Ижтимоий тармоқларда ўзга сайёраликлар билан учрашгани сабаб машҳур бўлган Жуманазар Раҳмонов вафот этди. Бу ҳақда «Дарё»га унинг ўғли Учқун Раҳмонов маълум қилди.

Фото: YouTube

Учқун Раҳмоновнинг айтишича, отаси юрак хуружидан вафот этган. У 73 ёшни қаршилаган эди.

Жуманазар Раҳмонов 2020 йил 3 август куни Наманган вилояти, Учқўрғон тумани, «Навоий» маҳалласидаги Пичантўпи қабристонига дафн этилди. Ундан икки ўғил ва уч қиз қолди.

Маҳалла мутасаддиларига кўра, Раҳмоновлар оиласи деҳқончилик ва чорва билан шуғулланиб келган, уйларида иссиқхона ташкил этган. Маҳалланинг намунали оилаларидан саналади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида ўзга олам вакиллари билан учрашган отахон пайдо бўлгани ҳақидаги хабар ўзбек интернетини «портлатганди». Ўшанда Жуманазар ака номаълум мавжудотлар билан учрашгани ва уларнинг оламига бориб, тузалмас дардларга шифо топиш йўлларини ўрганиб келганини билдирганди.