Навоий вилояти Хатирчи туманида Lacetti автомобили ҳайдовчиси белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб кетди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.

Фото: ЙҲХББ

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 октябрь куни соат 19:50 ларда Навоий вилояти, Хатирчи тумани, «Алишер Навоий» МФЙ ҳудудидан ўтган 4К-372 автомобиль йўлининг 16-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Таъкидланишича, 1993 йилда туғилган ҳайдовчи М.Т. Lacetti автомобилида ҳаракатланаётиб, белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларни уриб юборган. Сўнгра бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидаги симёғочга урилган.

Фото: ЙҲХББ

Натижада Lacetti ҳайдовчиси 27 ёшли М.Т. ва пиёда 28 ёшли Ш.Қ. оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган. Яна бир пиёда 30 ёшли З.Н. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Хатирчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда пиёдани уриб кетган Isuzu ҳайдовчиси, Янгийўлда бегонага тегишли автомобилда икки пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган 18 ёшли фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.