Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қўшма Штатларга амалга оширган ишчи ташрифи давомида 19 ноябрь куни АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер билан учрашди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Лиса Фердинандо / Office of the Secretary of Defense Public Affairs

Фото: Лиса Фердинандо / Office of the Secretary of Defense Public Affairs
Маълум қилинишича, Кристофер Миллер Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик музокараларига кўмаклашиш, мамлакат иқтисодий тикланишини ва унинг Марказий Осиё минтақасига қўшилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган. Вазирлар «Афғонистондаги тинчлик жараёнини янада ривожлантириш ва мустаҳкам сиёсий барқарорлашувни қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлаган».

Фото: Лиса Фердинандо / Office of the Secretary of Defense Public Affairs

Фото: Лиса Фердинандо / Office of the Secretary of Defense Public Affairs

«Вазир Комилов АҚШга Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасини модернизация қилишга кўрсатаётган доимий ёрдами учун миннатдорчилик билдирган. Вазир вазифасини бажарувчи Миллер ва ташқи ишлар вазири Комилов икки мамлакат ҳарбий идоралараро икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтган ва терроризмга қарши кураш, чегараларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда мудофаа институтлари потенциалини ошириш каби масалалардаги яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятларини билдириб ўтган», — дейилади хабарда.

Кристофер Миллер «Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги етакчи роли учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирган ва Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашини, минтақадаги давлатлар билан хавфсизлик соҳасидаги умумий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлаб ўтган».

Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар