«Астон Вилла» жамоаси Премьер Лигаси 6-тури доирасида «Лидс»га ютқазиб қўйди (0:3).

Фото: Getty Images

«Астон Вилла»нинг мағлубиятидан кейин 2020/21 йилги мавсумда Европа кучли бешлик лигаларида очко йўқотмаган ягона жамоа қолди — бу «Милан». Бу ҳақда Gracenote хабар қилмоқда.

Миланликлар Италия чемпионати жорий мавсумида 4 та ўйин ўтказди ва уларнинг ҳаммасида ғолиб чиқди. Стефано Пиоли шогирдлари «Болонья» (2:0), «Кротоне» (2:0), «Специя» (3:0) ва «Интер»ни (2:1) таслим этишга эришди. «Милан» кетма-кет 21 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. А Серия етакчиси навбатдаги турда «Рома»га қарши ўйнайди.

«Астон Вилла» «Лидс»га қарши ўйиндаги мағлубиятга қадар кетма-кет тўртта ўйинда ғалаба қозонганди — «Шеффилд Юнайтед» (1:0), «Фулҳэм» (3:0), «Ливерпуль» (7:2) ва «Лестер» (1:0).

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!