Virgin Galactic компанияси товушдан тез учадиган йўловчи самолёти концептининг дизайнини тақдим этди, деб хабар беради Sky News.

Фото: Virgin Galactic

Британиялик миллиардер Ричард Бренсонга тегишли Virgin Galactic янги ихтиросининг ташқи кўринишини намойиш этди. Самолёт товушдан уч баробар тезроқ — соатига 3700 километр тезликда ҳаракатлана олиши мумкин.

Бу каби тезлик Лондонда Сиднейгача бўлган масофани 5 соатга босиб ўтишга ёрдам беради. Одатда бунинг учун бир сутка вақт кетади. Шунингдек, мазкур самолёт Лондондан Нью-Йоркка икки соатдан камроқ вақт ичида етиб бора олади.

Фото: Virgin Galactic

Virgin Galactic 18,3 минг метр баландликда учиб, бир вақтнинг ўзида 9-19 нафар йўловчини ташиши мумкин.

Фото: Virgin Galactic

Самолёт дизайнини яратишда Virgin Galactic’ка Rolls-Royce компанияси ёрдам бермоқда. Шунингдек, компания самолёт учун двигателлар яратиш билан ҳам шуғулланади.

2018 йилда Boeing компанияси, 2019 йилда эса NASA товушдан тез самолётларни яратаётгани тўғрисида хабарлар берилганди.