида моддий ва маънавий кўмак берган ТОП-10 вазирлик ва идоралари номини маълум қилди.
Таъкидланишича, ушбу давлат ташкилотларининг раҳбар ва ўринбосарлари ўзларига бириктирилган умумтаълим мактабларига 2020 йил давомида ташриф буюриб, халқ таълими соҳасининг чинакам ҳамкорларига айланган.
Жумладан, Миллий олимпия қўмитаси ёрдамида Олмазор туманидаги 234-сонли мактабда Инновацион технология хонаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Юнусобод тумани 250-сонли мактабда SMART хоналари ташкил этилган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Юнусобод тумани 302-сонли ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан 58-сонли мактабда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, Учтепа тумани 74-сон мактабининг («Ўздонмаҳсулот») таъмирталаб пол қисмлари замонавий таъмирланди. Чилонзор туманидаги 173-сон умумтаълим мактабининг 4 та синф хонаси «Ўзбекистон темир йўллари» ёрдами билан мукаммал таъмирланди, ўқувчилар учун спорт майдончасига ускуналар ўрнатилди ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманидаги 132, 136, 141 ва 180А-сонли мактабларда «Ўзбекнефтегаз» раҳбар ва ўринбосарлари томонидан кўплаб бадиий адабиётлар, замонавий компьютер техникалари (принтер, электрон доска, рангли нусха кўчириш ускунаси ва бошқалар) совға қилинди. Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси томонидан Сергели туманидаги 269 ва 277-сон умумтаълим мактаблари учун антисептик воситалари (дозатор, пирометр, тиббий ниқоблар ва бошқалар) етказиб берилди.
Шунингдек, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси оталиққа олган мактаблари (Юнусобод тумани 12, 21 ва 43-сонли умумтаълим мактаблари)га кузатув камералари ва ёнғинга қарши ўт ўчириш воситалари етказиб берди.
Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Учтепа туманидаги 123, 129, 197 ва 203-сонли умумтаълим мактабларида ўқитувчилар нуфузини оширишга, ўқувчиларни касбга йўналтиришга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, хорижий тилларда чоп этилган қимматбаҳо бадиий адабиётлар, компьютер жамланмалари, антисептик воситалар ва ўқув қуроллари совға қилинди.
«Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари жамоаси ҳамда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари номидан 2020 йилда халқ таълими соҳасини қўллаб-қувватлагани учун вазирлик ва идораларга самимий миннатдорчилик изҳор қилади!
2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ҳам халқ таълими соҳасини ривожлантиришга кўмаклашувчи ва ҳамкорлик қилувчи вазирлик ва идоралар сафи янада кенгайишига ишонамиз», – дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистонда АКТ ва информатика йўналишига ихтисослашган мактабларга қабул бошлангани, Ўзбекистондаги мактабларда тўгараклар фаолияти тикланиши ҳамда Мактабларда вақтинча ўтилмаётган фанлар 3-чоракдан давом этиши ҳақида хабар берилганди.