Навоий вилоятида содир бўлган ЙТҲда 62 ёшли велосипед ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи катта инспектори Фарруҳ Якубов хабар берди.

Фото: Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи

Хабар берилишича, 2020 йилнинг 19 сентябрь куни соат 17:45 да Кармана туманидаги «Бешкент» МФЙ ҳудудидан ўтган 4-Р64 Э автомобиль йўлининг олтинчи километрида ЙТҲ содир бўлган.

Ушбу ЙТҲда 21 ёшли ҳайдовчи У.М. Cobalt машинасида йўлни велосипедда кесиб ўтаётган 62 ёшли фуқаро V.С.ни тўсатдан уриб юборган. Натижада велосипед ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, Кармана туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, жабрланувчи вафот этган.

«Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Cobalt ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасдан тезликни оширгани сабаб келиб чиққан. Олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамай, велосипед ҳайдовчилари билан юзага келаётган автоҳалокатлар сони ошмоқда», — дейди Фарруҳ Якубов.

Мазкур ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилнинг 8 ойида велосипедлар иштирокида юз берган ЙТҲларда 143 киши ҳалок бўлгани хабар берилганди.