1099 йилнинг 15 июль санасида салибчилар бир ойлик қамалдан сўнг Қуддус томон юриш қилди. Қамал натижаси – Биринчи салиб юришининг якунланиши Кичик Осиё салибчи давлатлари тузилиши бўлди. Бу Яқин Шарқдаги бугунги ихтилофларни – христиан ва мусулмон олами орасидаги баҳсларни ҳам қисман тушунтириб берадиган тарихий воқеадир. «Дарё» асрнинг муҳим воқеаларидан бири бўлган Қуддуснинг босиб олиниш тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Биринчи салиб юриши
Биринчи салиб юриши 1096 йилда Византия императори Алексей I илтимосига биноан Папа Урбан II томонидан шарқдаги христианларни Анатолияда (Кичик Осиё) Салжуқийлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун ташкил қилинган. Шунингдек, ушбу юришдан яна бир мақсад – муқаддас Қуддус шаҳри ва муқаддас ерларни мусулмонлардан қайтариб олиш эди.Дастлаб папанинг мурожаати фақатгина француз рицарларига тегишли эди, аммо кейинчалик бу юриш кенг кўламли ҳарбий кампанияга айланди ва унинг ғояси Ғарбий Европани барча христиан давлатларига ёйилди. Феодаллар ва турли миллатга мансуб оддий халқ Шарқ томон қуруқликлар ва денгизлар орқали кўчиб, йўл-йўлакай Кичик Осиёнинг ғарбий қисмини салжуқий турклардан озод этиб, Византияга мусулмонлар таҳдидини бартараф этишди ва 1099 йилга келиб, июль ойида Қуддусни ҳам фатҳ қилиб, ўз қироллигига асос солишди. Шундай қилиб, биринчи салиб юриши даврида Қуддус қироллиги ва Лотин Шарқи номи остида бирлашган бошқа христиан давлатлари (баъзи феодал – Салиб давлатлари) ташкил топди. Биринчи салиб юришида рицарлар орденлари муҳим роль ўйнаган эди.
Қуддус томон юриш
Феодаллар ва оддий халқнинг Шарқ томон юришида 1099 йилнинг 15 июль кунига келиб, салиб юриши қатнашчилари Қуддус томон ҳужумга ўтади. XI аср охирига келиб Ғарбий Европа бир қатор сабабларга кўра (биринчи навбатда иқтисодий ва демографик), Муқаддас қабрни озод этиш учун салиб юришларига замин яратди.Бундай шароитда 1095 йил 26 ноябрь куни Папа Урбан II Клермонт соборига шарққа боришга ва Қуддусни мусулмон бошқарувидан озод қилишга чақирди, бу г֥‘алабадан кейин жасур жангчилар барча гуноҳларни кечиришларини ва қарзлардан халос бўлишларини айтишди. Ушбу чақириқ халқ орасида жўшқинлик уйғотди ва камбағаллар ғайратга тўлиб ўз кампаниясини бошлади, натижада улар муваффақиятсизликка учради – салжуқийлар уларни тор-мор этди.
Бу уринишдан икки йил ўтиб, 1097 йилда норман, француз ва немис рицарларининг бирлашган армияси йиғилди. Уларга белгиланган мақсадга эришиш учун 2 йил талаб қилди. Уларга, айниқса, Антиохияни қамал қилиш учун кўпроқ вақт керак бўлди. Шаҳар эгаллаб олингач, тиф эпидемияси бошланди, бунинг натижасида салибчилар армияси қисқартирилди. Уларга тикланиш ва юришни давом эттириш учун яна олти ой кутишларига тўғри келди.
1098 йилда салибчилар яна бир марта узоқ жанг қилди. Муқаддас армия етакчиси граф Раймунд Тулузский аҳолиси қаттиқ қаршилик кўрсатган Маарра шаҳрини босиб олишга қарор қилди. Бу шаҳар босиб олиниб, талон-торож қилингандан сўнг қаҳрамонларимиз Триполи томон олға юрди ва уни қуршаб олишди, аммо уринишлар бесамар кетди. Шундан сўнг улар Қуддус томон кўчиб ўтишга қарор қилди.
Салибчилар Қуддусга етиб келди
Шу ва бошқа кечикишлар натижасида салибчилар армияси ва ниҳоят 1099 йил 7 июнда Қуддус деворларига яқинлашди. Шаҳарни босиб олишга бўлган бир неча уринишлар беҳуда кетди. Бу муваффақиятсизликлардан кейин салибчилар юришини ҳам муваффақиятсиз якун кутиб тургандек эди: мусулмонлар кемаларни озиқ-овқати билан қўлга туширавергач, христианлар армияси оч-наҳор қолди ва Фотимийлар қўшини Мисрда қамалда қолганларга ёрдам беришга ҳаракат қилар эди.Армияни руҳлантириш мақсадида руҳонийлар шаҳар деворлари остида салиб юришларини уюштирди. 8 июль куни салибчилар Қуддус деворлари бўйлаб юрди ва мусулмонлар ғалати ҳодисани кўришга мажбур бўлди. Бир неча кун давомида қамал миноралари, отув машиналари тайёрланди ва ҳужум бошланди.
Жанг: Салибчилар Қуддус деворидан ўтиши
1099 йил 14 июль куни эрталаб Қуддус томон биринчи ўқлар ва тошлар отилди. Бунга жавобан баландликлардан босқинчилар устига қайноқ сув қуйилди, оловли латта ва тахталар улоқтирилди. Узлуксиз отишма остида салибчилар қамал минораларини Қуддус деворларига кўчиришни бошлади, аммо шаҳар атрофидаги чуқур хандақлар уларга халал берди.Кеч тушди. Икки томон ҳам бу пайт ҳушёр тортган ва жангга тайёр эди, аммо уларнинг иккисида ҳам хавотирга етарлича сабаблар бор эди. 15 июль эрта тонгдаги ибодатлар ва куй-қўшиқлардан сўнг христианлар юзлаб байроқлар кўтариб, пўлат арқонлар билан Қуддус деворларига тирмашишди. Яхши мўлжалга эга бўлган зарбалар ҳимоячиларни яхшигина ваҳимага туширди, бу эса найзани тўлдиришга ва қалъа деворларига яқинлашишга имкон берди. Девор ҳимоячилари камончилар томонидан қириб ташланди, сўнг кўплаб жангчи ва рицарлар девор томон муқаддас ғайрат ва шавқ билан югурди. Йўлда учраган барча нарса «супуриб» ташланди.
Бу ҳодиса ҳужумнинг кулминацион нуқтаси бўлди – салибчилар доимий шовқин ва жанговар қичқириқлар остида деворларга ёғоч кўприкларни ташлади ва ҳимоячиларни чалғитиб, девор ортига ташланди. Шаҳарга бошқа томондан бостириб кираётган Раймонд Тулузский армияси шерикларининг муваффақиятидан хабар топгач, жанубий дарвозадан Қуддусга кирди. Шаҳар аллақачон қулаганини кўрган Довуд минораси гарнизонининг амири таслим бўлишга қарор қилди ва Яффа дарвозасини очди.
Салибчилар ёриб киришгач, шаҳарда қирғин бошланди: нафақат жангчилар, балки оддий халқни ҳам эътиқоди, жинси ва ёшига қарамасдан ўлдиришда давом этишди. Эртаси куни Қуддус даҳшатли жойга айланди – унинг кўчалари жасадларга тўла, жасадлар эса ўша шаҳарнинг аҳолиси эди...
Шаҳар босиб олингандан сўнг Готфрид Булонский янги ташкил қилинган Қуддус қироллигининг бошқарувчиси этиб тайинланди. Диндор Готфрид Масиҳ тиканлар билан ўралган шаҳарда ўзини шоҳ ўрнида кўришни хоҳламади. Шунинг учун у 1099 йил 22 июлда Муқаддас қабр ҳимоячиси унвонини қабул қилиб олди.
1 август куни Қуддуснинг биринчи Лотин патриархи сайланди – Арнулф Шокесский. У мўъжиза билан омон қолган саноқли аҳолини сўроқ қилди, улардан янги диний қўзғолонни келтириб чиқарган Исо михланган муқаддас Ҳаётбахш хочни билиб олди. 15 июлда Қуддуснинг босиб олиниши XII асрнинг барча тарихий манбаларида қайд этилган ва бу ҳодиса ушбу асрнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)