Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ҳудудида 8 сентябрь куни ҳожатхона қоғози олиб кетаётган юк машинасида ёнғин юз берди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 8 сентябрь куни соат 15:20 да Тошкент — Душанбе халқаро автомагистралининг 83-километрида содир бўлган.
Қайд этилишича, «КамАз» русумидаги юк автомобили бортида олиб кетилаётган ҳожатхона қоғози кутилмаганда ёниб кетган. Уч дақиқа ичида ҳодиса жойига ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув хизмати ходимлари етиб келган ва 10 дақиқа ичида юзага келган ёнғинни бартараф этган.
Таъкидланишича, қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида юкнинг ярмини сақлаб қолишга эришилди. Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)