1812 йилнинг ёзида ўз куч-қудратининг чўққисига эришган Франция императори Наполеон Бонапарт Россияни бўйсундириш мақсадида шарққа қараб юриш бошлади. 24 июнь куни аскарлар империя чегарасини кесиб ўтди ва бу сана тарихда рус кампаниясининг бошланган санаси сифатида қолди. «Дарё» императорнинг ҳалокатли якун билан тугаган Россия юриши ҳақида ҳикоя қилади.
Юришнинг сабаблари
Аслида, Наполеоннинг Россияга катта қўшин билан бориш нияти йўқ эди. У иложи борича Россия билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. 1807 йилги Фридланд жангидан сўнг Франция ва Россия ўртасида 14 июнь куни тинчлик шартномаси имзоланди. Бу шартнома Тилсит шартномаси дея номланди. Тилситда, аслида, иккита шартнома имзоланди. Биринчи шартномага асосан ҳудудий бўлинишлар ҳақида гап борса, иккинчи шартнома бир нечта махфий бандларни ҳам қамраб олган эди.Иккинчи шартномага мувофиқ икки давлат ўртасида иттифоқ тузилиши керак эди. Шунингдек, мамлакатлар халқаро муносабатларда бир-бирларига воситачи бўлиш вазифасини ҳам олишлари керак эди. Жумладан, Россия Франция ва Буюк Британия ўртасида воситачилик қилароқ, Британияни 1807 йил 1 декабргача Франция билан тинчлик шартномаси тузишга кўндириши, акс ҳолда унга уруш эълон қилиб, континентал блокада доирасида Британияга ўзининг портларига киришни тақиқлаши лозим эди. Франция эса ўз навбатида ўзаро урушлар гирдобида юрган Россия ва Усмонли ўртасида шундай воситачи ролини ўйнаши лозим эди.
Шартномага мувофиқ агарда икки давлатдан бири уруш ҳолатида бўлса, иккинчи давлат унга ёрдамга келиши шарт эди. Аммо 1809 йилда Австрия Францияга уруш эълон қилганда, Россия шартномада белгиланган мажбуриятини бажармади. Шунингдек, у Биританияга қарши блокада шартларини ҳам ҳурмат қилмади ва Британия билан савдо қилишда давом этди.
1810 йилнинг бошидан бошлаб подшоҳ Александр I Францияга қарши урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабарлар чиқа бошлади (Dominic Lieven, Russia against Napoleon. The battle for Europe 1807 to 1814,, Londres, Penguin Books, 2009, 618 p). Аслида, руслар Тилсит шартномасининг эртаси куниёқ армияни қайта ташкил қилишни бошлаб юборишган эди. 1811 йилда Александр I Варшафа графлиги, Австрия империяси ва Пруссия қироллигига Францияга қарши урушда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шунингдек, Польша билан чегарадаги ҳудудларга Финландиядаги ва Усмонли чегарасидаги ҳарбийларни жойлаштиришни бошлади (Albert Vandal, Napoléon et Alexandre Ier. L'alliance russe sous le Premier Empire (1807-1812), Paris, Plon, 1894, tome 2, p. 238.).
Поляклар ва Швеция ҳамда Константинополдаги элчилар орқали бу ҳақда хабар топган Наполеон Германия ва Польшадаги ҳарбийлари сонини мустаҳкамлай бошлади. Юқорида таъкидланганидек, Наполеон рус иқтисоди учун муҳим бўлган иқтисодий иттифоқ ҳақида ўйлаган эди, аммо подшоҳнинг бундай ҳаракатларидан кейин Россиядан келадиган ёғоч импортини тўхтатиб қўйди (Nicola Todorov, La Grande Armée à la conquête de l'Angleterre. Le plan secret de Napoléon, Paris, Vendémiaire, 2016, 295 p.).
Ана шундай шароитда Россия билан можарога боришни истамаган Наполеон уруш бошлашга мажбур қилинди.
Қўшинлар:
Катта АрмияНаполеон Россия юриши учун Европада бунгача тўпланмаган қўшин тўплади. Манбаларда қўшин сони ҳақида турлича маълумотлар келтирилган. Биз шулардан бирини олиш билан чекланамиз. Наполеон Россияга юриш учун 680 мингдан ортиқ кишилик армия тўплади (Napoléon Bonaparte et Thierry Lentz (Fondation Napoléon) (dir.) (préf. Marie-Pierre Rey), Correspondance générale, vol. 12 : La campagne de Russie, 1812, Fayard, coll. “Divers Histoire”).
Бу улкан армия таркибида 450 минг француз, 95 минг поляк, 90 минг немис, 25 минг италян, 12 минг швейцариялик, 4 800 испан, 3 500 хорват, 2 000 португал аскарлари бор эди. Буларга қўшимча нидерланд ва бельгияликлар контингенти ҳам бор эди. Ниэмен дарёсидан эса 440 минг кишилик армия кечиб ўтиб, Россия ҳудудига кирди. Баъзи маълумотларда Россия чегараси ва Россия ҳудудидаги империя кучлари умумий ҳисобда 771 500 кишини ташкил қилгани қайд этилган.
Россия қўшинлари
Мутахассисларнинг фикрича, Наполеон армиясига қарши чиқиши керак бўлган рус армияси сони камроқ бўлган. Франция империяси ҳукми остида бўлган Катта Варшава графлиги ҳудудига бостириб киришга тайёрлаб қўйилган 280 минг аскар чегарада жойлаштирилди. Умумий ҳисобда уруш бошланиши пайтида Россия армияси бир неча юз минг кишини ташкил қиларди. Ҳисоб-китоблар 350 мингдан, 710 минггачани кўрсатади. Бу асосан учта қўшинни ташкил қиларди:
- 160 мингга яқин кишилик қўшин, бунга Михаил Богданович Барклай де Толли қўмондонлик қиларди. Армия 500 та артиллерияга эга эди;
- Пётр Багратион қўмондонлигидаги 62 минг кишилик ғарбий армия. Уларда 162 та артиллерия бор эди;
- Учинчи армия эса Тормасов бошчилигидаги 58 200 кишилик армия эди
Москвага юриш
23 июнь 1812 йил Наполеоннинг куч билан тўплаган қўшини Россия чегараси яқинидаги Ниэмен дарёси бўйида турарди. Наполеон Петербургга охирги тинчлик таклифини юборди. Аммо жавоб бўлмагач, қўшинга Ниэменни кечиб ўтишни буюрди. Шундай қилиб 24 июнь куни Катта армия дарёни кечиб ўтиб Россия империяси ҳудудига кирди. Армия ҳеч бир қаршиликсиз ёки жуда кам қаршилик билан душман ҳудудида илгарилаб борди. Биринчи кирилган шаҳар Вилниус бўлди. Аҳоли уларни руслардан озод қилувчи халоскор дея эътироф этди.Шу ўринда русларнинг мазкур юришда ғаройиб тактикаси ҳақида гапириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бутун юриш мобайнида руслар фақат чекинди. Чекиниш мобайнида эса ҳар бир тарк этилган ҳудудни, шаҳарни вайрон қилиб келаётган душманга ҳеч вақо қолдирмади. Бундай тактика ҳарбий терминологияда «ёндирилган ер» тактикаси дейилади. Руслар французларни Россиянинг қиш жуда қаттиқ бўладиган ҳудудларигача кириб боришларига имконият яратиб берди.
Қаршиликка учрамаган Катта армия эса жуда тез ҳаракатланиб борди ва бу нарса Катта армия учун логистик муаммоларни келтириб чиқарди. Яъни қўшин учун зарур бўлган таъминот етиб келиши қийинлашди ва таъминот ортилган қисм жуда ортда қолиб кетди. Бундан ташқари, турли касалликлар ҳам қўшинга хавф солди. Тифус ва дизентериядан жуда кўплаб аскарлар касалланиб вафот этди.
28 июль куни Витебск эгалланди. Руслар чекинишда даво этди. Французлар эса уларни таъқиб этишда давом этди, аммо ҳамон жангдан дарак йўқ эди. Ниҳоят, французлар ва руслар ўртасидаги илк тўқнашув 17 август куни Смоленскда юз берди. Айнан шу куни Наполеон ҳужум қилиш ҳақида буйруқ берди. Смоленск уч метр қалинликдаги девор билан ўралган мустаҳкам шаҳар эди. Аммо шунга қарамай французлар бу ерда ҳам муваффақиятга эришди. Бефойда қаршиликдан чарчаган руслар эса яна шаҳарга ўт қўйиб унит арк этдилар. Таъқиб давом эттирилди. 19 август куни Валутинода жанг бўлди ва бу ерда ҳам Катта армиянинг қўли баланд келди.
Танқидларга учраган Барклай де Толли ўрнини эгаллаган бош қўмондон Кутузов 7 сентябрь куни Бородино қишлоғида ҳимоя истеҳкомини қурди. Шу куни французлар ва руслар ўртасида тарихда руслар томонидан Бородино, французлар томонидан Москва жанги деб номланган жанг бўлиб ўтди. Жангда икки томондан ҳам 120–130 мингдан одам қатнашди. Французларнинг 440 минглик қўшинидан бор ёғи 130 минг аскар қолган эди. Бир қисм Вилниус, бир қисм Витебск ва Смоленскда қолган, бир қисм шимолда жанг қилаётган бўлса, қолганлари кучли иссиқ, касаллик ва чарчоқ оқибатида вафот этди. Яна 130 минг аскар жанг майдонларини тарк этиб дезертир бўлди.
Жанг кун бўйи давом этди. Тунда руслар яна чекинди. 45 минг аскарини йўқотган руслар Мажаевск томонга қараб чекинди. Шу куни французларнинг 28 минг одами ҳалок бўлди ёки яраланди. Шу куни 120 минг марта тўплардан ўқ отилди. Ушбу жанг ҳам Россия юриши давомидаги энг муҳим ва энг даҳшатли жанглардан бири бўлди.
Руслар Москвага қараб чекинишда давом этди. Французлар эса таъқибда. Кутузов Москвага борадиган йўлни очиқ қолдиришга буйруқ берди ва аҳолини эвакуация қилди. Можайск ҳам ёқиб юборилди.
Бу пайтга келиб русларни фаол қисмларининг сони 904 минг кишига етди. Москва яқинида эса Бородинодаги мағлуб қўшиннинг қайта тикланган 100 минг кишилик армияси турарди.
13 сентябрь куни Кутузов йиғилиш ўтказди ва йиғилишда Москвани тарк этиш ҳақида қарор қабул қилинди. 14 сентябрь куни Наполеон бўшаб қолган Москвага кирди. Эртаси куни у шаҳар марказида шоҳлар саройи Кремлга ўрнашди.
Наполеон русларга тинчлик шартномаси таклиф қилди. Аммо Александр вақтдан ютишга ҳаракат қилди. Наполеон ҳам армиясини кучайтириш учун вақтдан ютишни кўзлаётган эди. Александр эса кучли совуқ Наполеон армиясини чекинишга мажбур қилади дея кутаётган эди.
Шундай шароитда руслар Москвага ўт қўйди. Деярли ёғочдан қурилган шаҳар 14-сентябрдан 18-сентябргача бутунлай ёниб кул бўлди. Оловни ўчиришга бўлган ҳаракат бесамар кетди. 20-сентябр кечга келиб гина олов ўзи ўчди. 4 минг тош, 7 минг ёғочдан қурилган уй ёниб кетди. 20 минг касаллар ва яраланганлар ушбу ёнғинда ҳалок бўлди.
Ортга қайтиш
18 октябрь куни Наполеон армияси ортга қайтишни бошлади. Шу куни генерал Кутузов армияси Йоаҳим Мюрат бошчилигидаги француз ва поляклардан иборат империя қўшини устидан Винковода ғалаб қозонди.Шундай шароитда харобага айланган шаҳарда қолишни истамаган Наполеон 19 октябрь куни Москвадан чиқди. Аммо қайтиш Наполеон армияси учун ҳақиқий совуқ жаҳаннамга айланди. Россиянинг қаттиқ совуғига русларнинг ҳужумлари ҳамроҳ бўлди. Кўплаб аскарлар козаклар ҳужумлари, қаттиқ совуқ, озиқ-овқат етишмаслигидан ҳалок бўлди. Отлар совуққа чидолмай ўлиб кетди. Аскарлар ўлган отларнинг гўштларини ейишга мажбур бўлди. Аскарлар йўл бўйи пиёда юришга мажбур бўлди. Ҳатто императорнинг ўзи ҳам баъзан аравасидан тушиб улар билан бирга пиёда юрарди.
Ҳаво ҳарорати -20 даражадан паст эди. Ҳатто Катта армия аскарлари орасида каннибализм ҳолатлари ҳам содир бўлгани ҳақида генерал Солтик ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган (Jacques-Olivier Boudon, Napoléon et la campagne de Russie : 1812, Armand Colin, 2012, 334 p.).
25 ноябрь куни қўшин Березина дарёси бўйига етиб келди. Дарё устига кўприк қурилиб аскарлар кўприкдан ўта бошлади. Етиб келган Кутузов қўшинларининг ҳужуми қайтарилди ва фақатгина касаллар ва кўприкдан ўтишни истамаган дезертирлардан бошқа барча қўшин дарёнинг нариги қирғоғига ўтишга муваффақ бўлди.
Декабрнинг бошларида Парижда генерал Малет давлат тўнтариши амалга оширди. Бундан хабар топган Наполеон 5 декабрь куни Вильнюсга кирмасдан Парижга жўнаб кетди. Ўрнида қолдириб кетган Мюрат эса Неаполни сақлаб қолиш мақсадида Италия вице қироли Наполеоннинг куёви Эжен де Боҳарнени ўз ўрнига қолдириб Вильнюсни тарк этди. Империянинг қолган аскарлари ҳам 14 декабрь куни Россия ҳудудини тарк этди.
Шундай қилиб деярли олти ой давом этган Россия юриши ниҳоясига етди ва бу урушдаги муваффақиятсизлик Наполеоннинг кейинги тақдирини амалда ҳал қилди. Икки йилдан сўнг Наполеон тахтдан туширилиб Элба оролига сургун қилинди. У ердан қайтиб келиб Ватерлоо жангидаги мағлубиятидан сўнг Муқаддас Елена оролига сургун қилинди ва ўша ерда вафот этди.
Бу уруш Россия учун «Улуғ ватан уруши» бўлди. Бутун Россия душманга қарши мардонавор курашди. Ушбу қаршилик ҳаракати миллий идентификацияни мустаҳкамлади ва XIX асрдаги рус патриотизмига асос солди. Рус ватанпарварлик ҳаракатининг билвосита натижаси шу бўлдики, кейинчалик бу ҳаракат мамлакатнинг модернизациясини истаган декабристлар ва 1917 йил инқилобларига замин яратди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)