Ҳиндистон Олий суди Керала штатида жойлашган ва дунёдаги энг бой ибодатхона саналадиган Шри Падманабхасвамини маҳаллий рожаларнинг авлодларига қайтарди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: Reuters

Шу тариқа, Ҳиндистон Олий суди Керала штати олий судининг 2011 йилда қабул қилинган қарорини бекор қилди. 2011 йилдаги қарор асосида ибодатхона Керала штати ҳокимиятига берилганди.

Ибодатхона қадимий Траванкор рожалиги ҳукмдорларининг авлодларига қайтарилди, улар эса ибодатхона хазинасини сақлаш бўйича қўмита тузиши керак бўлади. Сулоланинг вакиллари бойликка эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини, чунки у «худога тегишли эканлигини» маълум қилган.

Керала штати расмийлари эса Олий суд қарори устидан шикоят қилмаслигини билдирган.

Шри Падманабхасвами ибодатхонаси VI асрда қурилган ва XVIII асрда Траванкор рожалиги ҳукмдорлари томонидан қайта қурилган. Рожалик Керала ва Траванкор штатларининг ҳозирги ҳудудлари бир қисмини эгаллаган ҳамда XVIII асрдан 1940 йилларгача мавжуд бўлган.

Траванкор рожалиги ҳукмдорларининг авлодлари ва уларнинг вакиллари рожалик тугагандан кейин ҳам ибодатхонани бошқаришда давом этган. 2000 йилларда улар ибодатхона бутунлигини сақлай олмаганликда айбланган. Судга уларни ибодатхона бошқаруви ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича даъво келиб тушган.

2011 йилда ибодатхона омборларида инвентаризация ўтказилган. Уларда олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар топилган, топилмаларнинг қиймати тахминан 2 миллиард долларга баҳоланган. Шри Падманабхасвами дунёдаги энг бой ҳиндуийлик ибодатхонаси сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.