Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдуллани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон—Афғонистон муносабатларини ривожлантиришда эришилган суръатни катта мамнуният билан таъкидлади. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика, таълим ва бошқа муҳим йўналишларда устувор лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Афғонистонда минтақавий аҳамиятдаги инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр экани таъкидланди.
Абдулла Абдулла самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашга ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Меҳмон Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган доимий кўмак учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистоннинг Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этишга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзо давлатларини Афғонистонга кўмак бериш ва тикланиши бўйича қисқа фурсат ичида режа ишлаб чиқиш ва қабул қилишга чақирди.