Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фуқарога Қозоғистондаги ОТМда ўқиганлиги тўғрисида сохта маълумотнома олиб бериш ва уни Гулистон давлат университетига кўчириб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан пул ундирган шахс ушланди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, ўзини Гулистон давлат университети талабаси деб таништирган С.П., фуқаро З.А.дан шу мақсадда 6,7 миллион сўм ва 100 долларни олган вақтида департаментнинг Ховос туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, С.П.нинг кўрсатмаларига асосан тадбир давом эттирилганда Тошкент Давлат Аграр университети ассистент-ўқитувчиси А.У. «талаба» С.П.дан 6,2 миллион сўмни олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.П. ва А.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистондан ўқишни кўчириш эвазига 4 минг доллар олаётган Андижон давлат университетининг 2 ўқитувчиси қўлга олингани хабар берилган эди.