Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг олдини олиш учун ниқоб тақиш бўйича тавсияларига ўзгартириш киритди. Бу ҳақда 5 июнь, жума куни ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус брифинг вақтида маълум қилди. Янгиланган ҳужжат ташкилот сайтида эълон қилинган.

Фото: «Дарё»

Унга кўра, энди ЖССТ ниқобларни одамлар кўп тўпланиб, ижтимоий масофаланишга риоя этиш қийин бўлган жойлар, хусусан, жамоат транспорти ва дўконларда тақишни тавсия этмоқда.

Шунингдек, ниқобларни тақиш ижтимоий масофа сақлаш имкони бўлмаган жойларда, коронавирус кенг тарқалган ҳудудларда яшаётган сурункали касалликларга чалинган ва 60 ёшдан ошган одамларга тавсия этилмоқда.

Бундан ташқари, ЖССТ коронавирус билан оғриган беморлар билан ишлаган-ишламаганидан қатъи назар барча шифокорларга ниқоб тақишни тавсия қилмоқда.

Тедрос Гебрейесус, шу билан бирга, ниқоб тақишни коронавирусдан ҳимоя қилиш чораларининг бир қисми сифатида қаралиши лозимлигини, ниқоблар ўз-ўзидан COVID-19’дан ҳимоя қила олмаслигини таъкидлаган.

ЖССТнинг аввалги тавсияларида тиббий ниқобларнинг соғлом одамларни касалликдан самарали ҳимоя қилиши бўйича маълумотлар йўқлиги сабабли фақат касалланганлар тақиши кераклиги айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Ўзбекистонда 8 июндан бошлаб «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди. Ўзбекистонда ҳали карантин чекловлари бекор қилинмаганлигини инобатга олган ҳолда жамоат транспортида ҳаракатланиш вақтида йўловчилардан карантин талабларига қатъий амал қилиш сўралди.