Шу йилнинг 4 август куни Ливан пойтахти Байрут шаҳрида кучли портлаш юз берган эди ва бутун дунёнинг нигоҳи бир зум ушбу мамлакатга қаратилди. Бундан юз йил олдин, 1920 йил 1 сентябрь куни Усмонли империясининг ҳудудлари қайта тақсимланиш пайтида Катта Ливан давлати ташкил этилди. «Дарё» сана муносабати билан Ливан давлатининг тарихи ва бугуни ҳақида ҳикоя қилади.
Француз мандатидаги Катта Ливан давлати
Ливан ҳудуди ўз мавжудлиги давомида бир нечта давлатлар таркибида ва уларнинг ҳукми остида яшаб келди. Форслар, оссурияликлар, юнонлар, римликлар, арманлар, Византия империяси, араблар, салжуқийлар, мамлуклар, салибчилар, Усмонли империяси ва французлар бу ҳудуд устидан асрлар давомида бирин-кетин ҳукмронлик қилди.1914–1918 йилларда давом этган Биринчи жаҳон уруши натижасида мағлуб бўлган Усмонли салтанати таназзулга юз тутди ва унинг ҳудудлари тарқатиб юборилди ва ўрнига бир нечта давлатлар ташкил этилди. Усмонлининг Дамашқ ва Байрут вилоятларига тўғри келадиган Лубнон ҳудуди Миллатлар Лигаси томонидан тақдим этилган Франция мандатига берилди. 1916 йилги «Сайкс-Пикот» махфий шартномасига кўра, уруш тугаганидан кейин Усмонлининг араб жўғрофияси Буюк Британия ва Франция ўртасида тақсимланиши керак эди. Француз генерали Шом масалалари бўйича олий комиссар Анри Гурод 1920 йил 1 сентябрь куни Катта Ливан давлати ташкил этилганини эълон қилди.
1926 йилда Ливанда илк конституция қабул қилинди ва давлат республика деб эълон қилинди. Энди Катта Ливан давлати Ливан Республикаси номини олди. Ўзининг президенти ва вазирлар кенгаши раисига эга бўлди. Ливанни ҳар томонлама ривожлантириш вазифасини олган Франция мамлакатни мустақилликка тайёрлаши лозим эди. 1915 йилдан 1918 йилгача Ливанда 120 мингдан 200 минггача аҳоли (аҳолининг учдан бир қисми) чигирткалар галасининг ёпирилиши ва Антанта иттифоқининг қўйган иқтисодий блокадаси натижасида келиб чиққан очликдан қирилиб кетди.
Урушдан кейин Ливан иқтисодий жиҳатдан абгор аҳволга келиб қолган эди. Франция эса мамлакат иқтисодиётини қайта тиклашга мажбур эди. Иқтисодиётнинг муҳим секторларига инвестициялар жалб этилди. Инфраструктура яхшиланди ва Ливан халқаро бозорга чиқа олди. Таълим соҳасида ҳам яхши ўзгаришлар амалга оширилди. Француз тили араб тили билан биргаликда расмий тил сифатида фаолият юрита бошлади ва бу 1943 йилгача давом этди. Аммо француз тили барибир ўз аҳамиятини сақлаб қола олди. Ҳозирга келиб аҳолининг 45 фоизини франкофонлар ташкил қилади.
Ливаннинг бугунги кундаги сиёсий тизими ҳам айнан Франция мандати пайтида шаклланган эди. 1926 йилги конституцияга мувофиқ мандатчилар билан биргаликда 17 конфессия вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши ҳам ташкил этилган эди. Республикада ҳокимият ушбу конфессиялар ўртасида тақсимланди. Энг муҳим лавозимлар демографик жиҳатдан кўпчиликни ташкил этадиган конфессия вакилларига берилди.
Ливан мустақиллиги ва сиёсий тизими
Ливан 1943 йилга келиб мустақил давлат деб эълон қилинди ва мамлакат эски бошқарув шаклини сақлаб қолди. Ливаннинг 1943 йилдан 1975 йилгача бўлган даври унинг энг гуллаб яшнаган даври сифатида талқин этилади. Эркинлик индекси бўйича ҳам Ливан Freedom House талқинига кўра, 1975 йилгача Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги икки эркин давлатдан бири (иккинчиси Исроил) сифатида эътироф этилган.Ливан конфессионал характерга эга бўлган парламентар демократик республика ҳисобланади. Мамлакат президенти парламент томонидан сайланади ва насроний маронитлардан танланади. Унинг ваколатлари чекланган бўлиб, асосий ваколатлар вазирлар кенгашининг қўлида жамланган. Мамлакат бош вазири мусулмон суннийлардан бўлиб, у парламент депутатлари ва раиси олдида ҳисоб беради. Парламент раиси эса шиа мусулмонларидан тайинланади. Бош вазир ўринбосари ва ҳукумат матбуот котиби православ насронийлари орасидан тайинланади. Парламентда 128 депутатлик ўрни мавжуд бўлиб, насронийлар ва мусулмонлар ўртасида тақсимланган ва депутатлар тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланади.
Ливан инқирозининг бошланиши
Юқорида айтиб ўтилганидек, Ливан 1975 йилгача, яъни мамлакатда фуқаролар уруши бошлангунча барқарор ривожланаётган давлатлардан бири эди. Мамлакатда туризм, қишлоқ хўжалиги, банк ва молия тизими ривожланди. Ливан Яқин Шарқнинг Швейцарияси эди.Аммо шу йилларда мамлакатда бир қатор ички ижтимоий зиддиятларга, шунингдек, Исроил давлатининг ташкил этилганидан кейинги оқибатлар билан тўқнашишга мажбур бўлди. 1948 йилдан бошлаб 120 минг нафар фаластинлик қочоқ Ливан ҳудудига қочиб ўтди. Мамлакат Исроил-Фаластин мауммосининг асосий иштирокчиларидан бирига айланиб қолди. Ливандаги 1975–1990 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар уруши мамлакатни яна абгор ҳолатга олиб келди. Уруш йилларида мамлакатда 170 минг аҳоли ҳалок бўлди. Мазкур фуқаролар уруши мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозлар гирдобига кириб қолишига сабаб бўлди.
Мамлакатни инқирозга олиб келган сабаблардан яна бири давлатдаги жамоавий низолардир. Ливанда ўндан зиёд диний конфессия жамоалари мавжуд бўлиб, улар ўртасидаги низолар замонавий Ливан тарихини белгилаб беради. Улар ўртасидаги низолар дастлаб ҳукмронлик учун келиб чиқса, кейинги сабаб фаластинлик қочоқларнинг ассимиляциясидир.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда 450 мингдан зиёд фаластинлик қочоқ 40 дан зиёд ҳудудда истиқомат қилади. Уларнинг баъзилари Фаластинга қайтишни истаса, қолганлари фуқаролик олиш илинжида. Фаластинликларга фуқаролик берилиши тўрт миллион аҳолига эга Ливанда демографик ўзгаришлар келтириб чиқариши мумкин. Бу эса суннийлар сонининг ошишига олиб келади ҳамда насроний ва шиаларнинг норозилигига сабаб бўлади.
Фаластинликларнинг интеграцияси ишсизлик даражасига ҳам таъсир қилиши ливанликларни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Шундоқ ҳам ишсизлик билан боғлиқ ҳолатлар жуда юқори. Фуқаролик уруши йилларида шиалар икки гуруҳга бўлиниб кетди ва Ҳизбуллоҳ гуруҳи ташкил топди. Мигрантлар муаммоси 2011 йилги Сурия фуқаролар уруши натижасида янада кучайди ва Ассад зулмидан қочган сунний мусулмонлар Ливандан бошпана излаб келди. Бу эса жамоавий низоларни янада кескинлаштириб юборди.
Исроил ҳужумларига қарши қуроллантирилган Ҳизбуллоҳ мамлакатдаги янги низоларнинг маркази бўлиб келмоқда. Ташкилот мамлакатдаги шиаларнинг энг яхши ҳимоячиси сифатида кўрилади ва давлат бошқарувида катта нуфузга эга.
2005 йилнинг 14 февраль куни мамлакат бош вазири Рафиқ Ҳарири ўлдириб кетилди ва бу янги можароларга олиб келди. Мамлакатда «Кедр инқилоби» юз берди. Инқилоб пайтида янги аллианс тузилди. Унга «14 март» номи берилди. Аллиансга кирган партияларнинг вакиллари Суриянинг мамлакатдаги 1975 йилдан буён давом этаётган мавжудлигига қарши эди ва Сурия кучларининг мамлакатни тарк этишини талаб қилаётган эди. Шу муносабат билан 14 март куни Байрутда 1,3 миллион киши норозилик намойишига чиққан эди.
Шу йилдан кейин мамлакат бир нечта сиёсий инқирозларни бошдан кечирди, хусусан, 2008 йил ва 2014–2016 йилларда. Шу билан бирга, Ливан минтақавий муаммоларга ҳам аралашишига тўғри келди. Бу эса мамлакат иқтисодиётига ҳам жиддий таъсир қила бошлади. Ишсизлик даражаси ошиб борди, мамлакат пул бирлиги қадрсизланиб кетди.
Ливанда ҳозирги вазият қандай?
Мамлакатдаги ҳозирги иқтисодий ва сиёсий инқироз жуда чуқур илдиз отган. Франциянинг Монтен тадқиқотлар институти мутахассиси Анна Гаделнинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан Ливандаги вазият мисли кўрилмаган даражада ёмонлашди. ФВФ ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилги иқтисодий пасайиш ЯИМнинг 10 фоизи миқдорида белгиланган. Ишсизлик даражаси фаол аҳолининг 35 фоизини қамраб олган ва бу йил охирига бориб янада ўсиши мумкин. Давлат қарзи ЯИМнинг 170 фоизини ташкил қилади. Март ойига келиб мамлакат қарзларини тўлай олмаслигини маълум қилди ва банкротлик эълон қилди. Шунингдек, ҳукумат бюджет маблағларини молиялаштира олмаяпти.Ливан пул бирлиги ўз қадрини 80 фоизга йўқотди ва июнь ойига келиб инфляция даражаси 150 фоизни ташкил қилди. Мамлакатда умумий тушкунлик ҳолати ҳукм сурмоқда. Кичик бизнесдан тортиб макроиқтисодиётгача тушкунлик ҳолатида.
Қисқа қилиб айтганда, Ливандаги иқтисодий инқирозга бирор ечим топилмаса мамлакат хавфли альтернативлар қаршисида қолади: Ливан мамлакатни абгор аҳволга олиб келган оилалар бошқарадиган хусусий банклар ёки мамлакат инфраструктурасига инвестиция киритишни кўзлаётган Хитой томонидан приватизация қилиниши мумкин.
Ливандаги ижтимоий ҳаёт ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. Мамлакатда 50 фоиз аҳоли камбағалликдан паст даражада, 20 фоиз аҳоли эса ўта қашшоқликдан паст даражада яшайди. Мамлакатдаги ўрта қатлам инқироздан энг кўп жабр кўрган қатлам бўлиб турибди. Ўқитувчилар, инженерлар, давлат хизматчилари озиқ-овқатга муҳтож қатламга айланиб қолган. Бундай қатлам «янги камбағаллар» қатлами деб аталмоқда.
Мамлакатдаги иқтисодий инқироз сиёсий инқирозни ҳам келтириб чиқарди. 2019 йил кузда юз берган норозилик намойишлари ортидан Саад Ҳарири ҳукумати истеъфога чиқди. Аммо янги ҳукумат ҳам инқироздан чиқишга қодир бўлмади. Ҳасан Диаб ҳукумати таклиф қилган ислоҳотлар парламентнинг кўпчилик қисми томонидан қабул қилинмади.
Пандемия эса Ливандаги вазиятни янада издан чиқарди. Шу билан бирга, 4 апрелдаги Байрут портида юз берган портлаш вазиятни бутунлай издан чиқарди ва халқ норозилик намойишларини қайтадан бошлади. Натижада, 8 август куни Ҳасан Диаб муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтишини эълон қилди ва 10 август куни ҳукуматнинг истеъфога чиққанини маълум қилди. Масалага Франциянинг аралашуви вазиятни изга солишга туртки бериши мумкин.
Франция эса Ливан ҳукуматига ислоҳотлар ўтказиш бўйича босим қилмоқда. Акс ҳолда ёрдам бермаслик билан таҳдид қилди. Франция президенти Эммануэль Макрон Байрут портлашидан кейин икки марта, 6 август ҳамда 1 сентябрь кунлари мазкур мамлакатга ташриф буюрди. Ливаннинг юқори мартабали кишилари билан учрашувдан ташқари, Макрон Катта Ливан ташкил топганининг 100 йиллик тантаналарида ҳам иштирок этган.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)