Қўшнисининг қизига уйланаётганини маълум қилган хонанда Воҳиджон Исоқов 14 сентябрь куни уйлангани, унинг тўйи Tashkent City паркида бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Хонанда ва унинг турмуш ўртоғини табриклаш учун тўйга кўплаб шоу-бизнес вакиллари ташриф буюрган.

Фото: Instagram / @vohidjonisoqov

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан маълум қилинишича, Воҳиджон Исоқовнинг тўйига карантин қоидаларига зид равишда белгиланганидан ортиқ меҳмон таклиф қилинган.

«Интернет тармоғида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида амалдаги санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда ўтказилган тўй тадбири ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Фото ва видеолардаги меҳмонлар сони 50 нафардан ошган. Коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ юқори хавф шароитида бундай ишларга йўл қўйиб бўлмайди», — дейилади ИИББ хабарида.

Маълум қилинишича, санитария-эпидемиология хизмати ишчилари томонидан мазкур факт асосида тадбирни ташкиллаштирган 32 ёшли Воҳиджон Исоқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жаримага тортилди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида (1 115 000 сўм) жарима белгиланди.

Аввалроқ тўйига белгиланганидан ортиқ одам чақирган «Браво» кулги жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров жаримага тортилганди.