Қашқадарёда молиявий пирамида ташкил этиб, 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига икки минг нафарга яқин фуқародан 9 миллион доллар йиғиб олишда айбланаётганларнинг икки нафари — М.Р. ва Ш.А. ўзларига нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича судга мурожаат қилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган молиявий пирамида ташкил этишда айбланаётган М.Р.нинг адвокати Эргаш Эшмуродов маълум қилди.

Мавжуда Рўзимуродова

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, молиявий пирамида ташкил этишда айбланаётганлардан М.Р. ҳамда Ш.А.нинг ҳимоячи адвокатлари судга мурожаат қилиб, айбланувчиларга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраган.

Мазкур сўровга жавобан 2020 йил 18 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди адвокатлар сўровини рад этган ва айбланувчиларни судга қадар қамоқда ушлаб туришга қарор қилган. Айбланувчи М.Р.нинг яқинлари эса у суяк чириши касаллиги билан оғриганини, шунинг учун судга қадар уни қамоқда сақлаш унинг соғлиғи учун хавфли эканлигини билдирмоқда.

«Турмуш ўртоғимни 2020 йил 14 сентябрь куни соат 16:30 да тўй устида олиб кетишди. Ва шу кунга қадар ушлаб туришибди. Адвокатларимиз эримга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун судга мурожаат қилди. Аммо бугун суд бу сўровни рад этди», — дейди молиявий пирамида ташкил этишда айбланаётган М.Р.нинг турмуш ўртоғи Мавжуда Рўзимуродова.

Мавжуда Рўзимуродованинг маълум қилишича, турмуш ўртоғи М.Р. 10 йилдан бери хаста. Суяк чириши касаллиги билан даволаниб келади.

«Турмуш ўртоғим 10 йилдан бери суяк чириши касаллиги билан даволаниб келади. Яъни ҳар доим шифокор назоратида, укол, дори олиб туриши керак. Шунинг учун мен у кишининг соғлиғидан хавотирдаман», — дейди айбланувчининг хотини.

Лола Эсонова

Фото: «Дарё»

Молиявий пирамида ташкил этишда айбланаётган Т.Р.нинг турмуш ўртоғи Лола Эсонова эса турмуш ўртоғи шуғулланган иш ноқонуний эканлигини билишмаганини, мазкур чет эл компанияси ҳақида телевидениеда ҳам хабар берилгани учун ишонишганини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, бу бизнесга кўплаб одамлар пул тиккан. Уларнинг орасида бугунги жамиятнинг зиёли қатлами ҳам бор.

Айбланувчи Т.Р.нинг ўғли Аббос Нормаматовнинг айтишича, отасини тергов қилаётган шахс уни ураётганини кўрган.

Аббос Нормаматов

Фото: «Дарё»

«Терговчи 8-10 соат тергов қилди. Шу пайт ёнимиздаги хонадан ‘воҳ’ деган овоз чиқди. Югуриб борсак, дадамни шу хонада турган киши бўғаётган экан. Бу қайси қонунда ёзилган?», — дейди Аббос Нормаматов.

Мазкур айбловга муносабат билдирган Қашқадарё вилоят прокуратураси ҳолат ўрганилаётганини, тез орада батафсил маълумот берилишини билдирди.

Молиявий пирамида ташкил этишда айбланаётган М.Р.нинг адвокатлари — Улаш Узоқов ҳамда Эргаш Эшмуродовнинг айтишича, суд айбланувчининг соғлиғига эътибор қаратиб, тергов давомида айбланувчининг тиббий хизматдан фойдаланиши, имкони бўлса, шифохонага жойлаштириши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда сохта акцияларни пуллаб, молиявий пирамида ташкил этган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани, унда айбланувчи Т.Р. ва бошқалар ўзларини гўёки «Н» хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги расмий вакили сифатида таништириб, 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига икки минг нафарга яқин фуқародан жами 9 миллион доллар йиғиб олгани ҳақида хабар берилганди.

Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берган Қашқадарё вилоят прокуратураси Т.Р. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Вилоят прокуратурасининг қўшимча қилишича, 2020 йил 15 сентябрь куни Т.Р., М.Р. ва Ш.А. гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб этилган бўлиб, уларга нисбатан суднинг 2020 йил 16 сентябрдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.