Биз Энрико Ферми ва унинг биринчи атом реактори ҳақидаги мақоламизда инсоният тарихидаги дастлабки реактор 1942 йилда Чикагода барпо этилгани ва ишга туширилгани ҳақида ёзган эдик. Ферми буюк олим эди ва бу борадаги биринчиликка у ҳақли равишда эришди. Лекин, биласизми, биринчи реакторни Фермидан ҳам аввалроқ бошқа бир олим – Фредерик Жолио-Кюри Францияда қуриши мумкин эди.
Унда бунинг учун барча шароит: пухта илмий база, аниқ ҳисоб-китоблар ва энг муҳими, ўзи муаллифлигидаги тайёр лойиҳа бор эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланмаганида ва унда Франция энг биринчилардан бўлиб таслим бўлмаганида, балки Жолио-Кюрининг реактори аввалроқ қурилган ва ишга тушган бўлар эди. «Дарё» олимнинг илмий фаолияти ҳақида маълумот беради.
Ҳақиқатан ҳам Жолио-Кюри ўзининг атом реактори лойиҳаси учун 1939 йилдаёқ патент расмийлаштиришни бошлади. Бошқа реакторлардан фарқли ўлароқ, Жолио-Кюри энергия олиш реакциясида оғир сувни қўллаш мақсад қилинган эди. У ўша йилларда бутун дунё физиклари орасида катта қизиқиш ва қўрқув билан ўрганилаётган соҳанинг – атом энергетикасининг барча эҳтимолий оқибатларини энг биринчилардан бўлиб англади, дейиш мумкин.
1939 йилда немис физиги Отто Ган томонидан ураннинг ядровий парчаланишига асосланган занжир реакцияси назарий асослангач, олимлар орасида энг биринчи бўлиб айнан Жолио-Кюри ушбу реакциянинг портлаш характерига эга эканини физик жиҳатдан исботлаб берди ва бундан энергия ишлаб чиқариш манбаси сифатида фойдаланиш кераклигини тарғиб қила бошлади. У атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ғоясининг ҳам энг биринчи тарафдори бўлган десак, асло муболаға бўлмайди.
Бироқ бошланиб қолган уруш туфайли олимнинг атом энергетикаси соҳасидаги барча илмий ишлари тўхтаб қолди. У, албатта, ўз алоқа каналлари орқали АҚШда Ферми томонидан биринчи реактор ишга туширилганидан хабар топган ва атом бомбасининг яратилиши юзасидан юритилган Манхэттен лойиҳаси ҳақида ҳам маълумотга эга бўлиб турди. Бироқ у ватани Францияда ҳам атом энергетикаси соҳасида иш бошланиши учун уруш тугашини кутишга мажбур бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши якунланиб, Францияда Шарль де Голль ҳукумат тепасига келгач, мамлакатдаги энг обрўли олим сифатида Фредерик Жолио-Кюрини Илмий тадқиқотлар миллий институтига раҳбар этиб тайинлади. Президент унинг олдига жуда муҳим вазифа – урушда барбод бўлган француз илмий потенциалини қайта тиклаш вазифасини қўйган эди. Шу билан бирга, Жолио-Кюри атом энергетикаси борасидаги тадқиқотларига ҳам қайтди ва ўзининг оғир сувни қўллашга асосланган реакторини барпо этишга киришди.
Бу пайтда бутун дунё жамоатчилиги Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига ташланган атом бомбасининг даҳшатларини муҳокама қилаётган эди. Одамзод атомнинг қудратини салбий жиҳатдан кўриб бўлганди ва ушбу вайронкор куч нафақат алоҳида ҳудуд ва давлатларни, балки бутун бошли сайёранинг ўзини ҳам кунпаякун қилиши мумкинлиги очиқ равшан намоён бўлган эди. Жолио-Кюри эса атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш кераклигини энг олий ҳукумат раҳбарлари орасида тарғиб қилишга киришди ва 1945 йилда у Шарль де Голлни Франция атом энергетикаси комиссариати ташкил қилишга кўндирди.
Шунингдек, айнан Жолио-Кюри де Голлни француз атом бомбасини яратиш борасида шошмасликка ундади ва урушдан эндигина қутилган дунё мамлакатлари учун бу ёғига барқарор ва тинч ҳаёт кераклиги, олдинда турган тикланиш ва тараққиёт ишлари учун эса барқарор энергетика соҳаси ўта зарурлигини тушунтирди.
Унинг ташаббуси билан ташкил қилинган Франция атом энергетикаси комиссариати (CЕА) 1946 йилнинг 8 март санасида Иль-де-Франсдаги Шатион ҳудудида французлар ўзининг биринчи атом реакторини қуришни бошлади. Ўша реактор ЗОЭ деб аталган ва унинг маъноси «Уран оксиди ва оғир сувга асосланган нолинчи энергия» деган маънони берарди. Унда олим табиий уран оксидидан ядро ёқилғиси сифатида фойдаланган бўлса, оғир сув – секинлаштирувчи вазифасини бажарди.
Деярли икки йил давом этган қурилиш ишларидан кейин, 1948 йилнинг 15 декабрида, бундан нақ 72 йил муқаддам Жолио-Кюри ва Франциянинг илк атом реактори муваффақиятли ишга туширилди. Реактор дастлабки пайтларда атиги бир неча киловатт энергия берган холос. Лекин бу тажриба-синов ишларини бажаришга ва янада пухтароқ реакторни лойиҳалашга амалиёт вазифасини ўтаб берган. Орадан беш йил ўтиб эса у Франция учун биринчи ҳақиқий улкан атом станциясини барпо этди. Металл уран ва оғир сув асосида ишлайдиган ушбу реактор катта миқдорда энергия ишлаб чиқара олар ва ҳатто саноатни таъминлашга қодир эди.
Бироқ Франция олий ҳукмрон доиралари Жолио-Кюрини раҳбарлик мақомида узоқ қолдирмасликка қарор қилди. Чунки бу пайтда атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш ғоялари тарғиботчисига айланган олим коммунистлар билан яқин алоқаларга киришиб кетгани мамлакат раҳбарларига ёқмади. Уни лавозимидан четлатишди ва атом энергетикаси лойиҳаларида фақат илмий ходим сифатида иштирок этишига йўл қўйиб беришди холос.
Шунга қарамай, Жолио-Кюри ўзининг тинч атом ҳақидаги ғояларига содиқ қолди ва ядровий энергия потенциалидан фақат ва фақат тинч мақсадларда, хусусан, тиббиётда, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва илмий саноатда фойдаланиш зарурлигини кенг таъкидлашдан чарчамади. Айтишларича, Жолио-Кюри атомдан қурол сифатида фойдаланилишига глобал тақиқ қўйилиши ғояси муаллифи ҳам эди ва 1946 йилда илк бора БМТ атом кенгаши чақирилганида, у Франция элчисининг мазкур кенгашдаги расмий нутқи учун тайёрланган матнни ҳам ёзиб берган экан. Унда Франция ядровий қурол ишлаб чиқарилишига ва ядровий қуролнинг қўлланишига глобал тақиқ жорий этилиши таклиф қилинди.
Жолио-Кюри Франция атом комиссариатидан четлатилгандан кейин ҳам атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш ғояларини бутун дунё бўйича тарғиб қилишдан чекинмади ва 1950 йилда атом қуролидан фойдаланишни тақиқлаш бўйича Стокгольм чақириғи билан катта чиқиш қилди. Ҳозирда ҳам Жолио-Кюри тинч мақсаддаги атом ғояларининг тимсоли сифатида юксак дидли, инсонпарвар ва олийжаноб шахс сифатида ёдга олинади.
Мақола сўнгида бир қизиқ фактни келтириб ўтсак: Кюрилар оиласи Нобель мукофотини олиш бўйича жаҳонда рекордчи саналади. Ушбу оиланинг ўзида нақ бешта Нобель мукофоти бор! Энг биринчиси – Жолио-Кюрининг қайнота ва қайнонаси, буюк кимёгар олима – Мария Кюри ва физик олим Пьер Кюри 1903 йилги Нобелга сазовор бўлган бўлса (1911 йил Мария Кюрининг ўзи иккинчи бора Нобель олган), кейинчалик эса Жолио-Кюри ўзи ва рафиқаси Ирен Кюри ҳам сунъий радиоактивлик ҳодисасини кашф этгани учун кимё бўйича 1935 йилги Нобель мукофотига сазовор бўлди. Тушунганингиздек, тинч атом тарафдорлари доҳийси бўлмиш Фредерик Жолио-Кюри ўша машҳур Пьер ва Мария Кюриларга куёв бўлади.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)