Фаластиннинг Рамалла шаҳрида бундан роппа-роса 20 йил олдин икки исроиллик ҳарбий фаластинлик араб оломони томонидан ваҳшийларча ўлдирилди. Икки марҳум – Вадим Нуржис ва Ёсеф Авраами жанговар бўлмаган захирадаги ҳарбийлар эди. Исроиллик ҳарбийлар дастлаб Рамалла шаҳрида қўлга олиниб, полиция маҳкамасига олиб кетилди. Шундан сўнг маҳкама олдида тўпланган оломон уни бузиб киришга муваффақ бўлди ва довруғи оламга машҳур бўлган ваҳшийликлар бошланди.
Ҳаммаси қандай бошланди?
2000 йилнинг 27 сентябрида Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо секторида фаластинлик арабларнинг Исроил ҳукуматига қарши «Ал-Ақса Интифада» ёки «Иккинчи Интифада» (биринчиси 1987 йилда бўлиб ўтган) номли қуролли қўзғолони бошланди. Ушбу қўзғолоннинг биринчи кунидаёқ террористик ҳужумлар ва тўқнашувлар натижасида олти яҳудий, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар ўлдирилди, кўплаб одамлар жароҳатланди. Урушнинг биринчи ҳафтаси якунига кўра, Исроил армияси ва полицияси ҳаракатлари натижасида жанг ва оммавий тартибсизликлардаги қурбонлар сони уч хоналик рақамга айланади – юзлаб исроиллик ва фаластинлик араблар.Исроил мудофаа кучлари вакилининг сўзларига кўра, армия ҳаддан ташқари босиқлик кўрсатган ва фақат жавобан ёки аскарлар ҳаётига таҳдид бўлган ҳолларда ўқ очилди. Бундан ташқари, доимий ҳужумларга қарамай, армия мудофаа позициясида қолди ва асосан араблар яшайдиган жойлардан ташқарига чиқарилди, улардаги вазиятни назорат қилиш Фаластин маъмуриятининг хавфсизлик кучлари қўлида эди.
Линч суди
2000 йилнинг 12 октябрь санасида қўзғолонларнинг иккинчи ҳафтаси кетаётган эди. Бу вақтда икки Исроил армияси ҳайдовчилари – Вадим Нуржис ва Ёсеф Авраами Фаластиннинг Рамалла шаҳрига адашиб кириб қолишади. Улар Фаластин миллий администрацияси (ФМА) томонидан қўлга олинади.Кўплаб манбаларда таъкидланишича, ҳарбийлар Рамаллага хато туфайли кириб қолган, улар бир бурилишда нотўғри томонга қайрилди. Аммо бошқа вариантлар ҳам бор – асл келиб чиқиши исроиллик бўлган сиёсатшунос олим Аҳрон Брегманнинг сўзларига кўра, аскарлар бир кун олдин Исроил армияси томонидан ўққа тутилган 17 ёшли ўспириннинг дафн маросимини кутиб олиш учун отланган ва улар Исроил томонидан қидирувда бўлган шахсларни ҳибсга олиш мақсадида араблар ниқобини олган, кейин эса уларни Фаластин миллий администрацияси қўлга олган. Ҳақиқатни билувчи икки киши вафот этган экан, бу борадаги тахминлар шунчаки вариант сифатида қолаверади.
Исроиллик икки киши ушланганидан сўнг Рамаллада яна икки киши (жами тўрт киши) ушлангани ҳақида хабарлар чиқа бошлайди, лекин бу ўз тасдиғини топмайди. Полиция маҳкамасида икки яҳудий сақланаётгани ҳақида гаплар шаҳар бўйлаб тезлик билан ёйилади. Бундан хабар топган оломон маҳкама олдида тўпланади ва унга ҳужум уюштириб, икки яҳудий аскарни воқеа жойида жони узилгунча (ва ундан кейин ҳам) ваҳшийларча қийноққа солди, яъни Линч суди амалга оширилди.
Уларнинг жони узилганидан сўнг аскарларнинг таналари ойнадан пастга улоқтирилди, пастдаги одамлар эса уни яна урушда давом этди. Оломон резервчилар жасадларини «зудлик билан ғалаба тантанаси» бўлиб ўтадиган Рамалланинг марказий майдонига судраб борди. «Танзим» ташкилотининг ниқобланган аъзолари полиция бўлимида (ҳудудида) «байрам фотосуратлари» учун суратга тушишга ҳам улгурди. Баъзи манбаларга кўра, қатлиомда ФМА полицияси ҳам бевосита иштирок этган эди.
«Улар инсон оёғини судраб кетишар эди». Гувоҳлар нима дейди?
Оломоннинг ҳаракатига гувоҳ бўлган 29 ёшли британиялик фотосуратчи Марк Сигер қуйидагича ёзади:«Нима бўлаётганини кўриш учун таксидан тушдим ва оломон ортидан ниманидир судраб келаётганини кўрдим. Бир неча сониядан сўнг улар ёнимдан ўтиб кетди ва мен тўсатдан улар одам танасини оёқларидан судраб юришаётганини даҳшат билан кўрдим. Тананинг пастки қисми олов билан ўралган, юқори қисми эса ўқ билан ўралган эди. Боши қонли пюре ичига эзилган. Армиянинг махсус шимидан нима қолганини кўрдим ва бу аскар эканини англадим. У аллақачон ўлганига қарамай, улар унинг бошига ваҳшиёна урди. Улар ҳақиқий ҳайвонлар эди».
У, шунингдек, бу ҳолатни суратга туширмоқчи бўлганида оломон уни ҳам уриб, аппаратларини синдириб юборганини ҳам таъкидлади. У Рамалла даҳшатини ўзи ишлаган баъзи хавфли жойлар билан солиштирди: «Бу мен кўрган энг даҳшатли нарса эди. Конго, Косово ва бошқа хавфли жойларда мен аллақачон материаллар тайёрлаганман. Серблар албанлар устида масхара қилаётганини кўрдим, аммо буни ҳатто Рамаллада кўрганим билан таққослаб ҳам бўлмайди». Қирғиннинг бир қисми Италия телевидениеси гуруҳи (Медиасет канали) томонидан суратга олинган бўлиб, ушбу кадрлар бутун дунё бўйлаб тарқалди, шу жумладан, ўша машҳур қўли қонга ботган фаластинлик сурати ҳам.
2001 йил Рамалладаги Линч суди «асосий юзи»га айланган Абдул Азиз Салеҳ қўлга тушди «Мен қўшни хонага кирдим, у ерда бир неча фаластинлик полициячилар бор эди. Ерда ётган бир яҳудий аскарни кўрдим. Яқинроқ келиб, унинг орқасида, ўнг елкасида пичоқ тиқилиб қолганига гувоҳ бўлдим ва пичоқни аскарнинг орқасидан тортиб олдим, орқасига икки-уч марта тиқдим ва пичоқни орқасида ушлаб турдим. Мен аскарни пичоқ билан урганимда хонадаги бошқалар уни тепишда давом этди. Кейин оғзини юмиб, бўғишни бошладим, уни бўғиб ўлдирганимда қўлларим қонга беланганини кўрдим. Кўйлакда ҳам қон бор эди. Дераза олдига бориб, ҳовлидаги одамларга қўл силтадим», дейди у ўша куни қандай бўлганини айтиб берар экан.
Фаластин ҳукуматининг қаттиқ цензураси сабаб бошқа кадрлар ОАВда тарқалмади. Ёзиб олинган кадрлар расмийлар томонидан тортиб олинди, журналистларга ўлим билан таҳдид қилинди, аппаратлари йўқ қилиб юборилди.
Исроилнинг расмий жавоби
Линчга жавобан, Исроил ҳукумати ФМА шаҳарларини қамал қилди, Исроил авиацияси Рамалладаги иккита полиция маҳкамасига (шу жумладан, аскарлар ўлдирилган жой ҳам) ва Force 17 ҳарбий гуруҳи жойлашган Ғазо қароргоҳи яқинидаги биноларга ракета ҳужумлари уюштирди. Шунингдек, «Фаластин овози» радиостанцияси ва Фаластин телевидениесига ҳам зарар етказилди.2001–2006 йиллар давомида Исроил ҳукумати оломон ичида бўлган беш нафар қатнашчини қўлга олди. Уларнинг ичида Фаластин озодлик ҳаракати, Танзим ташкилоти ва ФМАнинг икки собиқ полициячиси бор эди. Ушбу жараён мамлакат ичида ҳам ғазаб билан қабул қилинди. Ўша куннинг ўзидаёқ ўнг ва сўл фаоллари Исроил Мудофаа вазирлиги биноси олдида лозунглар кўтариб, намойишлар қилинди. Қуддус кўчаларида ёшларнинг «Арабларга ўлим!», «Биз ўч олишни истаймиз!», деган ҳайқириқлари тинмади.
Исроиллик икки аскар «арабларнинг таъзирини бериш» мақсадида базадан М16 автоматларини олиб чиқиб, араблар кафесига ўқ узди. Натижада тўрт киши жароҳатланди, уларнинг учтаси яҳудий эди.
Маҳбуслар алмашуви
Абдулазиз Юсуф Мустага Салаҳи 2004 йил умрбод қамоқ жазосини олди, аммо у террористик ташкилотлар томонидан ўғирлаб кетилган Исроил Мудофаа аскари Гилад Шалитнинг озод қилиш тўғрисидаги битимига асосан 2011 йилнинг октябрида қамоқдан чиқарилди.Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)