1998 йилнинг 9 сентябридан 10 сентябрига ўтар кечаси, тунги 00:29 да Бойқўнғир космодромидан «Зенит-2» ракетаси стартга чиқди. Унинг ўз бортида умумий қиймати 2,8 миллиард долларга тенг бўлган сунъий йўлдош алоқасини таъминловчи Globalstarлойиҳасининг 12 дона сунъий йўлдошини қуйи Ер теварак орбитасига элтиши лозим эди. Бироқ стартдан атиги беш дақиқа ўтиб, белгиланган масофанинг ҳали чорак қисми ҳам босиб ўтилмаган бир пайтда ракета осмонда парчаланиб кетди ва унинг бўлаклари Олтой ва Тува Республикаси ҳудудига қулаб туша бошлади.
«Зенит-2» туридаги ракеталарни Украина ишлаб чиқарган. Аниқроғи, Днепропетровскдаги «Южмаш» заводида серияли йиғилган бу турдаги ракеталарни «Южное» номли илмий тадқиқот бирлашмаси лойиҳалаган. Ракетани лойиҳалаш ишлари 1985 йилда якунланган бўлиб, дастлабки тажриба намуналари 1987 йилда амалга оширилган.
«Зенит-2» ракетаси 57 метр узунликка эга бўлган ва старт пайтида 445 тонна тош босган. У суюқ кислород ва керосин ёқилғисида ҳаракатланган. Икки босқичли двигателнинг ҳар иккала босқичини Москвадаги «Энергомаш» корхонаси етказиб берган. «Зенит-2» туридаги ракеталар жами 11,5 тонна фойдали юкни орбитага элтиб қўя олиш имконига эга бўлган (агар старт экваторга яқин жойдан бажарилса, фойдали юк 15 тоннагача бўлиши мумкин).
«Зенит-2» ракетасининг ишончлилиги нисбатан барқарор бўлган. Эндигина мустақилликка эришган Украина ушбу ракета орқали жаҳон космонавтика бозорида ўз улушини эгаллашни мақсад қилган эди. Шу сабабли 31 та стартдан саккизтаси муваффақиятсиз якунланган бўлса-да, Украина раҳбарлари ўша пайтдаги Globalstar хўжайинларини ушбу ракетадан фойдаланишга кўндира олган.
Келишувга кўра, америкаликлар Украинага «Зенит-2» учун иккита йирик лойиҳага буюртма бериши керак эди ва улардан бирида Globalstar лойиҳасининг 36 дона сунъий йўлдошлари қуйи орбитага олиб чиқилиши керак бўлса, иккинчисида Sea Launch лойиҳасида денгиз платформасидан туриб космик старт лойиҳасида иштирок кўзда тутилган бўлган. Лойиҳага ва келишувларга ишонч берган шахс, эҳтимол, Украинанинг ўша пайтдаги президенти Леонид Кучма бўлган бўлса керак. Чунки айнан Кучма Украина президенти бўлишидан аввал Днепропетровскдаги ўша «Южмаш» заводига раҳбарлик қилган.
Текширишларда бу ҳалокат сабаби ракетанинг бошқарув тизимидаги носозлик билан боғлиқ бўлгани ҳақида хулоса қилинган. Мутахассислар унинг борт компьютерлари ишдан тўхтаб қолгани туфайли двигателлар авариявий ҳалокатга сабаб бўладиган тарзда ишлай бошлаган ва оқибатда портлаганини аниқлашган.
«Зенит-2» ракеталари бундан кейин ҳам фойдаланишда давом этди. Кейинги стартларда, албатта, ушбу ҳалокат сабабларидан хулоса чиқарган ҳолда уч карра сифат назорати системаси жорий қилинди ва ракетанинг ишончлилигини орттирадиган бошқа такомиллаштириш чора-тадбирлари бажарилди. Хусусан, унинг Sea Launch лойиҳаси билан ҳамкорлиги кейин ҳам давом этди ва 1999 йилда улар денгиз платформасидан парвозни муваффақиятли амалга оширди. «Зенит-2» ракетасининг ҳозирча охирги парвози 2017 йилда бажарилган. Ҳозирда бу турдаги ракеталарнинг янги, такомиллашган моделлари чиқарилгани боис «Зенит-2»ни ишлаб чиқарилиши тўхтатилган.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)