Футбол агенти Пере Гвардиола «Манчестер Сити»ни бошқараётган акаси Хосеп Гвардиоланинг келажаги ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, Хосеп келажакда қайсидир миллий терма жамоада ишлашни орзу қилади.

Фото: Sky Sports

«Пеп қачондир миллий жамоани бошқаришни орзу қилади. Кўрамиз, келажакда нима бўлар экан. Аниқ таклиф бўлган вақтни тўғри баҳолай олиш зарур. Ҳозир бу ҳақда гапиришга эрта», — дейди Пере Гвардиола.

Маълумот ўрнида, Пеп Гвардиола фаолияти давомида «Манчестер Сити»дан ташқари «Бавария» ва «Барселона» клубларида устозлик қилган. У каталон клуби билан Ла Лига ва Испания Суперкубогида 3 мартадан, Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Испания Кубогида 2 мартадан зафар қучган. «Бавария»да 3 бор Бундеслигада, 2 бор Германия Кубогида, бир мартадан УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан бўлса, «шаҳарликлар» билан 2 мартадан Англия чемпионати ҳамда Суперкубогида, 3 бор Лига Кубоги ва 1 марта мамлакат Кубогида ғалаба қозонган.

Унинг «Манчестер Сити» билан амалдаги келишуви 2021 йилгача амал қилади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!